"Чиғаноқ" лойиҳасининг илк намунаси нашрдан чиқди
Лойиҳа доирасида бугунги ўзбек шеърияти ва насрининг кўзга кўринган навқирон вакилларининг китоблари банк молиявий кўмагида чоп этилиши кўзда тутилган.
Юртимизда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашни янги босқичга олиб чиқиш, халқимизнинг маънавий-маърифий, бадиий-эстетик талабларига жавоб берадиган китобларни юксак сифат билан чоп этиш мақсади "Микрокредитбанк" АТБ томонидан "Чиғаноқ" лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Лойиҳа доирасида бугунги ўзбек шеърияти ва насрининг кўзга кўринган навқирон вакилларининг китоблари банк молиявий кўмагида чоп этилиши кўзда тутилган. Мазкур лойиҳа бўйича дастлаб 5 нафар муаллифнинг китобларини нашр этиш ҳамда талабга қараб давом эттирилиши мақсад қилинган.
Муаллифлар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида таъсис этилган нуфузли таҳрир ҳайъати ҳамда банк Раҳбарияти томонидан танланди.
Ушбу лойиҳа доирасидаги илк асар – Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир ва ёзувчи Фахриддин Ҳайит ижодига мансуб бўлган "Осмон ерга яқин" китоби бўлди ва нашрдан чиқди.