platina.uz

Бюджет тақчиллигидаги кутилмалар эълон қилинди

2023 йилда Ўзбекистон бюджети тақчиллиги янги рекорд ўрнатди - консолидациялашган давлат бюджети тақчиллиги 59,2 трлн сўм, яъни ЯИМнинг 5 фоизига тенг бўлди.

Иқтисод
7 кун аввал, 17:30
Бюджет тақчиллигидаги кутилмалар эълон қилинди

Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2025 йилги давлат бюджети ва 2026−2027 йилларга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини муҳокамага қўйди.

Ундаги прогнозларга кўра, 2024 йилда ЯИМ 6 фоизга (ўтган йилги прогноздан паст) ўсиши, инфляция 7 фоизгача пасайиши кутилмоқда.

Сир эмас, айни даврда Ўзбекистон иқтисодиётидаги энг хавотир уйғотадиган жиҳатлар - бюджет тақчиллиги ва давлат қарзи масаласи ҳисобланади. Афсуси охирги йилларда бу жиҳат кўрсаткичлари ортиб бормоқда.

Бюджет тақчиллиги

Ўтган 2023 йилда Ўзбекистон бюджети тақчиллиги янги рекорд ўрнатди - консолидациялашган давлат бюджети тақчиллиги 59,2 трлн сўм, яъни ЯИМнинг 5 фоизига тенг бўлди.

Ўтган йилнинг 25 декабрида имзоланган “2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”га Ўзбекистон Республикаси қонунига кўра, жорий йилда мамлакатнинг консолидациялашган бюджет даромадлари 375 трлн сўмни, харажатлари 427,6 трлн сўмни ташкил этиши белгиланган. Бунда бюджет тақчиллиги 52 трлн сўмдан ортиши кутилмоқда.

Лекин шу йилнинг 29 октябрида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эълон қилган янги прогнозларда бу кўрсаткичлар бироз фарқ қилади.

Хусусан, 2024 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари 377,7 трлн сўмни, харажатлари эса 434,8 трлн сўмни ташкил этиши прогноз қилинган. Шу билан бирга, бюджет тақчиллиги миқдори 57,2 трлн сўм бўлиши ҳақида прогноз берилган. Таъкидлаш жоиз, бу ҳали якуний кўрсаткич эмас. Даромадлар ва харажатлар ўртасидаги фарқ йил охирига бориб бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин.

Истиқболда, хусусан, келаётган 2025 йилда эса, прогнозларга кўра, консолидациялашган бюджет тақчиллиги бироз камроқ - 49,3 трлн сўм (ЯИМнинг 3 фоизи), бюджет даромади 431,1 трлн сўм, харажати эса 480,3 трлн сўмга тенг бўлиши прогноз қилинмоқда.

Давлат қарзи

2024 йил 1 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистон давлат қарзи 37 млрд долларни ёки ЯИМнинг 33,2 фоизини ташкил этди.

Бу миқдор ичидаги давлат ташқи қарзи - 30,9 млрд доллар (ЯИМнинг 27,7 фоизи), ички қарзи эса - 6,1 млрд долларга (ЯИМнинг 5,5 фоизи) етган.

Бюджет лойиҳасига кўра, 2025 йилда Ўзбекистон номидан ва кафолати остида жалб қилинадиган ташқи қарзнинг чекланган миқдори 5,5 млрд доллар этиб белгиланмоқда. Бунда 3 млрд доллар бюджетни қўллаб-қувватлаш учун жалб қилинади.

Вазиятни ўнглаш учун...

Молиявий иқлимни барқарорлаштириш, хусусан, бюджет тақчиллиги, ташқи қарзга хизмат кўрсатиш ҳамда давлат ипотека дастурини молиялаштириш манбалари белгилаб олинган бўлиб, улар ортидан тахминан 102,2 трлн сўм келиши кутилмоқда. Жумладан:

➖39,8 трлн сўм ташқи қарз олинади;

➖25,2 трлн сўм ички бозордан қарз кўтарилади;

➖24,1 трлн сўм давлат қарзини қайта молиялаштириш ҳисобидан маблағ жалб қилинади;

➖10 трлн сўм давлат активларини сотишдан кутилмоқда;

➖3 трлн сўм эса бюджет ссудаларининг қайтиши ҳамда йил бошидаги қолдиқ маблағ ҳисобидан қопланади.

Умуман олганда, 2025 йилда мамлакатимиз қарз эвазига кўпроқ кредит жалб қила олади. 2024 йилда давлат томонидан кафолатланган ташқи қарзларни жалб этиш лимити 4,5 млрд доллар эди, бироқ ушбу лимитдан чиқилгани ва харажатларни кескин ошгани боис, бу кўрсаткич 5,5 млрд долларгача оширилди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+