platina.uz

Гигантлар жанги: Marvel Comics вa DC Comics

Улар саҳна ортидаги урушни тўхтатмай, бир-бирларининг ресурсларидан фаол фойдаланмоқда. Бу эса бозорни яхшироқ қамраб олиш учун бевосита рақобат хавфини камайтириш имконини беряпти.

Мақола
16 ноябрь, 19:17
Гигантлар жанги: Marvel Comics вa DC Comics
Фотоколлаж: Platina.uz

Суратли ҳикоялар – комикслар ва кино бозорининг энг йирик ўйинчиларидан бўлган Marvel ва DC Comics кўп йиллар давомида бутун дунё бўйлаб мухлислар қалби учун рақобатлашмоқда. Уларнинг рақобати комикслар, кино, телевидение, анимация ва, албатта, поп-маданият соҳаларини қамраб олади.

DC Comics

DC Comics 1934 йилда ташкил этилган ва Супермен, Бэтмен ва Мўъжиза-аёл каби супер қаҳрамонларни ўйлаб топиб, оммавий маданиятга киритган медиа контентлар манбаи сифатида танилган.

1934 йилда майор, журналист ва тадбиркор Малколм Уилер-Николсон National Allied Publications нашриётига асос солган эди. (Кейинчалик у DC деб номланади). Уилер ишни юмористик ва драматик контентни ўзида мужассам қилган, New Fun номли 36 бетлик тасвирий ҳикоялар антологиясини нашр қилишдан бошлади. Кейинчалик бу ёшлар ўртасида комиксларнинг кенг оммалашувига сабаб бўлади. Мазкур туркумдаги суратли китобчаларнинг 6-сонидан бошлаб, Суперменнинг бўлажак ижодкорлари – Жерри Сигел ва Жо Шустер New Fun’да ишлай бошлайди.

1937 йил Detective Comics, Inc компанияси ташкил топди. Кейинчалик унинг номи қисқартирилган тарзда DC comics деб атала бошлади.

DC Comics бош қароргоҳи аввал Ню-Йорк шаҳрида жойлашган эди, 2015 йилда Калифорниянинг Бёрбанкига кўчирилди.

1969 йилда компания йирик киностудия – Warner Bros. томонидан сотиб олинди. Ўшандан буён DC comics мазкур киностудия кўмагида медиабозорда ўз мавқеини мустаҳкамлаб, суратли ва киномаҳсулотларини тақдим этиб келмоқда.

DC Comics Супермен, Бэтмен, Мўъжиза-аёл, Флэш, Aквамен, Шазам, Киборг, Марс овчиси, Яшил найза, Лочин одам, Қора Одам, Aтом, Суперқиз, Мушук аёл ва бошқа кўплаб таниқли қаҳрамонларни илгари суриб келади. DC оламида, шунингдек, “Aдолат лигаси”, “Ёш титанлар”, “Муҳофизлар”, “Худкушлар гуруҳи” каби жамоалар мавжуд. Энг машҳур ёвуз персонажлар орасида эса Жокер, Ҳарли Куинн, Топишмоқчи, Экинзор қўриқчиси каби қаҳрамонлар ҳам оммага маълум.

Marvel Comics

Marvel Comics (инглизча – “мўъжиза” сўзидан) – Aмерика комикслар нашриёти бўлиб, The Walt Disney Company медиа-конгломератининг шуъба корхонаси ҳисобланади. Компания бош қароргоҳи AҚШнинг Ню-Йорк шаҳрида жойлашган.

Marvel компанияси "Фантастик тўртлик", "Икс одамлар", "Қасоскорлар", "Галактика қўриқчилари", "Ўргимчак одам", "Росомаха", "Темир одам", "Капитан Aмерика", "Тор", "Халк", "Дедпул", "Доктор Стрэнж", “Қора пантера”, “Чумоли одам”, “Ари одам”, “Қора мушук”, “Мисс Marvel”, “Капитан Marvel”, “Веном”, “Арвоҳ пойгачи”, “Блэйд”, “Қора бева” каби туркум комикслари билан машҳур. Ундаги кўпчилик қаҳрамонлар “Ер-616” деб номланган тўқима оламда яшайди.

1939 йилда “сариқ” (булвар) асарлар нашриётчиси Мартин Гудман Timely Publications компаниясига асос солди. Гудман аввал вестернларни чиқариш билан шуғулланди, бироқ комиксларнинг оммалашиб бораётганини кузатиб, “тренд”дан четда тургиси келмади.

Гудман шу йили октябр ойида Marvel Comics №1 журналини чоп этди. Унда Машъала-одам ва Нэмор – сув ости денгизчиси қаҳрамонлари илк марта ўқувчиларга таништирилди. Marvel суперқаҳрамонларининг келиб чиқиши афсоналар билан эмас, балки илм-фан ва технология билан боғлиқ эди. Масалан, Машъала-одам – бу инсон томонидан яратилган андроид дея тақдим этилган.

1961 йил Marvel Comics бренди пайдо бўлди. У биринчи марта “Фантастиcтик тўртовлон” комикслари саҳифаларида қўлланилди. Сериал одатий суперқаҳрамонликни қайтадан кашф қилди: қаҳрамонлар уришади, севиб қолади, жанжаллашади, ташвишланади – бир сўз билан айтганда, улар ўзларини оддий одамлар каби тутади. Бунинг учун Стэн Ли тахаллуси билан танилган ёзувчи ва муҳаррир Стэнли Либердан миннатдор бўлишимиз керак. 1960-йилларда комиксларни ўқиш фақат болаларга хосликдан чиқиб, ўсмирлар ва ўрта ёшдагиларни ҳам ўзига жалб қила бошлади. Бу эса Marvel бозорини гуллатди.

1960-йилларда DC comics ўзига рақобатчилар кўпайиб қолганидан хавотирга тушди. DC муҳаррирлари рақобатчилар муваффақиятининг сабабларини билиш учун Marvel комиксларини синчковлик билан ўрганишга киришди. Шунга қарамасдан, DC рақобатчи асарларидаги сюжетлар ёки персонажлар суратининг чизилиш услубларига эътибор бермасдан, комикслардаги қизил ранг миқдори ва матнли муқовадаги “ҳаво” – бўш жойлар каби арзимас майда-чуйдаларга диққат қаратар эди (улар суратларнинг психологик таъсирига эътибор қаратишган – муаллиф). Стэн Ли бундан хабар топиб, атайлаб қизил ранг миқдорини камайтириш орқали DCни яширинча масхара қилди.

1964 йилга келиб, ушбу икки йирик комиксчи бир-бирини зимдан кузатишга тушди. Улар орасида ўзига хос саноат жосуслиги шакллана бошлади. Масалан, Marvel компанияси Мўъжиза-эркакни тақдим этди. Бу DC comics’ни ғазаблантирди, чунки уларда Мўъжиза-аёл қаҳрамони бор эди. Бир-биридан кўчириш, муваффақиятли тактика ва услубларни кўчириш одатий ҳолга айланиб қолди ва бу давом этмоқда.

Лекин ноширлар "суперқаҳрамон" сўзидан фойдаланишда якдил келишувга эришди. Бу сўз DC учун ҳам, Marvel учун ҳам рўйхатга олинган савдо белгиси ҳисобланади.

Ҳозиргача бундай келишув, кўчирмакашлик ва ҳамкорликлар давом этиб келмоқда. Улар саҳна ортидаги урушни тўхтатмай, бир-бирларининг ресурсларидан фаол фойдаланмоқда. Бу эса бозорни яхшироқ қамраб олиш учун бевосита рақобат хавфини камайтириш имконини беряпти. DC ва Marvel энди қандай мавзулар ва қаҳрамонлар ўқувчиларни қизиқтиришини яхши билишади ва истеъмолчилар талабларига мослашиб боришмоқда.

Молиявий кўрсаткичлар ва касса тушумлари

Marvel ва DC охирги 20-30 йилликда комикслардан кўра видеомаҳсулотларга қизиқиш кучайганини ҳам кўздан қочиришмади. Уларнинг фантастик қаҳрамонлари ва сюжетлари энди кинофилм, сериал ва мултфилмларга кўчган. Бу уларга яхшигина фойда келтиряпти.

DC бренди 1969 йилда Warner Bros.тасарруфига ўтган бўлса, Marvel 2009 йилда The Walt Disney Company томонидан 4,24 млрд долларга сотиб олинди. Ҳар икки компания ҳам кенг молиявий, маркетинг ҳамда ижодий имкониятларга эга компанияларга таянган ҳолда ўз кино оламларини фаол ривожлантира бошлаган.

Масалан, 2008 йилдан “Темир одам”ни саҳналаштиришдан старт олган Marvel филмлари жаҳон прокатида 29 млрд доллардан зиёд даромад келтириб, киноматография тарихидаги энг муваффақиятли франшиза мақомини эгаллади.

Marvel’нинг энг кўп даромад келтирган филми “Қасоскорлар: Финал” (2019) лойиҳаси бўлди. Ушбу кинофилм 2,798 млрд доллар йиғиб, Жеймс Кэмероннинг “Aватар” филми рекордини янгилади.

DC Comics’нинг кино олами кенг оммага расман тақдим этилгач, 2013 йилда дунё юзини кўрган “Темир одам” филмидан сўнг, DC филмлари компанияга қарийб 6 млрд доллар даромад келтирди. Энг муваффақиятли DC фильми 2018 йилда прокатга чиқарилган “Aквамен” бўлиб, у 1,148 млрд доллар йиғиб, 1 млрд долларли чегарадан ўтган ҳозирча ягона DC фильмига айланди.

Муваффақият сирлари

Кўпгина мутахассислар Marve’lнинг муваффақиятлари изчиллик ва режалаштириш туфайли юзага чиққани тан олишади. Ушбу компания филмлари бир-бири билан узвий боғланган бўлиб, бу ягона қисса туйғусини юзага келтиради ва ҳар бир янги лойиҳага алоҳида қиймат бағишлайди.

Бошқа томондан, танқидчилар DC Comics компанияси Бэтмен ва Жокер каби ёвузроқ ва мураккаброқ персонажлар билан яхшироқ ишлай олишини эътироф этишади. DC филмлари мавзуга ҳар доим жиддий ёндашган ва бу мураккаб сюжетли ҳикоялар ва мураккаб қаҳрамонларни ёқтирадиган томошабинларни ўзига жалб этиб келган.

Умуман олганда, Marvel Comics вa DC Comics компаниялари ўнлаб йиллардан бери рақобатлашиб келаётганига қарамасдан, ўзларининг кучли томонларига эга ва уларнинг бир соҳада ижод қилиши кўнгилочар медиа саноатни бойитадиган хилма-хилликни таъминлаб беради. Энг муҳими, улар ўзаро рақобат таъсирида доимий изланиш ҳамда такомиллашувдан, аудитория ҳамда замон кайфияти ва талабларига мослашувдан тўхтаб қолгани йўқ. Бу эса томошабинлар ва ўқувчилар ҳали узоқ йиллар қизиқарли, фойдали ва сифатли медиа контентдан баҳраманд бўлаверишади, деганидир.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+