platina.uz

Фаросатсизлик – ҳиссий интеллект йўқлигидан

Ўз ҳис-туйғуларини бошқариш ва бошқаларнинг ҳис-туйғуларини англаш қобилияти инсоннинг барча ҳаётий соҳаларида муваффақият қозониши, ўз ҳаёт тарзидан қониқиб яшаши учун катта аҳамиятга эга

Мақола
14 ноябрь, 20:14
Фаросатсизлик – ҳиссий интеллект йўқлигидан
Фотоколлаж: Platina.uz

Ривоятларга кўра, бир подшо туш кўради. Тушида унинг барча тишлари тушиб кетган эмиш. Уйғониб, дарров туш таъбирчисини ҳузурига чақиртиради. Таъбирчи “подшоҳи олам, бу тушингизнинг маъноси шулки, ҳамма қариндошларингиз ўлиб кетиб, сиз ёлғиз қоладурсиз” дейди.

Подшоҳнинг ғазаби келиб, уни ўлимга ҳукм қилади. Бошқа туш таъбирчини чақиришади.

Кейинги таъбирчи эса “Аъло ҳазрат, бу тушни хушхабарга йўйдим, сиз ҳамма қариндошларингиздан ҳам узоқроқ умр кўрар экансиз”, дейди. Подшоҳ хурсанд бўлиб кетади ва бу таъбирчига катта мукофот беришларини буюради.

Эътибор қилсангиз, ҳар икки таъбирчи ҳам тушни бир хил йўйган, бир хил маълумотни подшога айтган. Иккисининг ҳам ақли – интеллекти бир хил, касбий билими ва тажрибаси деярли тенг даражада. Аммо икки таъбирчининг маълумотни етказиш услуби подшода икки хил ҳиссиёт уйғотган.

Биринчи таъбирчи ўз сўзларининг суҳбатдошида қандай туйғу уйғотиши билан қизиқмаган, суҳбатдошининг ҳиссий чегаралари ва ўзининг ҳиссий ақлини тўғри англай олмаган. Бир сўз билан айтганда, бефаросат бўлган. Иккинчиси эса бунинг акси бўлиб, ҳозирги тил билан айтганда, эмоционал (ҳиссий) интеллектга эга таъбирчи бўлган!

Бундан англашиладики, инсонда ақл бўлишининг ўзи кифоя эмас. Биз ҳурмат қиладиган, эргашадиган ва ишонадиган донишманд ҳамда буюк шахсларда интеллектдан ташқари ҳиссий интеллект ҳам кучли ривожланган.

Ҳиссий интеллект (ҲИ, инглизчада emotional intelligence, EI) – бу инсоннинг ўзи ҳамда бошқаларнинг ҳис-туйғуларини англаш, тушуниш ва бошқара олиш қобилиятидир. Бу нафақат кундалик ҳаётдаги, балки касбий фаолиятдаги муваффақият гарови ҳамдир. (Таъбирчилар ривоятини эсланг!)

Сўнгги йилларда ҲИ – ҳам шахсий, ҳам профессионал ҳаётда асосий касбий компетенциялардан бирига айланди. TalentSmart консалтинг компанияси ўтказган тадқиқотларга кўра, ҲИ барча касбларнинг қарийб 90 фоизида муваффақиятнинг ҳал қилувчи омили бўлиб, профессионал муваффақиятнинг тахминан 58 фоизи айнан унга боғлиқ.

Тадқиқотчилар С.Ж.Стейн ва Ховард Бук илгари сурган, бироқ камроқ тарқалган таърифга кўра, ҲИ – онг ва ақлга берилган оммабоп тушунчадан фарқли ўлароқ, "вазиятни тўғри талқин қилиш ва унга таъсир этиш, бошқа одамлар нимани хоҳлашини ва нимага муҳтожлигини интуитив равишда (ички сезги билан) тушуниш, стрессга тушмаслик ва жозибадор бўлиш (бошқаларнинг у билан мулоқот қилиш ва позициясини маъқуллашга мойил бўлишига эришиш), уларнинг кучли ва заиф томонларини пайқай олиш қобилиятидир.

ҲИ инсоннинг ўз ҳис-туйғуларини идрок этиш ва муаммоларни самарали ҳал қилиш учун ҳиссиётини бошқара олиш қобилиятини англатади.

ҲИга қизиқиш ХХ аср бошларида классик IQ (интеллект коэффициенти) тестлари одамларнинг мотивацияси ва хатти-ҳаракатларининг хусусиятларини тушунтира олмагани сабабли пайдо бўлди. Яъни ақлли, ишни эплаб кета оладиган, тез мослашувчан, корпоратив (жамоавий) фаолиятда (team work) одамлар билан муаммосиз ишлай оладиган кадрларни аниқлаш мақсадида тузилган тестлар фақат оддий интеллектни аниқлаб берган холос. Тестдан ўта олган кадрларнинг ҳаммаси ҳам кутилган натижа бермаган. Шунда ақлнинг ўзи кифоя эмаслиги, яна “нимадир” омил борлиги ҳақида гумонлар кучая бошлаган.

Аслини олганда, IQ тестлари ва унинг камчилиги топилган XX асрдан минглаб йиллар аввал қадимги юнонлар ҳам ҲИ устида бош қотириб, ақл, мантиқ ва ҳис-туйғуларни англаш ва бошқариш қобилиятларини ўзида мужассам қилган одамни ақлли ва донишманд деб ҳисоблашган. Гарчи бундай ёндашувга 2500 йилдан ошган бўлса-да, инсон ҳис-туйғулари ўзгаришсиз қолган, албатта.

Тахминларга кўра, ҳозир бизнинг тушунчамиздаги ҲИ – қадим даврларда инсониятнинг омон қолиши учун калит бўлган. Чунки инсонда атроф-муҳитга мослашиш, ўз қабилалари ва қўшни қабилалар билан тил топиша олиш қобилиятининг мавжудлиги унинг омон қолиш ва фаровон ҳамда комфорт ҳаёт кечиришини таъминлайди. “Иш билганга бир танга, гап билганга минг танга”, деган мақоллар ўша даврлардан қолган бўлса эҳтимол.

Қолаверса, ҲИ тушунчаси атрофидаги билимлар илмий қолипга солиниб, тизимлаштирилишида, уларни амалда қўллаш механизмлари ишлаб чиқилишида ҳам асрлардан бери шаклланган сўзлашув ҳамда муомала одоби, суҳбат этикаси борасидаги минг йиллик тажрибалар асос қилиб олинган. Қисқача айтганда, ҲИ борасидаги билимларни тизимлаштириш муомала ва муносабат маданияти пойдевори устига қурилган.

ҲИ масаласига Чарлз Дарвин 1872 йилда ўзининг "Одамлар ва ҳайвонлардаги ҳис-туйғуларнинг ифодаси" асарида тўхталиб, у ерда омон қолиш ва мослашиш учун ҳиссиётларнинг ташқи кўринишларининг аҳамияти ҳақида ёзган.

Психоанализ асосчиси Зигмунд Фрейд ҳам ҳиссиётлар ва ҳиссиётларни назорат қилиш муаммоси билан шуғулланган. У, хусусан, Хаммурапи қонунлари тўплами (милоддан аввалги XVIII аср, Бобил) ёки император Ашоканинг фармони каби ахлоқнинг биринчи қонунлари ва қоидаларини маданийлаштириш ва жиловлашнинг илк уринишлари деб ҳисоблайди.

Аслини олганда ҳам, тилига келганини гапириш, ўз ҳис туйғуларини ҳар қандай жойда ва даврада очиқ намоён қилиш – ҳайвонларга хос ҳодиса. Инсон эса турли табу, ахлоқий ва диний меъёрлар воситасида ўзининг инсонлигини, ҳайвонлардан ажратиб турувчи устуворлиги – ақл-идроки ва ҳиссий ҳамда мулоқот одобини англай олиш қобилияти, яъни ҲИ билан ажралиб туради. Масалан, шарқ маданиятида ҲИга катта эътибор қаратишган. Айтайлик, кўзи ожизлар даврасида “кўрмоқ” феълини ишлатишдан ҳам эҳтиёт бўлишган. Суҳбатдошнинг ҳис-туйғуларини англаш ва авайлаш одоби шаклланган. Яъни шунчаки ақлдан ташқари, фаросатли ва эътиборли бўлиш, зукко бўлиш талаб этилган. Ҳатто одамлар орасида баланд овозда кулиш ёки бақириб йиғлаш ҳам номақбул ҳисобланган.

Ҳиссий интеллект нималарни ўз ичига олади?

Психологлар Жон Мэйер ва Питер Сэловей томонидан таърифланган ҲИ тўртта асосий компонентни ўз ичига олади:

  1. Ўз ҳис-туйғуларини англаш – инсоннинг ўз ҳис-туйғуларини англаш ва фарқлай олиш қобилияти.
  2. Туйғуларни бошқариш – ташқи таъсирга реакцияларни (муносабатни) назорат қилиш ва бошқариш қобилияти.
  3. Ижтимоий онглилик – бошқаларнинг ҳиссий сигналларини сезиш ва англай олиш қобилияти.
  4. Муносабатларни бошқариш – самарали мулоқот ва муомала қилиш ҳамда муносабатлар ўрнатиш қобилияти.

Замонавий жамиятда ҳиссий интеллектнинг долзарблиги

Замонавий жамият кўплаб стресс омилларига дучор бўлмоқда: ҳаётнинг тез суръати, касбий маҳоратга юқори талаблар, ижтимоий ўзгаришлар ва тобора кўпайиб бораётган маълумотлар шулар жумласидандир. Буларнинг барчаси, табиийки, ҳиссиётларни бошқариш ва бошқалар билан мулоқот қилишда янги кўникмаларга эҳтиёж туғдиради.

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, юқори даражадаги ҲИ бундай шароитларга яхшироқ мослашишга ёрдам беради. Мисол учун, ижтимоий сўровларга ихтисослашган Gallup институти эълон қилган маълумотларга кўра, юқори даражадаги ҲИга эга бўлган одамларда депрессияни бошдан кечириш эҳтимоли 32 фоизга камроқ ва ҳаётларидан юқори даражада қониқиш билдириш эҳтимоли 50 фоизга кўпроқ бўлади. Бунинг сабаби шундаки, юқори даражадаги ҲИ стрессга чидамлиликни оширади ва бошқалар билан янада чуқурроқ ва мазмунли муносабатлар ўрнатишга ёрдам беради.

Иш жойида ҳиссий интеллект аҳамияти

Ҳозирда ҲИ, айниқса, корпоратив муҳитда, зарур талабга айланди. Иш берувчилар унга самарадорликни ошириш, стрессни камайтириш ва жамоавий иш фаолиятини яхшилаш учун муҳим восита сифатида қарашмоқда.

Масалан, PepsiCo компанияси биринчилардан бўлиб ўз ходимлари орасида ҲИ кўникмаларини ривожлантиришга киришган.

Harvard Business Review томонидан чоп этилган тадқиқот шуни кўрсатдики, юқори даражадаги ҲИга эга бўлган ходимлар ўз ҳамкасбларига қараганда 20% юқори самарадорлик кўрсаткичларига эришган. Бу албатта ходимнинг карьраси ривожига ғоятда ижобий таъсир кўрсатган. Шунингдек, Johnson & Johnson компаниясида ҲИ бўйича юқори баллга эга менежерларда иш жойидаги чарчаш 87% камроқ бўлган. Бундай имконият ёки қобилият ходимлар беқарорлиги (ишдан бўшашлар кўпайиши) даражасига ижобий таъсир кўрсатади, албатта.

Мавзуга яқин бир мисол: Япониядаги айрим корхоналар бирор ишчиси кайфияти йўқ ва бемор ҳолда ишга келса, ёки у билан суҳбатлашиб, психологик кўмак кўрсатишади, ёки уни уйига жўнатиб юборишади. Зеро бир ходимнинг кайфиятсизлиги ва руҳан тушкунлиги бутун корхонадаги ходимлар кайфиятига ва иш сифатига салбий таъсир кўрсатади.

Ёки Ғарб корпоратив офис маданиятида раҳбарият ва ходимлар орасидаги ҳиссий мулоқотларга алоҳида эътибор қаратилган. Ходимларга топшириқ ёки буйруқ бериш жараёнида раҳбар ва ходимнинг ҲИ даражаси инобатга олинади.

Бошқача айтганда, teambuilding ҳамда teamwork масалалари борасида тренинглар, жамоавий психологик ва бизнес-“ўйин”лар, корпоратив дам олишлар ўтказиб турилади. Мазкур чора-тадбирлар ходимлар ўртасидаги ҳиссий алоқани мустаҳкамлаш ҳамда бир қатор ҲИ кўникмаларини ривожлантириш мақсадида ташкил этилади.

ҲИга эътибор бериладиган жамоада ходимлар ўртасида низолар келиб чиқиш эҳтимоли камаяди. ҲИ юқори бўлган ходимлар ўзларининг ва бошқаларнинг ҳис-туйғулари сабабларини яхшироқ тушунадилар, бу уларга ҳиссий портлашлардан қочиш ва муаммоларни конструктив ҳал қилиш имконини беради. Бундай ходимлар, шунингдек, янада уйғун ва жамоанинг қўллаб-қувватлаши сезилиб турадиган идеал иш муҳитини яратишга ёрдам беради. Бу, айниқса, юқори босимли ва стрессли вазиятларда, жамоанинг ҳиссий барқарорлиги ҳал қилувчи рол ўйнайдиган вазиятларда катта аҳамиятга эга.

Ҳиссий интеллект, шунингдек, ходимларнинг мотивацияси ва иштирокини яхшилашга ёрдам беради. ҲИ юқори бўлган одамлар иш муҳитида ва топшириқларни бажариш жараёнида стрессни яхшироқ енгишади, ижобий кайфиятни ва иш куни давомида юқори қувват даражасини сақлаб қолишади. Улар, шунингдек, ҳамкасбларини рағбатлантиришлари ва қийин пайтларда уларни қўллаб-қувватлашлари мумкин, бу эса умумий самарадорлик ва ишдан қониқишни оширади. Охир-оқибат, юқори мотивацияли, ғайратли ва ишчан ходимлар жамоанинг иш фаолиятини яхшилашга ва қўйган мақсадларига осонроқ эришишига олиб келади.

ҲИ бўйича илмий тадқиқотлар ва китоблар муаллифи ҳамда ушбу соҳадаги етакчи мутахассислардан бири Дэниел Гоулманнинг фикрича, “бугунги кунда ҳиссиётларни бошқариш қобилияти рақамли технологиялар ва масофавий – онлайн ишлаш оммалашаётган даврда профессионал билимлар каби муҳим аҳамиятга эга виртуал маконда алоқалар ва тушунишни яратиш учун зарур".

Ёки бўлмаса, лидерлик мавзусини ўргатиш борасида машҳур коуч Маршал Голдсмитнинг фикрича, "ҲИ яхши жамоаларни буюкларидан ажратиб турадиган жиҳат ҳисобланади".

ҲИ нафақат ходимлар, балки раҳбарлар учун ҳам муҳим. Бизнесдаги боссларнинг ҲИ қобилиятлари – уларнинг ўзаро ишончи кучли муносабатлар ўрнатиш (чунки қўрқитиш ва таҳдид билан бошқарувнинг коэффициенти паст ҳамда вақтинча), бошқаларга таъсир ўтказиш, мулоқот қилиш ва можароли вазиятлардан чиқиб кета олиш қобилиятини, пировардида иш сифати ва натижаларини белгилаб беради.

Бугунги кунда энг нуфузли бизнес раҳбарларининг аксарияти юқори ҲИ даражаси билан танилган. Бу хусусияти уларни автократик ёндашувни афзал кўрган ўтмишдаги раҳбар-ҳамкасбларидан ажратиб туради.

Масалан, Microsoft бош директори бўлган Сатя Наделла ҳамдардлик ва сабр-тоқат соҳиби сифатида сифатида танилган. Яқинда нафақага чиққан PepsiCo бош директори Индра Нуйи эса тез-тез ўз жамоаси аъзоларининг ташкилот муваффақиятига қўшган ҳиссаларини эътироф этиб, уларнинг ота-оналарига миннатдорлик хатларини юбориб турган.

Ҳиссий интеллектнинг шахсий муносабатларга таъсири

ҲИ нафақат одамларга ишхонадаги жавобгарлик юкини енгиллатишга кўмаклашади, балки шахсий муносабатлар сифатига ҳам таъсир қилади. ҲИ даражаси юқори бўлган одамлар эмпатияга кўпроқ мойил бўлиб, бу уларга шерикларининг ҳис-туйғулари ва эҳтиёжларини яхшироқ тушунишга ёрдам беради. Бундай ёндашув натижасида турли форматдаги ўзаро мулоқотларда (жуфтликлар ва оилалар, дўстлар ва қариндошлар, қўшнилар ва ҳоказолар ўртасида) турли низолар ва тушунмовчиликлар келиб чиқиш эҳтимоли камаяди.

Айрим социологик тадқиқотларга кўра, ҲИ даражаси юқори бўлган жуфтликлар жиддий можароларга камроқ рўпара келишади, бу эса, ўз навбатида, ажралиш хавфини деярли 35 фоизга камайтиради.

Ақл, билим ва тажрибанинг ўзи етарли эмас...

Юқорида кўриб чиқилганидек, ҲИ ҳам шахсий бахт, ҳам ижтимоий муваффақият учун жуда муҳим омил. Техник кўникмаларни ўрганиш ва курслар ёки онлайн орқали олинган маҳсулотлар ва жараёнлар ҳақида билим олиш мумкин бўлган ҳозирги муҳитда одамларга ажралиб туришга имкон берадиган ягона жиҳат – бу ҳиссий интеллектдир. ҲИ стрессни енгиш, ўзгарувчан муҳитга мослашиш ва бошқалар билан самарали мулоқот ўрнатишда ўта зарур омил.

Хулоса қилиб айтганда, ўз ҳис-туйғуларини бошқариш ва бошқаларнинг ҳис-туйғуларини англаш қобилияти инсоннинг барча ҳаётий соҳаларида муваффақият қозониши ва ўз ҳаёт тарзидан қониқиб яшаши учун катта аҳамиятга эга. ҲИга илмий ёндашув, уни ҳаётга ва ишга самарали татбиқ этиш замонамиздаги кўплаб долзарб муаммоларни ҳал қилишга ёрдам бериши шубҳасиз.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+