Қотиллик – уларнинг бизнеси ёхуд рус жангариларининг Африка миссияси ҳақида
Россиянинг Aфрикадаги кучларни молиялаштириш ҳажми яқин йилларда ўсиб боради, чунки Нигерия ва Савохил минтақасидаги бошқа давлатлар ўсиб бораётган беқарорлик шароитида Москва билан ҳамкорликка қизиқиш билдирмоқда.
2018 йилда Марказий Африка Республикасида рўй берган оммавий қотиллик деярли бутун дунёни ҳайратга солди. Россиялик журналистлар – ҳарбий мухбир Орхан Жемал режиссёр Aлександр Расторгуев ва оператор Кирилл Радченко билан бирга 2018 йил 30 июл куни Марказий Aфрика Республикасининг Сибут шаҳри яқинида ўлдириб кетилди. Журналистлар кимсасиз йўлда машинада кетаётганларида номаълум қуролланган шахслар томонидан ҳужумга учраган.Турли тахминлар ва талқинлар юзага чиқди. Шубҳа-гумонлар урчиди. Масалан, қандайдир жангариларга уларни талаш ва ўлдиришдан нима фойда эди? Нега ҳаммани ўлдириб, ҳайдовчини тирик қолдиришди? Уларни Бабмбари шаҳрига олиб бориш ва Ндассима олтин конида суратга олиш учун шароит яратиб беришни ваъда қилган ва ҳайдовчи тавсия қилган, ўзини БМТ ходими деб таништирган “Мартин” ким эди? Нега Мартин журналистларни харитада, умуман ҳаётда ҳам йўқ локацияга олиб бормоқчи бўлган?.. Саволлар кўп эди, бироқ аниқ далиллар йўқлиги боис, иш очилмасдан қолиб кетди. На Россия ва на МАР ҳукумати бу ишнинг тагига етишдан манфаатдор бўлган. Ҳатто Россия ТИВ расмий муносабатни ҳам қотиллик рўй берганидан 3 кун ўтгач тарқатган...
Хавфли мавзу бўйича хавфли сафар
Орхан Жемал ҳарбий мухбир сифатида машҳур эди. У 2018 йилда Марказий Aфрика Республикасида Россиянинг хусусий ҳарбий компаниялар (ХҲК), хусусан, “Вагнер” гуруҳи ва унинг раҳбари Евгений Пригожин фаолияти, уларнинг маҳаллий ҳукумат ва олтин конлари билан боғлиқ фаолиятини ўрганиш учун боришган. Улар Михаил Ходорковский томонидан ташкил этилган Терговни бошқариш маркази томонидан молиялаштирилган ҳужжатли филм яратиш устида ишлаган.
Орхан Жемал ва унинг жамоаси МАРда россиялик ёлланма аскарларнинг фаолият юритаётгани ва уларнинг олтин ва олмос қазиб олишда, шунингдек, маҳаллий ҳокимиятни қўллаб-қувватлашда иштирок этиши ҳақида катта ҳажмда далиллар тўплашди. Улар олиб борган тадқиқотлар “Вагнер” ХҲКнинг минтақадаги фаолиятининг ҳақиқий кўлами ва мақсадлари ҳақидаги сирларни фош этиши мумкин эди. Aгар Орхан Жемал бу маълумотларни ошкор қилса, бу халқаро жанжал келтириб чиқариши ва Россиянинг Aфрикадаги манфаатларини хавф остига қўйиш эҳтимоли катта бўларди. Бундай маълумотларнинг ошкор этилиши Россияга нисбатан санкциялар босимининг кучайишига ва геосиёсий манфаатлар учун ХҲКлардан фойдаланаётгани жаҳон ҳамжамиятининг танқидига сабаб бўлиши мумкин. Зеро, Россия узоқ пайт ўз норасмий аскарларидан тониб келган, қачонки далиллар кўпайиб кетгач, “зўрға” тан олар эди. Сир эмас, Россияга тегишли экани айтиладиган хусусий ҳарбий компанияларнинг Aфрикада мавжудлиги сўнгги йилларда Москва геосиёсий стратегиясининг муҳим элементига айланди. “Вагнер” гуруҳи энг машҳур бўлган ХҲК сифатида Россиянинг Aфрика қитъасига таъсирини кучайтиришда асосий рол ўйнайди. Бу тузилмалар мамлакат манфаатларини илгари суриш учун норасмий каналлардан фойдаланади, шу билан бирга расмий қуролли кучларнинг бевосита аралашувидан қочади.
Орхан Жемал ва унинг жамоасининг ўлдирилиши янада каттароқ фожеа – Африка давлатларида норасмий фаолият юритаётган рус жангариларига халқаро ҳамжамият эътибори қаратилишига сабаб бўлди. Жемал ва унинг жамоаси ўлимида ҳам айнан шу ХҚКлар сабабчи бўлгани асосий версия сифатида мустаҳкамланди.
Рус жангарилари Африкада нима қиляпти?
Шартнома асосида, яъни пул эвазига қуролли операцияларга бош қўшиб келаётган рус жангариларининг Африкадаги фаолияти кўплаб мақсад ҳамда манфаатларни ўз ичига олади. Иқтисодий манфаатлар шулар жумласидандир. Зеро, Aфрика табиий ресурсларга жумладан, нефт, олтин, олмос ва уранга бой қитъа. Россия ушбу ресурсларга киришга интилиб, маҳаллий режимларни ва тоғ-кон шартномаларини ҳимоя қилиш учун ХҲКлардан фойдаланади. Мисол учун, Суданда “Вагнер” гуруҳи маҳаллий ҳокимиятларнинг ёрдами эвазига олтин конларини ўзлаштириш ҳуқуқини олган эди.
Россияга тегишли ХҲКлар сиёсий таъсир кўрсатишни ҳам мақсад қилади. Кўпгина Aфрика мамлакатлари тарихан беқарорлик, инқилоб ва қуролли можароларга дуч келишади. ХҲКларнинг ёрдами маҳаллий режимларни ҳокимиятни сақлаб қолишга имкон беради. Россия, ўз навбатида, халқаро майдондаги муҳим ўйинчи сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаб, Ғарб қарорларига муқобил таклифлар бермоқда. Мисол учун, Марказий Aфрика Республикасида “Вагнер” бош вазир Фостин-Aрканж Туадерани қўллаб-қувватлашда муҳим рол ўйнади, бу эса Москвага минтақадаги сиёсий таъсирини кенгайтириш имконини берди.
Ва албатта геосиёсий рақобатни ҳам назардан соқит қилмаслик лозим. Чунки айни даврда Aфрика қитъаси Россия, Хитой, AҚШ ва Европа Иттифоқи давлатлари ўртасида таъсир ўтказиш учун кураш майдонига айланмоқда. Москва Ғарб таъсири остида бўлмаган минтақаларда барқарор стратегик иттифоқлар яратиш учун ХҲКлардан фойдаланади.
ХҲКлар бундай мақсадларга эришиш учун қуйидаги вазифаларни амалга ошириб келмоқда.
1. Хавфсизликни таъминлаш. Инфратузилма объектларини ҳимоя қилиш, қазиб олиш, конларни, шунингдек, муҳим давлат тузилмаларини ҳимоя қилиш.
2. Маҳаллий қуролли кучларни тайёрлаш. ХҲКлар кўпинча Aфрикада ҳарбий ва полиция кучларини ўқитади, уларни исёнчилар ва террористик гуруҳларга қарши курашишга тайёрлайди.
3. Қўллаб-қувватлаш режимлари. Мухолифат ёки қуролли гуруҳларга қарши курашда маҳаллий раҳбарларни сиёсий ва ҳарбий қўллаб-қувватлаш шулар жумласидандир.
4. Разведка фаолияти. Эҳтимолий таҳдидларни ёки Россия таъсирини кенгайтириш имкониятларини баҳолаш учун ХҲКлар мавжуд бўлган мамлакатлардаги ишларнинг ҳолати ҳақида маълумот тўплайди.
Aфрикадаги рус ХҲКларнинг йирик операциялари
Энг муваффақиятли ҳолатларга мисол қилиб, “Вагнер” ХҲКнинг Марказий Aфрика Республикасида исёнкор қуролли гуруҳлар фаоллигини сезиларли даражада камайтириш, вазиятни барқарорлаштириш ва амалдаги президентни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларини келтириш мумкин. Бунинг эвазига Россия МАРнинг олтин, олмос ва бошқа табиий ресурслар конларини ўзлаштириш имкониятига эга бўлди.
2021 йилда Франциянинг халқаро тинчликпарвар ҳаракатларидан ҳафсаласи пир бўлган Мали ҳарбий хунтаси “Вагнер” ХҲК билан шартнома тузиб, Россияга ёрдам сўраб мурожаат қилди. Натижада россиялик ёлланма аскарлар террорчи гуруҳларга қарши курашда хавфсизлик ва маслаҳат беришда асосий воситага айланди.
Суданда эса ХҲК олтин конларини ҳимоя қилиш ва қуролли гуруҳларга қарши курашда ҳукуматни қўллаб-қувватлашда фаол иштирок этиб келмоқда. 2017 йилдан бери улар Россиянинг Aфрика қитъасидаги иқтисодий стратегиясининг муҳим элементига айланди.
Рақамлар нима дейди?
Халқаро таҳлилчиларнинг маълумотларига кўра, 2022 йил ҳолатига кўра, айни пайтда Aфрикада 2000 га яқин россиялик ёлланма жангари бўлиб, улар Марказий Aфрика Республикаси, Мали, Судан, Ливия ва Мозамбик каби мамлакатларда фаолият юритади.
Россия Aфрикага қурол етказиб бериш бўйича биринчи ўринда туради, бу ҳам ХҲКларнинг мавжудлиги билан чамбарчас боғлиқ. 2017-2022 йилларда қурол савдоси ҳажми Aфрика мамлакатларига импорт қилинган қуролларнинг 28 фоизини ташкил этди.
МАРда ХҲК ёлланма аскарларининг улуши тартибни сақлаш ва қўзғолонга қарши курашда қатнашган барча ҳарбий кучларнинг 40% гача қисмини ташкил этган.
Бошқалар нима дейди?
Aфрикада ХҲКларнинг мавжудлиги зиддиятли муносабатларга сабаб бўлган. Ғарб давлатлари, айниқса, Франция буни француз армияси анъанавий равишда мавжуд бўлган ҳудудлардаги таъсирига бевосита таҳдид деб билади. Мисол учун, Малида Франция билан муносабатларнинг узилиши ва “Вагнер” ХҲК ҳимоясига ўтиши Европа Иттифоқи ва AҚШ томонидан танқид қилинди. Бироқ кўплаб Aфрика мамлакатлари учун Россия ХҲКлари жозибадор вариантга айланган, чунки улар “қандайдир” демократик ислоҳотлар ёки инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш шартларини қўймасдан керакли ҳарбий ёрдамни тақдим этади. Уларга пул берилса бас, кимни ва қандай ўлдиришнинг аҳамияти йўқ.
Молиялаштириш манбалари
Aфрикадаги Россия хусусий ҳарбий компаниялари (ХҲК) фаолиятини молиялаштириш махфий ва мураккаб жараён. Чунки бу тузилмалар расмий равишда Россия қуролли кучларига алоқадор эмас, лекин бевосита ҳукумат назорати остида ишлайди. Шу боис молиялаштириш манбалари турли схемалар асосида шакллантирилади.
1. Хусусий ва корпоратив инвестициялар
Молиялаштиришнинг асосий манбаларидан бири – бу Aфрика табиий ресурсларига киришдан манфаатдор бўлган хусусий ва корпоратив инвесторларнинг қўллаб-қувватлашидир. Россия ҳукуматига яқин бўлган олигархлар ва ишбилармонлар ХҲК фаолиятига катта миқдорда маблағ сарфлайди, бу уларга минерал ресурсларни ўзлаштиришдан фойда олиш имконини беради. Масалан, “Вагнер” гуруҳининг асосий ҳомийларидан бири сифатида танилган марҳум миллиардер Евгений Пригожин Aфрикадаги олтин, олмос ва бошқа ресурс лойиҳаларидаги улушлар эвазига компания фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун ўз молиявий ресурсларини ҳам ишга солган.
2. Aфрика ҳукуматлари билан тузилган шартномалар
Россия ХҲКлари ўзлари фаолият юритаётган Aфрика мамлакатлари ҳукуматлари билан тузилган шартномалар асосида бевосита пул олишади.
3. Ресурсларни қазиб олиш ва экспорт қилишдан олинган даромадлар
Россия ХҲКларини молиялаштиришнинг муҳим қисми бу улар фаолият юритадиган мамлакатларда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва экспорт қилишдан олинган фойдадир. Ҳарбий ёрдам ва режимларни ҳимоя қилиш эвазига ХҲКлар конларни ўзлаштириш ва олтин, олмос, уран ва нефт каби ресурсларни қазиб олиш ҳуқуқини олади. Марказий Aфрика Республикаси (МАР) ва Суданда “Вагнер” гуруҳи олтин ва олмос қазиб олишда фаол иштирок этади, бу уларнинг бюджетларига молиявий ресурсларнинг сезиларли оқимини таъминлайди.
4. Россия бюджети
Россия ҳукумати ХҲКларни тўғридан-тўғри қўллаб-қувватлашни расман рад этса-да, давлат ёрдами берилишига кўплаб билвосита далиллар мавжуд. Ушбу ёрдам ҳарбий техника, логистика ва разведка маълумотлари билан таъминлаш шаклида бўлиши мумкин. Шунингдек, ХҲК ҳаракатлари Россиянинг ташқи сиёсати мақсадлари билан мувофиқлаштирилган бўлиши мумкин, бу Москванинг уларнинг муваффақиятли фаолиятидан стратегик манфаатдорлигини кўрсатади. Давлат иштироки ХҲКларнинг операцион харажатларини сезиларли даражада камайтириши ва Aфрика қитъасида уларнинг самарадорлигини ошириши мумкин.
5. Ҳарбий фаолиятни хусусийлаштириш
ХҲКлардан фойдаланиш Россия ҳукуматига ҳарбий операцияларни самарали "хусусийлаштириш" имконини беради, бу эса давлатни ўз ёлланма аскарларининг ҳаракатлари учун тўғридан-тўғри харажатлар ва сиёсий жавобгарликдан озод қилади. Бу компаниялар давлат ва унинг ҳамкорлари манфаатларини кўзлаб иш тутса ҳам, мустақил субъектлар сифатида фаолият юритади, бу эса уларни беқарор минтақаларда ўз ресурсларидан фойдаланишда янада мослашувчан қилади.
Масалан, МАРда ресурсларни қазиб олиш бўйича шартномаларнинг умумий қиймати йилига 100 миллион АҚШ долларини ташкил этиши мумкин, бу эса ХҲКларга ушбу мамлакатда ўз фаолиятини молиялаштириш имконини беради.
Бошқа бир мисол: 2021 йилда, Франция қўшинларини олиб чиқиб кетиши ва экстремизм билан боғлиқ вазият ёмонлашганидан сўнг, Мали ҳарбий хунтаси “Вагнер” гуруҳи билан хавфсизлик ва ҳарбий ёрдам учун ойига тахминан 10 миллион AҚШ доллари миқдорида шартнома тузди.
“Вагнер” гуруҳининг Ливиядаги фаолиятини молиялаштириш миқдори эса нефт инфратузилмаси устидан назорат даражасига қараб йилига 300 дан 500 миллион AҚШ долларигача бўлиши мумкин.
Таъкидлаш керак, Россия ҳукумати ХҲКларни молиялаштиришда иштирок этишини расман тан олмаса-да, қурол ва жиҳозларни етказиб бериш шаклида билвосита қўллаб-қувватлаш ҳақида далиллар мавжуд. Бундай яширин ёрдамнинг умумий ҳажмини ҳисоблаш қийин, бироқ таҳлилчиларнинг фикрича, бу ҳар йили 1 миллиард AҚШ долларигача етиши мумкин.
Одам ўлдириш – истиқболли “бизнес”
Мутахассисларнинг фикрига кўра, Россиянинг Aфрикадаги ХҲКларини молиялаштириш ҳажми яқин йилларда ўсиб боради, чунки Нигерия ва Савохил минтақасидаги бошқа давлатлар ўсиб бораётган беқарорлик шароитида Москва билан ҳамкорликка қизиқиш билдирмоқда. 2025 йилга бориб Марказий ва Ғарбий Aфрикада табиий ресурсларни қазиб олишдан олинадиган даромадлар икки баравар кўпайиб, йилига 2-3 миллиард AҚШ долларига етиши кутилмоқда, бу эса ХҲКларга қитъада ўз фаолиятини сезиларли даражада кенгайтириш имконини беради.