platina.uz

Бахтсиз ҳодиса сабаб вафот этган электр корхонаси ишчиси оиласига 213 млн сўм ундириб берилди

Данғара туман электр таъминоти корхонасида ишловчи А.Т трансформатордаги бахтсиз ҳодиса сабаб оғир жароҳат олиб, Қўқон шаҳар шошилинч тиббий ёрдам бўлимида оламдан ўтган. 

Жамият
8 ноябрь, 9:06
Бахтсиз ҳодиса сабаб вафот этган электр корхонаси ишчиси оиласига 213 млн сўм ундириб берилди

Бахтсиз ҳодиса сабаб вафот этган электр тармоқлари ходими учун 200 млндан ошиқ маблағ ундириб берилди. Бу ҳақда Касаба уюшмалари федерацияси хабар берди.

Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашига Фарғона вилояти, Данғара туманида яшовчи фуқаро З.Т. ўзининг марҳум турмуш ўртоғи, 1991 йилда туғилган А.Турсунбоев “Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖнинг Данғара туман электр таъминоти корхонасида юз берган бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этгани ҳақида маълум қилган.

Фуқаро оқибати ўлим билан якунланган мазкур ҳолат юзасидан бир йўла тўланиши зарур бўлган зарар тўловлари ва ойма-ой тўланиши лозим бўлган тўловлар тўлаб берилмаётганлигидан норози бўлиб, мазкур тўловларни ундиришда амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб мурожаат қилди.

Маълум бўлишича, электромонтёр вазифасида ишлаган А.Т. билан 2024 йил 28 март куни “Фарғона ҲЭТК” АЖ Данғара туман электр таъминоти корхонасининг “Маърифат” узатмаси “Чодаклик” шохобчасининг 26-сонли трансформаторида бахтсиз ҳодиса содир бўлган. Қўқон шаҳар шошилинч тиббий ёрдам бўлимида кўрсатилган ёрдамларга қарамасдан А.Турсунбоев 2024 йил 4 апрел куни вафот этган.

Марҳумнинг турмуш ўртоғи ва икки нафар фарзандига бахтсиз ҳодиса юзасидан тўланиши шарт бўлган тўловлар тўланмасдан келинаётганлиги аниқланган.

Мазкур мурожаат бўйича Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Меҳнат инспекцияси томонидан “Фарғона ҲЭТК” АЖга 2024 йил 25 июнь куни ёзма кўрсатма хати юборилганига қарамасдан, суғурта компанияси марҳум А.Турсунбоев билан фуқаролик ҳуқуқий тусдаги шартнома имзоланганлиги важи билан зарар тўловларини тўлаб бермаётганлиги сабабли “Фарғона ҲЭТК” АЖ томонидан мазкур кўрсатма хатининг ижроси таъминланмади.

Шундан сўнг, тармоқ касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига “Меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда меҳнат жароҳати туфайли вафот этган ходимнинг оила аъзоларига етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш ҳамда Фуқаролик ҳуқуқий тусдаги шартнома асосида юзага келган муносабатлар меҳнатга оид муносабатлар деб эътироф этилиши тўғрисида” даъво аризаси киритилган.

Натижада, жавобгарга нисбатан марҳум А.Турсунбоевнинг қонуний вакилларига етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш ҳамда Фуқаролик ҳуқуқий тусдаги шартнома асосида юзага келган муносабатлар меҳнатга оид муносабатлар деб эътироф этилиши тўғрисида Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг 2024 йил 23 сентябрдаги ҳал қилув қарори чиқарилиб, марҳумнинг турмуш ўртоғи ва икки нафар фарзандига боқувчиси вафот этганлиги муносабати билан 208 млн. сўмга яқин бир йўла бериладиган бир марталик нафақа ундириб берилди.

Шунингдек, 5 млн. сўм маънавий зарар тўловлари тўлаб берилишига ҳамда боқувчисининг йўқотилган иш хақи ўрнини қоплаш учун амалга ошириладиган хар ойлик тўловларни ойма-ой тўлаш мажбурияти юклатилишига эришилди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+