Президент Навоийдаги инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди
Давлат раҳбари Навоий шаҳридаги мактабга борди, Навбаҳордаги техникумни бориб кўрди, зиёлилар ва нуронийлар билан суҳбатлашди.
Шавкат Мирзиёев Навоийдаги инвестиция лойиҳалари тақдимотлари билан танишди, мактаб ва маҳаллага борди.
Президент Шавкат Мирзиёев Навоий шаҳридаги саноат зонасида “Universal filter” бренди остидаги маҳаллий маҳсулотларни кўздан кечирди. Бу ерда транспортлар учун ҳаво ва мой фильтрлари, металлургия, нефьт-газ ва кимё саноати корхоналари учун буюмлар - жами 600 турдан ортиқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
Ўз фаолиятини 2007 йилда қурилиш материаллари тармоғидан бошлаган тадбиркор 2020-2023 йилларда 20 миллион долларлик лойиҳаларни амалга оширган. Бугунги кунда уч гектар майдонда 6 та йўналиш йўлга қўйилган. Корхоналарга Россия, Хитой, Словакия каби давлатлардан замонавий технологиялар келтириб ўрнатилган.
Тадбиркорнинг айланма маблағи бундан етти-саккиз йил олдин атиги 1 миллиард сўм эди. Эндиликда жорий йил якунига қадар 200 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади. 250 кишининг доимий бандлиги таъминлангани эса ижтимоий муҳим жиҳат.
Давлат раҳбари бу ердаги иш жараёни ва маҳсулотлар билан танишди.
Мамлакатда атмосфера ҳавосига таъсири бўлган 3 мингдан зиёд саноат корхонаси мавжуд. Улардаги чанг-газ тозалаш ускуналарининг кўпи эскирган. Илгари бу йўналиш фақат чет элга боғланиб қолгани учун фильтрларни янгилаш йиллаб чўзилган. Энди бу соҳада ҳам импортга рақобатдош ўз маҳсулотларимиз ва хизмат кўрсатиш пайдо бўлмоқда. Жорий йилнинг тўққиз ойида юздан ортиқ корхонанинг чанг-газ тозалаш ускуналари янгиланди.
Бундай ишларда мазкур корхонанинг ҳам ўрни бор. Ишлаб чиқариш ҳажми йилдан-йилга ортмоқда. Маҳсулотлар маҳаллийлаштирилиши натижасида сифатни йўқотмаган ҳолда таннархни туширишга эришилмоқда.
Корхона маҳсулотлари Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва Озарбайжонга ҳам жўнатилмоқда. Жорий йил якуни бўйича экспорт ҳажми 1 миллион долларга етиши кутилмоқда. Келгусида бу географияни ва миқдорни ошириш мақсад қилинган.
Давлат раҳбари Навоий вилоятида режалаштирилган янги инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди.
Кейинги етти йилда вилоятга 3 миллиард 500 миллион доллардан ортиқ инвестициялар жалб этилган. Уларнинг натижасида 64 минг 700 та иш ўрни ва йилига 1 миллиард 200 миллион долларлик экспорт имконияти яратилган. Бу йил 2 миллиард 100 миллион долларлик 577 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
Бу ишлар изчил давом эттирилиб, хорижий инвестор ва маҳаллий тадбиркорлар томонидан умумий қиймати 26 миллиард 800 миллион долларлик юздан ортиқ стратегик ва йирик лойиҳа шакллантирилган.
Президентга уларнинг 12 таси тақдимот қилинди.
Лойиҳаларга АҚШ, Франция, Германия, Австрия, Россия, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Хитой, Япония, Корея, Туркия каби мамлакатлар компаниялари инвестиция киритмоқда. Бу ташаббуслар кимё, энергетика, тоғ-кон, электротехника, тиббиёт, қурилиш индустрияси, текстиль ва тўқимачилик каби тармоқларни қамраб олган.
Масалан, Хитой билан ҳамкорликда Кармана туманида йилига 2 миллиард 500 миллион сўмлик юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар тайёрлайдиган лойиҳалар амалга оширилади. Кимё ҳамда қурилиш материалларига ихтисослашган саноат паркини ташкил этиш, шамол генераторлари учун парраклар ишлаб чиқариш корхонаси шулар сирасига киради.
Шу туманда Россия билан яна бир инвестицион ташаббус – озиқ-овқат саноати учун алюмин қадоқлар ясаш йўлга қўйилади. Туркия билан ҳамкорликда Конимех туманида йилига 370 минг тонна фосфорит қазиб олиш, қайта ишлаш ҳамда фосфор кислотаси ва минерал ўғитлар ишлаб чиқариш ташкил этилади. Австрия билан эса Навоий шаҳрида йилига 170 минг тонна цианит натрий тузлари ва каустик сода олиш лойиҳаси режалаштирилган.
Мазкур лойиҳалар натижасида 17 минг 800 нафардан ортиқ аҳоли иш билан таъминланади.
Президент ташаббускорларга ташкилий-молиявий масалаларда кўмаклашиб, лойиҳаларни тезлаштириш бўйича кўрсатмалар берди.
Давлат раҳбари “Янги Навоий” шаҳарчаси қурилиш майдонида бўлиб, нуронийлар ва зиёлилар билан суҳбатлашди.
- Бугун бу ерга Навоий вилоятидаги 8 та туман, 3 та шаҳарнинг эртанги куни қандай бўлади, деган саволга жавоб топиш учун келдик. Аслида, битта рўзғорни тебратишнинг ўзи бўлмайди. Худога шукур, аҳолимиз 38 миллионга яқинлашаяпти. Бунинг учун халқимизга муносиб мустаҳкам замин яратиб боришимиз керак. Бундай янги шаҳарчаларни нима учун қураяпмиз? Ёшларимиз ўсиб келаяпти. Улар ўзи туғилиб ўсган жойида ишлаб, яхши яшаши учун ҳамма ҳудудларда шароит яратамиз, - деди Президент.
Лойиҳа учун 1 минг 100 гектар ер Кармана туманидан Навоий шаҳрига ўтказилган. Биринчи босқичда 450 гектар майдонда қурилиш режалаштирилган.
Шаҳарчада 7-22 қаватли уй-жойлар, 4 минг 170 ўринли умумтаълим мактаблари, 1 минг 620 ўринли боғчалар, поликлиника барпо этилади. “Янги Ўзбекистон” боғи, Навоий давлат педагогика институтининг янги кампуси ҳам шу ерда бўлади.
Бугун Навоий шаҳрида бунёдкорлик жадал. Фаровон - янги ташкил топган маҳаллалардан бири. Бу ердаги 50 дан ортиқ кўп қаватли уйда 15 минг нафардан зиёд аҳоли яшайди. Ҳудудда кўплаб савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, театр ва меҳмонхоналар, боғча ва мактаблар барпо этилган.
Давлат раҳбари шу ердаги 22-умумтаълим мактабида бўлди.
Мамлакатимизда мактаб таълими умуммиллий ҳаракатга айланмоқда. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам таълим соҳаси энг биринчи вазифа сифатида белгиланган.
1 минг 800 нафарга яқин ўқувчи таълим-тарбия олаётган бу муассаса ўтган йили қурилиб, фойдаланишга топширилган. Барча синфхоналар, лаборатория, компьютер ва хорижий тил хоналари, спорт зали, футбол майдони, ошхонада замонавий шароитлар яратилган. Кутубхона 3 мингдан ортиқ китоблар билан таъминланиб, Алишер Навоий номидаги миллий кутубхона тизимига ҳам уланган.
Давлатимиз раҳбари томонидан таълим сифатини Президент ва ихтисослаштирилган мактабларга яқинлаштириш вазифаси қўйилган. Шу мақсадда муассасага 104 нафар ўқитувчи билими ва педагогик маҳорати бўйича саралаб ишга қабул қилинган. Дарслар ҳам илғор мактаблар дастури асосида олиб борилмоқда.
Ёшларга камида иккита чет тили ва битта замонавий ҳунар ўргатиш жараёни бу ерда ҳам изчил амалга оширилмоқда. Бунинг учун мактабда амалий санъат, меҳмонхона хизмати, рассомчилик, сураткашлик, IT йўналиши, робототехника каби касб-ҳунарлар бўйича ўндан ортиқ тўгараклар ташкил этилган.
Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда “Ватан таянчи” ҳарбий ватанпарварлик гуруҳи ташкил этилган. Унда Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби буюк саркардалар жасорати ҳақида мулоқотлар бўлади. Ватанпарварлик тадбирлари, спорт мусобақалари тез-тез ўтказилади.
- Илмли бўлиш, касб-ҳунар эгаллаш яхши. Қалбингизда ватанпарварлик кучли бўлса, шижоатингиз янада баланд бўлади, - деди Президент.
Мактабда “Иқтидор” клуби ҳам ташкил этилган. Унда ижодкор ўқувчилар мусиқа, театр ва санъат йўналишида турли машғулотларда иштирок этади.
Президентимиз мактаб фаолияти билан танишиб, ўқитувчи ва ўқувчилар билан суҳбатлашди.
- Менинг энг катта ташвишим, мақсадим - ёшлар тарбияси. Биз олган марралар учун билимли авлод керак. Бунинг учун ҳамма шароитларни яратишга ҳаракат қилаяпмиз. Сизлар эса вақтнинг қадрига етиб, бор имкониятни ишга солиб, ўқишингиз керак. Олган билимингиз, ўрганган касб-ҳунарингиз келажакда сизларга қанот бўлади, - деди Президент болаларга.
Президент Шавкат Мирзиёев Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги политехникумда бўлди.
Мамлакатимизда энг асосий масалалардан бири - бандлик. Аҳолига талаб юқори касбларни ўргатиш мақсадида техникумлар тармоғи ривожлантирилмоқда.
Бугунги кунда Навоий вилоятида 25 та профессионал таълим муассасаси бор. Уларда 12 минг фуқаро ўқимоқда. Уларга малакали педагоглар, 234 нафар ишлаб чиқариш усталари бириктирилган.
2-сон политехникумда 41 та ўқув ва лаборатория хонаси, 350 ўринли фаоллар ва спорт заллари, 100 ўринли ётоқхона ва ошхона мавжуд. Мактаб битирувчилари ва турли ёшдаги фуқаролар учун кундузги, сиртқи, кечки ва дуал таълим йўлга қўйилган.
Касбларни амалиёт билан боғлашда вилоятдаги йирик саноат корхоналари катта ўрин тутмоқда.
Масалан, Навоий кон-металлургия комбинати ўзи учун зарур пайвандловчи ва чилангар, “Навоийазот” акциядорлик жамияти кимёвий технология лаборанти, Навоий иссиқлик электр станцияси электр монтажчи касбларига ёшларни мақсадли тайёрлайди. Бунинг учун саноат корхоналари техникумда ўз бўлимларини очган. Ўқувчилар бир вақтнинг ўзида ҳам касб ўрганади ва бажарган ишига яраша маош олади.
Маҳаллалар билан биргаликда ишсиз фуқаролар, малакаси етарли бўлмаганлар, ишлаш истагидаги аёллар ҳам ўқишга жалб этилмоқда. Касбларни яхши эгаллаганлар шу корхоналарга ишга олинади.
Президент бу ерда ўқиётган хотин-қизлар билан суҳбатлашди.
- Сизларда ишонч ва интилиш пайдо бўлганидан хурсандман. Касбни маҳкам тутиб, ҳаётда ўз ўрнингизни топинг. Меҳнатингиздан бахт топишингиз учун сизларни қўллаб-қувватлаймиз, - деди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, “Менги текстиль груп” ва “Навбаҳор Қоражон” текстиль корхоналари билан дуал ва қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилган. Хотин-қизлар етарли кўникмага эга бўлгач, тикувчилик цехларига ишга қабул қилинади.