platina.uz

Нега Эронда исломни тарк этишмоқда?

Кўпинча давлат билан боғлиқ шиа руҳонийлари кўпчилик томонидан иккиюзламачилик ва бузуқлик рамзи сифатида кўрилади. Зоҳидлик ва маънавиятни тарғиб қилувчи раҳбарларнинг ўзлари дабдабада яшайдилар, бу эса аҳолининг норозилигига сабаб бўлади.

Таҳлил
18 ноябрь 2024 йил
Нега Эронда исломни тарк этишмоқда?

Охирги пайтларда асосан Ғарб ОАВларида Эрон ва қисман Ироқдаги шиа мусулмонларнинг ўз динидан воз кечаётганига урғу берилган хабар ва мақолалар, ижтимоий сўровнома натижалари кенг тарқатилмоқда. Ҳатто ижтимоий тармоқларда динлар тарқалиши борасидаги мақола постларга ёзилган изоҳларда ўзларини эронлик ёки ироқлик деб атаган профиллар номидан “Эронда бу қадар кўп мусулмон йўқ, масалан, мен ўзимни мусулмон ҳисобламайман” қабилидаги изоҳлар кўпайган. “Яқин Шарқ мамлакатлари содиқ мусулмон бўлиб қолмоқда”, деган стереотипдан фарқли ўлароқ, айрим тенденциялар бу мамлакатлар шиа аҳолисининг бир қисми ўртасида анъанавий диндан умидсизлик даражаси ошиб бораётганини кўрсатмоқда.

Шиалар исломни тарк этишаётгани нақадар ҳақиқат?

Баъзи маълумотларга ишонадиган бўлсак, Эрон ва Ироқдаги шиа мусулмонлари орасида ҳақиқатдан ҳам Исломдан узоқлашиш тенденцияси мавжуд. Аммо шуни ҳисобга олиш керакки, аниқ рақамлар ва статистик маълумотларни олиш, фактчекинг ўтказиш қийин, чунки Исломни тарк этаётганларнинг кўпчилиги таъқиблар ёки ижтимоий четланиш қўрқуви туфайли бу ҳолатни пинҳон тутишади. Давлат идоралари эса фақат расмий маълумотлар бериш билан чекланади.

Фактлар ва рақамлар

GAMAAN (Эрондаги муносабатларни таҳлил қилиш ва ўлчаш гуруҳи) томонидан 2020 йилда 50000 эронлик орасида ўтказилган ижтимоий сўров натижаларига кўра, эронликларнинг тахминан 47 фоизи (деярли ярми) диндан воз кечишганини билдиришган, Бу анъанавий ислом таъсири сезиларли даражада пасайганини кўрсатади.

Худди шу тадқиқотга кўра, эронликларнинг 32 фоизи шиа мусулмонлари, бу расмий ҳукумат маълумотларидан анча паст, 22 фоизи эса ҳеч қандай динга алоқаси йўқ, 8 фоизи ўзини зардуштий, 5 фоизи сунний мусулмон ва 9 фоизи атеист деб таърифлайди.

Эрондаги диний ранг баранглик ҳақидаги график. (GAMAAN талқинида)

Бироқ, шу ўринда GAMAAN мустақил нодавлат ташкилоти Нидерландияда фаолият кўрсатаётгани, бу ташкилотга Нидерландиянинг Тилбург шаҳрида таҳсил олган доктор Аммар Маликий асос солганини ҳам қайд этиш жоиз.

ОАВларда араб давлатларида ҳам худди шундай тенденциялар, айниқса, ёшлар орасида сезилаётгани маълум қилинмоқда. Бу давлатларда 25 минг киши орасида ўтказилган сўровлар натижасида, 2019 йилда ўзларини динсиз деб ҳисоблайдиганлар улуши 2013 йилга нисбатан 8 фоиздан 13 фоизга ўсгани аниқланган. Ҳатто зардуштийлар ва атеистлар ўзларини расман тан олишларини ва жиноятчи сифатида таъқиб этмасликларини талаб қилишмоқда. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, агностиклар, атеистлар ва расмий диндан ҳафсаласи пир бўлганлар, айниқса, ИШИД билан уруш воқеалари, “рангли инқилоблар”, диктаторларнинг ағдарилиши, турли диний можаролар ва давом этаётган сиёсий беқарорликдан кейин кўпайган.

Open World маълумотларига кўра, Эронда, масалан насронийлар сони ҳар йили 20 фоизга кўпаймоқда. Айни пайтда форсча сўзловчи насронийлар учун 1000 дан зиёд черков мавжуд ва она тили форс тили бўлган насронийлар сони 200 минг кишидан ошган.

Диндан чиқишни қўллаб-қувватловчи субъектлар

Эронда Исломни тарк этган эронликларни қўллаб-қувватловчи "Собиқ мусулмон эронийлар" (Ex-Muslim Iranians) ҳаракати мавжуд. У ижтимоий тармоқларда фаол бўлиб, шиа диний элитаси ва давлат тузумидан кўнгли қолганларни ўз “бағрига” олади.

Ироқда, Саддам Ҳусайн режими қулаганидан ва ундан кейинги йиллардаги динлараро зўравонликлар, ИШИДнинг қўпорувчиликларидан сўнг, кўплаб ёш шиаларнинг умид ва барқарорлик манбаи сифатида диндан кўнгли қолгани иддао қилинади. Вазият диний етакчиларга ишончни сусайтирадиган коррупция, иқтисодий қийинчиликлар ва сиёсий беқарорлик натижасида янада мураккаблашган.

Инстаграмдаги "Эрондаги собиқ мусулмонлар" номли аккаунтлардан биридаги пост. "Мени Рамазон ойи билан табрикламанглар, муборак ойда қилган тоат-ибодатларинг қабул бўлсин, деманглар, чунки мен на Рамазонни танийман, на бу ойда тоат ибодат қиламан", деб ёзилган.

Исломдан умидсизликка тушиш сабаблари

1. Диний элита ва иккиюзламачилик. Тарқатилаётан маълумотларга кўра, Эронда кўпинча давлат билан боғлиқ бўлган шиа руҳонийлари кўпчилик томонидан иккиюзламачилик ва бузуқлик рамзи сифатида кўрилади. Зоҳидлик ва маънавиятни тарғиб қилувчи раҳбарларнинг ўзлари дабдабада яшайдилар, бу эса аҳолининг норозилигига сабаб бўлади. Айниқса, шиалар орасида суннийликда ножоиз бўлган вақтинча (қисқа муддатли) мутъа (ёки сийға) никоҳининг фоҳишалик учун асос қилиб олингани, Теҳрон кўчаларида “шиа-мулла”лари “никоҳ уйлари” очиб, аслида қўшмачилик билан шуғулланаётгани ҳақида далиллар мавжуд. Бундай ҳолат ҳам шиа-мусумлонларининг “бургага аччиқ қилиб, кўрпани куйдириши”, яъни шиаликдан юз ўгиришига сабаб бўлмоқда.

Ҳатто Эрон ҳукумати мамлакатда фоҳишаликнинг кўпайиб кетганидан хавотирга тушиб, ҳеч булмаса 1 ойлик мутъа никоҳларини тарғиб этаётгани айтилади.

2. Диннинг сиёсийлашуви. Эрон ва Ироқда шиа кимлиги сиёсат билан чамбарчас боғлиқ. Кўпгина ёшлар учун диний нутқ манипуляция ва назорат қилиш усули бўлиб туюлади. Мисол тариқасида 2019 йилда Ироқдаги намойишлар бўлиб, унда ёш намойишчилар дунёвий давлат қуришга чақирган ва диний партияларни танқид қилган.

Эронда эса ҳижобни нотўғри ўрагани учун қўлга олинган Маҳса Аминийнинг вафот этгани ҳам нафақат ғалаёнлар келтириб чиқарди, балки эронлик ёшларда нафақат ҳукуматга, балки исломга нисбатан норозилик кайфиятини уйғотди. Зеро, аҳоли мансабдорларни дин билан боғлаб тасаввур қилади. Ноқислик динда эмас, шахсларда эканини англашни истамайди, эҳтимол.

3. Иқтисодий вазият. Иқтисодий қийинчилик, юқори ишсизлик ва коррупция адолат ва фаровонлик ҳақидаги диний ваъдалар бажарилмайди. Кўпчилик дунёни тушунтириш ва муаммоларини ҳал қилишнинг муқобил усулларини излай бошлайди.

4. Маданий таъсир ва глобаллашув. Интернет, ижтимоий тармоқлар ва ахборотга кириш танқидий фикрлашни ва дунёни кенгроқ тушунишни ривожлантиради. Ёшлар анъанавий диний қарашларга кўпроқ шубҳа билан қарайди ва жавобларни диндан ташқарида кўпроқ излайдил.

Интернетда Эронда исломни тарк этаётганлар кўплигини иддао қилувчи шарҳлардан бири. "Ислом кўпчилик эронликлар учун қалб ва ақл эътиқоди эмас. Мен сиз тасаввур қилганингиздан ҳам кўпроқ кўплаб собиқ эронликлар мусулмонларни биламан...", деб ёзилган.

Умуман олганда, Исломни тарк этаётганлар кўпинча динни замонавий дунё билан боғлиқ кўплаб масалаларни мантиқий тушунтириш сифатида кўрмасликларини таъкидлайдилар. Бошқалар эса ислом дини шиа руҳонийлари талқинида сиёсий қуролга айланиб, маънавий маъносини йўқотганини таъкидлайдилар. Кўпчилик диний етакчилар берган ваъдалардан кўнгли қолганини ва адолатли жамиятга эришиш учун диний урф-одатлар зарурлигига ишонмай қолганини айтади.

Бошқаларнинг муносабати

Маълумки, мусулмон жамияти ичида исломни тарк этганларни консерватив мусулмонлар муртад деб ҳисоблайди ва қаттиқ жазоланишини талаб қилади. Айни пайтда айрим мусулмонлар буни уйғониш чақириғи ва Ислом ичидаги ислоҳотларга ундаш белгиси, деб ҳисоблайди.

Халқаро майдонда. Ғарб давлатларидаги номусулмонлар кўпинча бу ҳодисани “зулмдан қутулиш” белгиси сифатида қўллаб-қувватлайди. Диний эркинлик ва исломни тарк этганларнинг ҳуқуқларини қўллаб-қувватловчи кўплаб халқаро ташкилотлар мавжудлиги ҳам бунинг исботи.

Шариат ва Эрон ҳамда Ироқ қонунларида муртадлар учун жазолар

1. Шариат. Анъанавий шариатга кўра, муртадлик (иртидод) оғир жиноят ҳисобланади. Сунний ва шиа фиқҳ мактабларида жазо қамоқдан ўлимгача бўлиши мумкин. Бироқ талқинлари турлича ва камроқ қатъий чоралар таклиф қиладиган мактаблар ҳам мавжуд.

2. Эрон қонунлари. Эронда Исломдан четга чиқиш ўлим билан жазоланиши мумкин. Бироқ, бундай ҳолатлар кўпинча ёпиқ эшиклар ортида кўриб чиқилади ва камдан-кам ҳолларда жамоатчиликка маълум бўлади. Бунга мисол қилиб, муртадлик учун ўлимга ҳукм қилинган насроний пастори Юсуф Надарханий ҳодисасининг Ғарбда қаттиқ қоралангани келтириш мумкин.

Интернетда ва ижтимоий тармоқларда эронликларнинг Исломдан воз кечаётгани ва Насронийлик динига ўтаётгани ҳақидаги материаллар жуда кўп.

3. Ироқ қонунлари. Ироқда қонунлар унчалик қаттиқ эмас, лекин ижтимоий босим ва радикал гуруҳларнинг зўравонлик таҳдиди диндан ошкора қайтишни хавфли қилади. Расмий равишда, мамлакат қонунлари шариат ва дунёвий ҳуқуқ элементларини ўз ичига олган аралаш тизимга асосланади, бироқ ижтимоий босим муҳимлигича қолмоқда. Айни пайтда Ироқда давлат тепасига келган шиалар аёлларнинг никоҳ қуриш ёшини 9 ёшга пасайтиришга уринаётгани ҳам айрим шиаларга салбий таъсир қилиши табиий.

Шамол қаёққа эсмоқда?

Катта эҳтимол билан, Эрон ва Ироқдаги шиаларда, айниқса, ёш авлодда исломдан юз ўгириш ва динга танқидий муносабат тенденцияси кучайиши мумкин. Глобаллашув, интернет ва диний элитадан умидсизликнинг кучайиши бу жараёнга ёрдам беради. Шу билан бирга, расмийлар, хусусан, Эронда ўз динидан қайтганини очиқ ифода этганларга нисбатан босимни кучайтириши, бу эса ижтимоий кескинликни кучайтириши мумкинлиги кутилмоқда.

Узоқ муддатли истиқболда бу Эрон ва Ироқ каби исломий мамлакатларда дунёвий давлат учун ҳаракатларнинг кучайишига ёки ҳеч бўлмаганда юмшоқроқ диний ислоҳотларга олиб келиши мумкин. Аммо бу жараён узоқ давом этади ва кўплаб зиддиятлар ва ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан боғлиқ бўлади.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+