"Юрак-қон томир касалликлари ва саратонни ривожлантиради": мутахассислар колбаса ва сосискалар бўйича огоҳлантирди
Бундай маҳсулотлар уч ёшгача бўлган болалар учун тавсия этилмайди. Қайта ишланган гўшт маҳсулотларида мавжуд бўлган натрий нитрит нафас олиш тизимига таъсир қилиши мумкин.
Қайта ишланган гўшт маҳсулотлари, жумладан колбаса, сосиска ва гўштли пасталар кўп миқдорда ёғ ва тузни ўз ичига олади. Улар юрак-қон томир касалликлари ва саратон ривожланиш хавфини оширади.
Бундай маҳсулотлар уч ёшгача бўлган болалар учун тавсия этилмайди. Мутахассислар РБК Life'га колбаса маҳсулотларининг хавфлилиги ҳақида гапириб беришди.
Қайта ишланган гўшт маҳсулотларида мавжуд бўлган натрий нитрит нафас олиш тизимининг ишига таъсир қилиши мумкин.
Педиатр, тиббиёт фанлари номзоди Элмира Каширина колбаса ва сосискаларда кўпинча ёғ ва тузнинг катта миқдори борлигини эслатди. Ҳайвон маҳсулотларида тўйинган ёғларни кўп истеъмол қилиш юрак-қон томир касалликларини ривожланиш хавфини оширади, деди у.
Шифокорнинг аниқлик киритишича, қайта ишланган гўшт маҳсулотлари таркибидаги катта миқдордаги туз консервантлар билан биргаликда иссиқлик билан ишлов бериш жараёнида нитрозаминлар ҳосил бўлишига ёрдам беради.
Нитрозаминлар нитритлар ва нитратлар аминокислоталар билан реакцияга киришганда ҳосил бўладиган кимёвий бирикмалардир. Нитрозаминлар гўштда ҳосил бўлиши мумкин, айниқса уни сақлаб қолиш ва бактериялар ўсишини олдини олиш учун нитритлар билан ишлов берилган бўлса. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти нитрозаминларни канцерогенлар сифатида белгилайди.
Парҳезшунос Элена Соломатина колбаса истеъмол қилишнинг яна бир хавфли оқибати ҳақида гапирди. Уларда мавжуд бўлган натрий нитрит нафас олиш тизимининг ишига таъсир қилиши мумкин.
"У тўқималарнинг кислород билан таъминланишини бузади. Бошқача айтганда, у гемоглобинни метагемоглобинга, яъни фаол бўлмаган шаклга айлантиради. Бу нафас олиш муаммоларига олиб келади. Ошқозон ширасининг таъсири остида натрий нитрит нитрозаминларга айланади, улар аниқ канцероген таъсирга эга, - деди Соломатина.
Қайта ишланган гўшт маҳсулотларини истеъмол қилишнинг рухсат этилган даражаси ойига бир ёки икки мартагина холос.
Доктор Соломатинанинг таъкидлашича, бир марта истеъмол қилинган колбаса танага ҳеч қандай зарар етказмайди. Бироқ, узоқ муддатда зарарли моддалар танада тўпланиши мумкин. Хусусан, нитрозаминлар кўкрак, простата ва ошқозон-ичак саратони ривожланиш хавфини оширади.
Тиббиёт фанлари номзоди, диетолог, Миллий Парҳезшунослар ва Диетологлар Ассоциацияси экспертлар кенгаши аъзоси Дариа Русакова канцероген моддаларни ўз ичига олган маҳсулотлар шиллиқ қаватга таъсир қилиши, сурункали яллиғланиш ва ошқозон-ичак тракти касалликларини келтириб чиқариши ҳақида огоҳлантирди.