platina.uz

Halloween: байрамми ёки аза?

Бу сананинг ижобий томони шундаки, у ёш болаларни қўрқмас ва ботир қилишга, катталарни эса ўлимдан ҳайиқмасликка ўргатади.

Маданият
31 октябрь 2024 йил

Октябр ва ноябр ойлари АҚШ тарихида байрамларга ва муҳим ҳодисаларга бой давр. Октябрнинг иккинчи душанбаси – Колумб куни, шу ойнинг учинчи шанбаси – ширинликлар куни, 11 ноябр – ветеранлар куни, ноябрнинг тўртинчи пайшанбаси – Шукрона куни (Thanksgiving Day), шукрона кунидан кейинги жумада эса “Қора жума” (Black Friday), кейинги душанба “Кибердушанба” (Cyber Monday) нишонланади. Эътибор қилинса, уларнинг барчаси куз фаслига – деҳқонлар ҳосилни йиғиштириб олгач, бироз дам олиб, ўйин-кулги қиладиган даврига, аниқроғи, ҳосилни сотиб, қўлига пул тушадиган пайтига тўғри келади.

Ҳар йили 31 октябрдан 1 ноябрга ўтар кечаси – Барча авлиёлар куни (All Saints' Day) диний байрами арафасида нишонланадиган Ҳэллоуин (Halloween) байрами эса дунёдаги машҳур байрамлардан биридир. Қадимий эканига қарамай, у ҳамон ривожланишда, замонавий маданий ва ижтимоий шароитларга мослашишда давом этмоқда. Айтганча, бу байрамда ҳам кузги сабзавот – ошқовоқ муҳим ўрин тутади.

“Жек чироғи” – Ҳэллоуиннинг ажралмас атрибутларидан бири. Photo by Vipgeo

Ҳэллоуин байрами тарихи

Ҳэллоуин илдизлари келтларнинг 2000 йилдан кўпроқ вақт олдин қадимги Ирландия ва Шотландияда нишонланган Самҳаин байрамига бориб тақалади. Самҳаин ёз фаслининг охири ва қишнинг – ўлимнинг бошланиши тимсоли бўлган қоронғулик ва совуқлик даврининг кириб кириб келиши билан боғлиқ. Келтлар Самҳаин кечасида тириклар ва ўликлар дунёси ўртасидаги парда юпқалашади ва ўликларнинг руҳлари ерга қайтади, деб ишонишган.

Насронийлик динининг кириб келиши натижасида Самҳаин байрами черков байрамларига – 1 ноябрда нишонланадиган Барча авлиёлар куни (All Saints' Day) ва – ундан олдинги оқшом (байрам арафаси) – All Hallows' Even ёки Ҳэллоуин (Halloween) байрамларига уйғунлашиб кетган.

Замонавий дунёда Ҳэллоуин

Бугунги кунда Ҳэллоуин нафақат қадимий байрам, балки дунёдаги одамларни бирлаштирувчи бутун бир кўнгилочар саноат ҳисобланади. У карнавал либослари, қовоқни ўйиб, фонуслар ясаш (Jack-o'-lanterns), байрам базм-зиёфатлари ва, албатта, болалар уйма-уй юриб, конфет сўрайдиган “Жонми, кармонми” («trick-or-treat») анъаналарига асосланган.

Байрам мавзусида либослар кийган болалар байрам оқшомида эшикма-эшик юриб, ширинликлар йиғишади.

Ҳозирда Ҳэллоуин турли шакл ва кўринишларга эга.

Ниқобли оқшомлар ва парадлар. Миллионлаб одамлар оммавий маданият, даҳшатли филмлар ва мифологиядан илҳомланган ҳолда либосларга бурканишади. Бу ижодкорлик ва ўзини намоён қилиш вақти бўлиб, ҳар бир одам ўзини сеҳрли дунёнинг бир қисми деб ҳис этиши мумкин.

Кино ва ОАВдаги машҳурлик. Ҳэллоуин кўплаб филмлар, телесериаллар ва китобларни, айниқса, даҳшатли ва триллер жанрларига туртки берган ва илҳомлантирган. Бу унинг маданий таъсирига ҳисса қўшади ва байрамни илгари нишонланмаган мамлакатларда машҳур қилади. Айниқса, 1970-йилларда режиссёр Мустафо Аққод асос солган “Ҳэллоуин” фильмлари франшизаси ҳамон барҳаёт ва уни томоша қилиш ушбу байрамнинг норасмий элементларидан бири ҳисобланади.

АҚШ президенти Жо Байден “жонми-кармонми” деб келган болаларга ширинлик бермоқда.

Тижорийлашув ва монетизация. Охирги ўн йилликларда Ҳэллоуин улкан тижорий ҳодисага айланди. Байрам либослари, заргарлик буюмлари, конфетлар ва бошқа байрам анжомлари савдоси AҚШ ва бошқа мамлакатларда тадбиркорларга миллиардлаб доллар даромад келтиради. Бутун дунёдаги чакана сотувчилар ва компаниялар ушбу байрамдан маркетинг кампаниялари ва мижозларни жалб қилиш учун фаол фойдаланишади.

Маданий фарқлар. Ҳэллоуин Ғарб байрами ҳисобланса-да, у тезда мослашиб, бошқа маданиятлар билан уйғунлашиб кетди. Мисол учун, Япония ва Жанубий Кореяда бу байрам костюмлар ва оммавий тадбирлар боис жуда машҳур.

Японияда Ҳэллоуин.

Ҳэллоуин глобал контекстда

Юқорида зикр этилганидек, Ҳэллоуин ўзи кириб борган мамлакатларда ўзгаришларга учрайди ва маҳаллий маданий хусусиятларга мослашади. Мисол учун, Лотин Aмерикасида Ҳэллоуиннинг муқобили – 1 ва 2 ноябрда нишонланадиган Ўликлар куни (Día de los Muertos) ҳисобланади. Ушбу байрам аждодлар ва вафот этган қариндошлар хотирасига бағишланган бўлиб, Ҳэллоуин байрамидан фарқли ўлароқ, у янада ижобийроқ, жиддийроқ ва ҳурматлироқ ҳисобланади.

Собиқ СССР давлатларида эса Ҳэллоуин байрами америка кинофилмлари ва оммавий маданият ҳамда тижорий жараёнлар оқибатида нисбатан яқинда машҳур бўлган ва кўпинча ўйин-кулги, маскарад тадбирлари ва зиёфатларда иштирок этиш учун яна бир имконият сифатида қабул қилинади.

Байрамни ҳамма нишонлаши мумкинми?

Ҳэллоуин – келтлар келиб чиқишидан бери кўп ўзгаришларга учраган байрамдир. Бугунги кунда у руҳлар ва мистик мавжудотлардан қўрқиш эмас, балки қувонч, ижодкорлик ва маданий хилма-хилликни англатади. Қадимги илдизларга қарамай, Ҳэллоуин ривожланишда давом этмоқда ва замонавий дунёда долзарб бўлиб, одамларни ўйин-кулги, анъаналар ва ижодкорлик орқали бирлаштирмоқда.

Бу байрамнинг яна бир жиҳати – у инсон учун ўлимдан, номаълум мавҳумликдан ва фалокатлардан қўрқувни камайтириш учун ўзига вакцина вазифасини ўтайди. Ўлим ва ўзга дунёдан қочиб бўлмаслигини, ундан қўрқиб эмас, балки уни тушуниб ва унга тайёр бўлибгина хотиржамликка эришишни таъминлайди. Бу айниқса болалар руҳияти учун фойдали. Ёш болалар турли фобия ва қўрқувларга шунчаки ўйин ва ножиддий, бироқ табиий ҳодиса сифатида қарайди, ўлим ва мистик дунё билан боғлиқ барча нарсалардан – арвоҳлар, қабристон ва ҳоказолардан чўчимасликни ўрганади.

Бу байрамга диний нуқтаи-назардан қаралса, уни айрим насронийлар ҳам рад этишади. Масалан, Рус православ черкови бу байрамга ўта салбий муносабатда. Ушбу тизим вакили Георгий Завершинский Ҳэллоунни “ёвузлик карнавали” ҳамда “рус маданиятига мос келмайдиган диний фестивал” деб ҳисоблайди.

Мусулмон уламолари эса бу байрамга арвоҳларга сиғиниш, улардан мадад сўраш жараёни сифатида қараб тақиқлашган. Масалан, Татаристон мусулмонлари диний идораси сайтида ёзилишича, “бу байрамда қадимда ёвузлик илоҳи Самҳаиндан ёлвориб, нариги дунёдаги қариндошларининг арвоҳларини қўйиб юборишни ёки унинг шотирлари бу ёруғ дунёдаги одамларга зарар бермаслигини сўрашган. Бундай эътиқод исломий нуқтаи-назардан номақбул ҳисобланади. Чунки Ислом таълимотига кўра, фақат Аллоҳ дунёни бошқаради ва бошқа қандайдир кучлар ва илоҳларни бор дейиш ва уларга ёлвориш ширк ҳисобланади... Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в) ҳадисида “Ким ўзини бирор-бир халққа ўхшатса, ўшалардандир”, дейилган. (Аҳмад, №5114; Абу Довуд №4031 ривоят қилади). Қолаверса, бу байрамда турли махлуқ ва алвастиларга ўхшаб кийиниб олганлар одамларни қўрқитишади. Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) ҳадисларига кўра, “Мусулмон кишини қўрқитиш мумкин эмас”, дейилган.

Шимолий Америка фиқҳ бўйича кенгаши президенти доктор Музаммил Сиддиқнинг фатвосида “бу санани байрам қилиш мусулмонлар учун ҳаром”, дейилган.

Бироқ айрим мусулмонлар бу байрам аллақачон диний тусини йўқотиб, оддий хурсандчилик ва кўнгил очиш баҳонасига айланган дея (худди Янги йил ва Наврўзга ўхшаб) уни нишонлашни ўзлари учун мақбул ҳисоблашади.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+