Покистонда тўйга кетаётган автобус дарёга қулаши сабаб 22 киши ҳалок бўлди
Ҳодисадан сўнг келин тирик ҳолда топилган, у жиддий жароҳатланган ва шифохонага ётқизилган.
Покистон шимолида тўй меҳмонлари ва келинни олиб кетаётган автобус Ҳинд дарёсига қулаши оқибатида камида 22 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Dawn нашри қутқарув хизмати расмийсига асосланиб хабар берди.
"Гилгит-Балтистоннинг Диамер туманида одамларни олиб кетаётган автобус дарёга қулаб тушди. Автобус Панжобнинг Чаквал туманига кетаётган тўй кортежининг бир қисми бўлган", — дейилади нашрда.
Телеканал суҳбатдошининг қўшимча қилишича, келин тирик ҳолда топилган, у жароҳатланган ва шифохонага ётқизилган. Чўкиб кетганлар орасида бошқа йўловчиларнинг ҳам шахси аниқланган. Полиция вакили, ўз навбатида, дарёдан 16 кишининг жасади топилгани ва қидирув ишлари давом этаётганини айтди.
Покистон президенти Осиф Али Зардорий қурбонларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди.
Dawn ушбу ҳудудда йўл-транспорт ҳодисалари тез-тез содир бўлишини таъкидлади.
Минтақада бахтсиз ҳодисаларни ноқулай иқлим шароити, носозликлар, бурилиш йўллари, ёмон йўл шароитлари, ҳаддан ташқари юкланган транспорт воситалари ва минимал йўл ҳаракати қоидалари ҳам кўпайтирмоқда.
Октябрь ойида Хайбер-Пахтунхва вилоятининг Юқори Коҳистон туманида Равалпиндига кетаётган йўловчи автобусининг жарликка қулаши оқибатида икки киши ҳалок бўлган, 36 киши жароҳатланган эди.