“Микрокредитбанк” паррандачиликка 635 млрд сўм кредит йўналтирди
Паррандачиликни қўллаб-қувватлаш орқали аҳолини арзон гўшт ва тухум маҳсулотлари билан таъминлаш мақсад қилинган.
“Микрокредитбанк” томонидан ўтган даврда паррандачилик хўжаликларига жами 221 та лойиҳа учун 635 млрд сўм кредитлар йўналтирилди. Бу ҳақда банк ахборот хизмати раҳбари Сарвар Очилов брифингда маълум қилди.
Президентнинг 2021 йил 14 июндаги “Паррандачиликни ривожлантириш ва тармоқ озуқа базасини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан “Микрокредитбанк”га йўналтирилган мақсадли маблағлар ҳисобидан паррандачилик хўжаликлари ва озуқа-ем маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарда мавжуд қувватларни тўлиқ ишга тушириш учун 24 ойгача бўлган муддатга айланма маблағ ажратиш ҳамда модернизация қилиш учун кредитлар ажратиб келинмоқда.
Натижада бугунги кунда мазкур корхоналарда ишлаб чиқариш қувватлари 41 фоиздан 86 фоизга етказилди.
Мисол учун, Тошкент вилоятидаги “UMID” МЧЖга фаолиятини кенгайтириш ва модернизация қилиш учун 75 млрд сўм кредит ажратиб берилди. Натижада, корхонада йилига 11,4 минг тонна парранда гўшти етиштириш қуввати яратилди (мавжуд қуввати 48 фоиздан 95 фоизга етказилди).
Жиззах вилоятидаги “SANGZOR-POULTRY” МЧЖга парранда ва озуқа сотиб олиш учун 10 млрд сўм кредит ажратиб берилди. Натижада, корхонадаги паррандалар сони 290 минг бошга етказилиб, йилига 84 млн дона тухум ишлаб чиқариш қуввати яратилди (мавжуд қуввати 46 фоиздан 83 фоизга етказилди).
Самарқанд вилоятидаги “JOMBOY NASLLI PARRANDA” МЧЖга айланма маблағларни тўлдириш учун 55 млрд сўм кредит ажратиб берилди. Натижада, корхонада паррандалар учун йилига 144 минг тонна омухта ем ишлаб чиқариш қуввати яратилди (мавжуд қуввати 41 фоиздан 93 фоизга етказилди).
Бундан ташқари, юқоридаги қарорга асосан бошқа тижорат банкларида хизмат кўрсатилаётган паррандачилик (озуқа) лойиҳалари учун қарийиб 96 млрд сўмлик маблағлар қайта молиялаштириш мақсадида йўналтирилди.
Шунингдек, аввал ажратилган кредитларнинг қайтиши ҳисобига 22 та паррандачилик лойиҳаларига 212 млрд сўм кредит маблағлари ажратилди.
Юқоридаги лойиҳалар тўлиқ амалга оширилиши эвазига йилига 711 млн дона тухум ва 63 минг тоннага яқин парранда гўшти етиштириш, 188 минг тонна тайёр озуқа маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватлари яратилади.
Аҳолини арзон гўшт ва тухум маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида паррандачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий механизмлари ҳам яратилган.
Мисол учун, 2022 йил 15 июндаги “Паррандачилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорига асосан паррандачилик хўжаликлари ва парранда омухта еми ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларига дон захираси яратиш учун 71 млрд сўм кредитлар ажратилди.
Бундан ташқари, қарорга мувофиқ банкка келиб тушган аризаларга асосан 166 та паррандачилик хўжаликларининг 335 млрд сўмлик кредитларини қайтариш муддатлари 24 ойдан 84 ойгача узайтириб берилди.