platina.uz

Марказий банк келгуси 2 йиллик пул-кредит сиёсатини баён қилди

Муқобил сценарийга биноан эса, иқтисодий ўсиш суръати 2025 йилда 5,0-5,5 фоиз, 2026 йилда 5,0-6,0 фоиз доирасида шаклланиши, 2027 йилда эса 5,5-6,5 фоизгача тикланиши тахмин қилинмоқда.

Иқтисод
6 кун аввал, 13:40
Марказий банк келгуси 2 йиллик пул-кредит сиёсатини баён қилди

Марказий банк бошқаруви "Пул-кредит сиёсатининг 2025 йил ва 2026-2027 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари" нинг концептуал лойиҳасини маъқуллади.

Марказий банкнинг жорий йил 31 октябридаги йиғилишида кўриб чиқилган ушбу лойиҳада макроиқтисодий ривожланишнинг асосий ва муқобил сценарийлари, эҳтимоли доим мавжуд бўлган инфляцион хатарларнинг кучайишига асосланган хатарли сценарий ўз аксини топган.

Асосий сценарий доирасида ЯИМнинг реал ўсиши нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари ва фискал консолидация таъсирида 2025 йилда 5,5-6 фоиз, 2026 йилда 5,5-6,5 фоиз, 2027 йилда эса 6-6,5 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.

Нисбатан қатъий пул-кредит шароитларининг таъминланиши ҳисобига истеъмол талабининг мўътадиллашуви ва инфляциянинг 2025 йилда 6-7 фоиз бўлиши кутилмоқда.

Шунингдек, келгуси йилда тартибга солинадиган нархларнинг кутилаётган навбатдаги оширилиши ҳамда озиқ-овқат инфляциясининг 2024 йилдаги паст база таъсирларини инобатга олиб, инфляциянинг 5 фоизлик таргет даражасигача пасайиши 2026 йилнинг иккинчи ярмида содир бўлиши бўйича асосларни юзага келтирмоқда.

Муқобил сценарийга биноан эса, иқтисодий ўсиш суръати 2025 йилда 5,0-5,5 фоиз, 2026 йилда 5,0-6,0 фоиз доирасида шаклланиши, 2027 йилда эса 5,5-6,5 фоизгача тикланиши тахмин қилинмоқда.

Муқобил сценарийда иқтисодий фаолликнинг маълум даражада пасайиши ва нисбатан қатъий пул-кредит шароитларининг сақлаб қолиниши фонида умумий инфляция 2025 йилда 7-8 фоизга, 2026 йилда 6 фоизга яқин бўлиши ва 2027 йилнинг биринчи ярмида 5 фоизлик таргетигача пасайиши кутилмоқда.

Ушбу сценарий шартлари юзага келган тақдирда пул-кредит шароитларини асосий сценарийга нисбатан қатъийроқ шакллантириш, хусусан, асосий ставкани ошириш имкониятлари ҳам кўриб чиқилади.

Хатарли сценарийда минтақадаги иқлим ўзгаришининг ишлаб чиқариш кўрсаткичларига салбий таъсири, ишлаб чиқаришнинг чекланганлиги шароитида фискал рағбатлантиришларнинг кучайтирилиши ҳамда энергия ресурслари таклифининг талабга номутаносиб бўлиши ҳисобига инфляцияни оширувчи таклиф томондан хатарлар эҳтимоллиги инобатга олинди. Мазкур хатарлар таъсирида умумий инфляция 2025 йилда 8-9 фоиз, 2026 йилда 7-8 фоиз атрофида шаклланиши ва 5 фоизлик таргетга 2027 йилнинг охирида етиши кутилмоқда.

Ушбу сценарий шароитида, инфляцион босимларни пасайтириш мақсадида Марказий банкнинг асосий ставкаси оширилади ва пул-кредит шароитлари қатъийлаштирилади. Шунингдек, ҳукумат билан биргаликда инфляцияга номонетар омиллар таъсирини камайтириш чоралари янада фаоллаштирилади.

Макроиқтисодий ривожланишнинг ҳар қандай сценарийси шароитида ҳам пул-кредит сиёсати чоралари Марказий банкнинг асосий мақсади бўлган нархлар барқарорлигини таъминлашга, хусусан, инфляцияни 5 фоизлик таргетигача пасайтириш ва ушбу даражада барқарор шаклланишига қаратилади.

“Пул-кредит сиёсатининг 2025 йил ва 2026-2027 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари”нинг концептуал жиҳатдан маъқулланган дастлабки лойиҳаси Марказий банкнинг расмий саҳифаларида эълон қилиниб, кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+