Парламентда мухолифатни жонлантириш керак – Шавкат Мирзиёев
Президент Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг сайловдан кейинги биринчи мажлисида шу ҳақда гапирди.
Шавкат Мирзиёев парламентда мухолифатни жонлантириш зарурлигини айтди. Президент бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг сайловдан кейинги биринчи мажлисида қатнашди.
Бунинг учун давлат раҳбари парламентдаги мухолифатга кафолатланган ҳуқуқлари сонини 3 тадан 6 тага ошириш, 1 нафар қўмита раиси ва 2 нафар қўмита раиси ўринбосари лавозимларини кафолатли эгаллаш, ҳар чоракда “Ҳукумат соати” ва парламент сўрови доирасида камида биттадан масала киритиш каби қўшимча ҳуқуқлар беришни таклиф қилди.
"Сайловлардаги соғлом рақобат, мухолиф фикрлар кураши парламентга кўчиб ўтса, бу албатта халқ манфаатларига мос қонунлар ишлаб чиқилишига хизмат қилишига ишонамиз", деди президент.
Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, сайловлар тўлиқ очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик муҳитида ўтгани, қўлланган замонавий технологиялар ҳам бу жараёнда муҳим рол ўйнаган. Жумладан, сайловнинг барча босқичлари тўлиқ рақамлаштирилиб, “Э-сайлов” ахборот тизими жорий қилинди. Овоз бериш жараёнларини онлайн кузатиш имкони яратилди, илк бор электрон овоз бериш синовдан ўтказилди.
Сайловларни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги каби 13 та нуфузли халқаро ташкилот, 40 дан зиёд давлатдан 850 нафар хорижий ва 65 мингдан зиёд маҳаллий кузатувчилар, оммавий ахборот воситаларининг мингдан ортиқ вакиллари кузатиб борди.
Давлат раҳбари парламент фаолиятида ютуқлар билан бирга эътибордан четда қолган масалалар ҳам бўлганини ҳам қайд этди. Хусусан, тўғридан-тўғри ишлайдиган ва аниқ ижро механизмларига эга қонунлар улуши камлигича, парламент ва депутатлик назорати ижтимоий соҳа билан чекланиб қолмоқда.
"Депутатларнинг сайлов округидаги фаолияти асосан учрашувлар ташкил этиш, шикоят ва саволларга расмий жавоб беришдан иборат бўлиб қолмоқда. Мисол учун, ислоҳотларнинг муҳим қисми бўлган камбағалликни қисқартириш масаласида депутатларимиз ҳали ўз ўрнини топа олгани йўқ.
Сўнгги йилларда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва минтақа доирасида бир қатор йирик ташаббуслар илгари сурилди. Ана шу ташаббусларнинг моҳияти ва аҳамиятини халқимизга етказишда депутатларда, афсуски, фаоллик етишмаяпти", дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Сўнгги пайтларда уй-жой қуриб беришни ваъда қилган қурувчи ва унга ишониб сармоя киритган аҳоли ўртасида низолар кўп учраяпти. Шунинг учун аҳоли ва кенг жамоатчиликнинг фикрини ўрганиб, эскирган уйлар ўрнида замонавий кўп қаватли уй-жойлар қуриш учун “Реновация тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш кераклиги таъкидланди.
Шунингдек, тиббий хизматлар сифатини ошириш, ажратилаётган маблағлар ўз эгасига етиб боришини таъминлаш учун мажбурий тиббий суғурта тизимини қонун билан мустаҳкамлаб қўйиш алоҳида айтилди. “Хусусий мактаб ва боғча қураман”, деган инвесторларни қўллаб-қувватлаш, уларга янада кенг шароитларни яратиб бериш масалаларига эътибор берилди.