platina.uz

Ўзбекистон уй-жой бозорида фаоллик пасайди

Жорий йилнинг июл-сентябр ойларида кўп қаватли уйлардаги квартиралар олди-сотдиси учун 41861 та шартнома расмийлаштирилган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3362 тага (7,4 фоизга) кам.

Иқтисод
14 ноябрь, 11:10
Ўзбекистон уй-жой бозорида фаоллик пасайди

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти мутахассислари томонидан иқтисодий фаоллик даражасини баҳолаш ва прогноз қилиш учун республикада уй-жой ва ипотека бозоридаги фаоллик даражаси таҳлил қилинди.

Таҳлилларга кўра қуйидагилар аниқланди:

2024 йилнинг III чорагида Ўзбекистон уй-жой бозорида фаоллик даражаси пасайди. Хусусан, жорий йилнинг июл-сентябр ойларида кўп қаватли уйлардаги квартиралар олди-сотдиси учун 41861 та шартнома расмийлаштирилган бўлиб, бу кўрсаткич 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 3362 тага (7,4 фоизга) кам.

Таҳлиллар тижорат банклари томонидан ажратилган ипотека кредитлари ва аҳоли тасарруфидаги даромадлар уй-жой бозорига таъсир этувчи муҳим омиллар эканлигини кўрсатди.

Хусусан, 2021 йил январ ойидан 2024 йил сентябр ойигача бўлган даврда уй-жой олди-сотдиси ва аҳолига ажратилган ипотека кредитлари ҳажми ўртасида (корреляция коеффициенти = 0,81), шунингдек, уй-жой олди-сотдиси ва аҳолининг тасарруфдаги даромадлари ўртасида (корреляция коеффициенти = 0,48) сезиларли боғлиқлик мавжудлиги аниқланди.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Марказий банки маълумотларига кўра, 2024-йилнинг III чорагида аҳолига ажратилган ипотека кредитлари ҳажми 4,84 трлн. сўмни ташкил этган бўлиб, бу кўрсаткич 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 7,3 фоизга кам.

Таҳлилларга кўра, ажратилган кредитларнинг ўсиш суръати сўнгги 3 йилдаги ўртача даражада сақланиб қолса, йил охирига қадар ҳар ойда ўртача 13,0-14,0 мингта уй-жой олди-сотди шартномалари тузилишини кутиш мумкин, ддейилади маълумотда.

2023 йилнинг IV чорагида ҳар ойда ўртача 12,9 мингта шартнома имзоланган.

Таҳлил жараёнида нотариус идоралари томонидан расмийлаштирилган уй-жой олди-сотди шартномалари сони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ипотека кредитлари маълумотларидан фойдаланилди.

Прогноз кўриб чиқилаётган моделнинг бир нечта регрессияларини ўртача баҳолаш асосида амалга оширилди, дейилади институт хулосасида.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+