platina.uz

Иқтисодиётдаги прогнозлар ва кутилмалар эълон қилинди

Ҳисобот лойиҳасига кўра, 2025 йил якунлари бўйича Ўзбекистон давлат қарзи 45,1 миллиард долларга етиши (ЯИМга нисбатан 36,7 фоиз) мумкин. 

Иқтисод
19 ноябрь, 20:33
Иқтисодиётдаги прогнозлар ва кутилмалар эълон қилинди

Геосиёсий кескинликлар, глобал иқтисодий ўсиш суръатларининг секинлашуви ва юқори инфляция шароитида Ўзбекистон иқтисодиётининг реал аҳволи қандай? Яқинда эълон қилинган “Фуқаролар учун бюджет” нашрининг кейинги йил учун ишлаб чиқилган лойиҳасида бу борадаги прогнозлар ва кутилмалар билан танишиш мумкин.

Жумладан, 2025 йилда консолидациялашган бюджет дефицити 49,3 трлн сўм (ЯИМга нисбатан 3,0 фоиз), 2026-2027 йиллардаги мўлжалларда мос равишда 55,5 трлн сўм (ЯИМга нисбатан 3,0 фоиз) ва 64,1 трлн сўм (ЯИМга нисбатан 3,0 фоиз) миёқсида бўлиши прогноз қилинмоқда.

Хусусан, келаси йилда давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг даромадлари ва харажатлари ўртасидаги салдо фарқи 32,4 трлн сўм миқдоридаги дефицит билан ифодаланади. Ташқи қарз ҳисобидан давлат дастурлари борасидаги дефицит эса 18,8 трлн ҳажмида бўлиши кутиляпти.

Режалаштирилган харажатларни қоплаш учун етмайдиган маблағни (49,3 трлн сўм) ва 46,1 трлн сўм миқдоридаги асосий қарзни қоплаш учун эса халқаро молия институтларининг кредитлари ва евробондлар чиқариш (38,3 трлн сўм), давлат мақсадли дастурларини амалга ошириш учун қарзлар олиш (18,8 трлн сўм) каби ташқи манбалардан, шу билан бирга, давлат ғазначилик облигацияларини чиқариш (25,2 трлн сўм), давлат активларини хусусийлаштириш (10 трлн сўм), аввалги йилларда берилган бюджет ссудаларининг қайтиши (3,1 трлн сўм) каби ички манбалардан (жами 57,1 трлн сўм, манбаларнинг 60 фоизи) фойдаланиш кўзда тутилган.

Умумлаштирадиган бўлсак, ташқи манбалар жами 38,3 трлн сўм (40%), ички манбалар эса 57,1 трлн сўм (60%) миқдорида бўлиши маълум қилинган.

Ҳисобот лойиҳасига кўра, 2025 йил якунлари бўйича Ўзбекистон давлат қарзи 45,1 миллиард долларга етиши (ЯИМга нисбатан 36,7 фоиз) мумкин.

2024 йил якуни бўйича ҳисоб-китоблар эса давлат ташқи қарзи жорий йилдап 33,9 млрд доллар (ЯИМга нисбатан 30,3 фоиз), 2025 йилда 39,4 млрд доллар (ЯИМга нисбатан 32,1 фоиз) бўлиши кутиляпти.

Аввал ҳам маълум қилганимиздек, жорий йилда ташқи қарз олиш чегараси 5 млрд долларни ташкил этган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 5,5 млрд долларгача оширилади. Ушбу маблағнинг 3 млрд доллари давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга, 2,5 млрд доллари эса инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилади. Кейинги йилда Ўзбекистон номидан 30 трлн сўмлик давлат қимматли қоғозлари чиқарилиши ҳам режалаштирилмоқда.

Ҳисоб-китобларга кўра, келаси 3 йилда Ўзбекистон давлат қарзи 40 фоиздан ортиши мумкин. Жумладан, жорий йил охирида мазкур кўрсаткич 39,7 млрд долларга, 2027 йилнинг якунига бориб эса 55,9 млрд долларни ташкил этади.

Умуман олганда, айни пайтда Ўзбекистон иқтисодиёти барқарорлигича қолмоқда. Прогнозларга кўра, 2025 йилда иқтисодий ўсиш суръати 6 фоизни ташкил этади. Бу кўрсаткич 2026 йилда 6,1 фоизга, 2027 йилда эса 6,3 фоизга етиши кутилмоқда.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+