Гигантлар жанги: Boeing ва Airbus
Дунё бозорини ҳар томонлама эгаллаган икки йирик компаниянинг плюс ва минус томонлари.
Деярли ҳар қандай йирик авиакомпания энг ишончли, хавфсиз ва қулай самолётни сотиб олишга ҳаракат қилади. Шунда улар олдида савол туғилади: қайси компаниянинг маҳсулотини олган маъқул – Boeing ёки Airbus?
Boeing ва Airbus авиация ва космик саноатининг иккита глобал гиганти бўлиб, улар бир неча ўн йиллар давомида жаҳон бозорида етакчилик учун курашиб келмоқда. Уларнинг рақобати иқтисодий кўрсаткичлар ва молиявий натижалардан тортиб, илғор технологияларни жорий этишгача бўлган барча жиҳатларни қамраб олади.
Тарихий экскурс
Boeing компанияси 1916 йилда Сиэтлда (AҚШ) Уилям Эдвард Боинг томонидан ташкил этилган. У дастлаб кичик гидросамолётлар ишлаб чиқарган ва аста-секин авиация ва космик саноатдаги дунёвий етакчига айланган. Ўнлаб йиллар давомида Boeing ўз мавқеини Boeing 707 (биринчи реактив йўловчи самолёти), Boeing 747 (биринчи кенг фюзеляжли самолёт) ва Boeing 777 ва 787 Dreamliner каби замонавий самолётлар билан мустаҳкамлади.
2022 йил ўрталаридан бошлаб Boeing бош қароргоҳи Пентагон биноси жойлашган, Вашингтон чеккасидаги Aрлингтонга (Виржиния штати) кўчирилди. Aсосий ишлаб чиқариш қувватларининг жойлашган жойи ва айни пайтда корпорациянинг “туғилган жойи” Сиэтл шаҳри (Вашингтон штати) ҳисобланади.
Airbus 1970 йилда Европа консорциуми сифатида Aмерика авиация компаниялари, биринчи навбатда, Boeing компаниясига рақобат яратиш мақсадида ташкил этилган. Компания томонидан ишлаб чиқарилган биринчи модел Airbus A300 бўлиб, дунёдаги энг биринчи икки двигателли кенг фюзеляжли самолётдир. Компания йиллар давомида Airbus A320, A330, A350 ва энг йирик A380 йўловчи лайнери каби машҳур моделларни ривожлантирди ва ишлаб чиқарди. Airbus инновациялар ва самарали таъминот занжири орқали сезиларли бозор улушини эгаллашга муваффақ бўлди.
Airbus компанияси Европа самолёт ишлаб чиқарувчиси ҳисобланса-да, юридик нуқтаи назардан у Бланяк шаҳрида (Франциянинг Тулуза шаҳри чеккаси) жойлашган француз юридик шахсидир.
Иқтисодий кўрсаткичлар
Boeing компанияси 2023 йилда тахминан 76,6 миллиард доллар даромад олди, бу Boeing 737 МAХ хавфсизлиги билан боғлиқ можаролар ва COVID-19 пандемиясининг таъсиридан босқичма-босқич тикланганини кўрсатади.
Boeing янги технологияларни ишлаб чиқиш, савдо ва мудофаа самолётлари бозоридаги улушини кенгайтиришга катта эътибор қаратмоқда. Компания Boeing 737 МAХ каби тор фюзелажли самолётлар ишлаб чиқаришга асосий эътибор қаратмоқда, мудофаа ва космик соҳаларда лойиҳаларни ишлаб чиқмоқда.
Aммо Boeing сўнгги йилларда 737 МAХ инқирози туфайли жиддий йўқотишларга дуч келди. Бу эса ишлаб чиқаришни вақтинча тўхтатиш ҳамда зарар кўрган авиакомпанияларга товон тўлашга сабаб бўлди. Бироқ компания аста-секин тикланмоқда, янги моделлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва мудофаа лойиҳалари учун шартномалар тузиш орқали ўз рентабеллигини кучайтирмоқда.
Airbus охирги йилларда кучлироқ молиявий натижалар кўрсатмоқда. Компания даромади тахминан 79,5 миллиард евро (тахминан 85 миллиард доллар) бўлиб, у даромад бўйича Boeing’дан ўзиб кетди. Airbus шунингдек, ёқилғи самарадорлиги ва юқори экологик стандартлари билан машҳур бўлган A320 neo тор фюзелажли самолётларга катта сармоя киритмоқда ва буюртмалар бўйича етакчилик қилмоқда. Шунингдек, компания халқаро бозорларда, жумладан, Осиё ва Яқин Шарқда ўз фаолиятини кенгайтирмоқда.
Airbus сўнгги йилларда барқарор даромад ўсишини кўрсатяпти, бу асосан A320 neo ва A350 моделларининг муваффақиятли сотуви ҳисобига эканини таъкидлаш керак. A380 моделини дастлабки ишлаб чиқариш қийинчиликларига қарамай, Airbus йўқотишларни тежамкор моделлар ҳисобига қоплашга муваффақ бўлди. 2023 йилда компания барқарорлик ва юқори операцион самарадорликни намойиш қилиб, тахминан 4,6 миллиард евро соф фойда олди.
Технологик имкониятлар ва эксклюзив технологиялар
Boeing ўз самолётларининг ёқилғи тежамкорлигини ошириш учун инновацион технологияларни ишлаб чиқди ва жорий қилди. Boeing 787 Dreamliner енгил композит материалларидан ясалган бўлиб, улар самолёт вазнини камайтирди ва аэродинамикасини яхшилади. Boeing, шунингдек, ўз самолётларининг рақамли интеграциясини фаол равишда ривожлантирмоқда, бу эса яхшироқ бошқариш ва маълумотларни таҳлил қилишни таъминлайди.
Boeing космик технологиялар, ракеталар, сунъий йўлдошлар ва Халқаро космик станция (ХКС) лойиҳаларини ишлаб чиқишда етакчи ҳисобланади. Aсосий технологиялардан бири – экипажларни ХКСга етказиш учун мўлжалланган Starliner ташувчи ракетасидир.
Airbus эса атроф-муҳит технологияси ва барқарор ривожланишга содиқ қолмоқда. Мазкур компания углеродсиз янги самолётларни, жумладан, водородни асосий ёқилғи манбаи сифатида ишлатадиган ZEROe лойиҳасини ишлаб чиқмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатлар келгуси ўн йилликларда тоза авиацияга эришишни мақсад қилган.
Airbus авиакомпанияларга операцион харажатларни оптималлаштириш ва техник хизмат кўрсатишни режалаштиришда ёрдам берувчи Skywise – маълумотлар таҳлили платформаси каби рақамли ва автоном технологияларни жорий этиш устида фаол ишламоқда.
Афзалликлар ва заиф томонлари
Boeing афзалликлари:
• Мудофаа ва космик саноатда кучли иштирок.
• Тижорий самолётларнинг кенг ассортименти, жумладан 787 Dreamliner ва 737 МAХ каби инновацион моделлар.
• Aмерика авиакомпаниялари ва давлат, ҳукумат ва ҳарбий мижозлар билан мустаҳкам алоқалар, янги моделларнинг юқори самарадорлиги, космик соҳада технологияларни ривожлантириш.
Boeing камчиликлари:
• Aсосан Америка бозори ва сиёсий омилларга қарамлик.
• Boeing 737 МAХ моделидаги хавфсизлик муаммолари, янги моделларни ишлаб чиқаришдаги кечикишлар, кенг фюзеляжли самолётлар соҳасида юқори рақобат туфайли обрў йўқотиши.
Airbus афзалликлари:
• Тоза технологиялар ва углеродсиз самолётларни ишлаб чиқишда етакчилик.
• Юқори самарадорлик ва тор фюзеляжли самолётларнинг муваффақиятли моделлари (масалан, A320 neo).
• Осиё ва Яқин Шарқ бозорларида глобал мавжудлик ва фаол кенгайиш.
• Маҳсулотларни бозор талабларига мослаштиришда мослашувчанлик.
Airbus камчиликлари:
• Европа бозорларига ва Европа Иттифоқи томонидан қўллаб-қувватланишга қарамлик.
• Кенг фюзеляжли самолётлар соҳасида Boeing компаниясининг кучли рақобат босими.
• Янги моделларни ишлаб чиқаришда кечикишлар, рақобатчиларга нисбатан айрим моделларнинг юқори нархдалиги боис маркетинг жозибадорлигини йўқотиш.
Ким энг ишончли самолётни ишлаб чиқаради?
Boeing 777 модели деярли чорак аср давомида бирорта ҳам жиддий ҳалокатга учрамаган энг хавфсиз йўловчи самолётлари рейтингида етакчи ҳисобланади. Ушбу моделдаги 700 дан ортиқ самолётлар ўн миллионлаб соат парвоз қилган.
Умуман олганда, ҳеч қачон "ҳалокатга учрамаган" самолётлар (бугунги кунда учадиганлари) рўйхатидан Airbus A350 (2015 йилдан бери 347 дона ишлаб чиқарилган) ва Boeing 787 Dreamliner (2011 йилдан бери 939 дона) Airbus A380 (2007 йилдан буён 242 дона) моделлари ҳисобланади.
Бироқ дунёдаги энг хавфли самолётлар рўйхатида ҳам Boeing-737 модели ҳисобланади. Сабаби, 737 МAХ авлоди янги двигателлар билан жиҳозланган, уларнинг диаметри илгари ўрнатилганидан сезиларли даражада катта. Шу сабабли, тортишиш кучайган ва кўтарилиш пайтида самолётнинг тумшуғи тепага кўтарилиб кетишга мойил бўлади доим.
Айниқса, Boeing 737 Мах модели хавфсиз эмас деб топилган ва 2019-2020 йилларда содир бўлган 2 та авиаҳлокатдан кейин уларда парвоз қилиш тўхтатилган.
Энг хавфли самолётлар рўйхатининг иккинчи қаторида эса Airbus A-310 туради. Ушбу самолёт билан содир бўлган аварияларда жами 830 киши ҳалок бўлган.
Кимнинг маҳсулоти машҳурроқ?
Airbus компанияси кетма-кет беш йил давомида Boeing’га қараганда кўпроқ буюртма оляпти 2023 йилда у 2319 та буюртма олган, Boeing компанияси эса 1456 та буюртма олди холос.
Ўтган йили сентябр ойида Wells Fargo банк ва суғурта холдинг компанияси Boeing акциялари рейтингини пасайтиргач, Airbus бозор капиталлашуви бўйича америкалик рақобатчисини ортда қолдирди.
Бозорни забт этиш стратегияси
Ўтган асрнинг 90-йилларигача жаҳон самолётсозлик саноатида “ўйинчилар” кўп эди. Бироқ Boeing 1997 йилда Америкадаги асосий рақобатчиси McDonnell Douglas компаниясини сотиб олди. АҚШдаги Lockheed Martin ва Convair, Европадаги British Aerospace, Fairchild Aircraft ва Fokker компаниялари эса уларнинг маҳсулотига талаб пасайиши ва бошқа иқтисодий муаммолар туфайли бозордан чиқиб кетишди. Россия ва Хитой компаниялари ҳалиям бозорнинг жуда арзимаган қисмига эгалик қилишади.
Натижада Boeing ва Airbus жаҳон самолётсозлик саноатидаги ягона рақобатчи бўлиб қолишди. Лекин ушбу 2 компания бозорни забт этиш учун турли стратегиялардан фойдаланади.
Масалан, Boeing ёнилғи тежамкорлиги ва эксплуатация харажатлари паст бўлган самолётларни яратиш ва ишлаб чиқаришга фаол сармоя киритмоқда. Сўнгги ўн йилликлар давомида Boeing AҚШда кучли база қурди ва American Airlines ва Southwest Airlines каби йирик авиаташувчилар билан мустаҳкам алоқалар ўрната олди.
Airbus эса технологик инновациялар ва барқарорликка содиқ бўлиб, углерод изини камайтириш учун бугунги кун талабларига жавоб берадиган ечимларни таклиф қилади. Airbus, шунингдек, авиакомпаниялар янада экологик тоза самолётларни қидираётган Осиё ва Яқин Шарқ бозорларида ўз иштирокини фаол равишда кенгайтирмоқда.
Маркетинг ва реклама урушлари
Boeing ва Airbus ўртасидаги маркетинг урушлари тарихи ўткир воқеаларга тўла. Ушбу икки компания нафақат технология ва буюртмалар соҳасида рақобатлашади, балки ўзларининг афзалликлари ва рақобатчисининг камчиликларини кўрсатиш учун реклама ва медиа кампанияларидан фаол фойдаланади.
Boeing ўзининг реклама кампанияларида кўпинча "Aмерика сифати", самолётларининг ишончлилиги ва чидамлилигига эътибор қаратади. Рақиби ишлаб чиқарган A380 модели билан боғлиқ муаммоларга жавобан, Boeing 787 Dreamliner моделининг муваффақияти ва кам ёқилғи сарфини таъкидлайди.
Airbus ҳам четда турмайди, доимо ўз самолётларининг экологик стандартлари ва уларнинг энергия самарадорлигига эътибор қаратади. Ўзининг машҳур маркетинг ҳийлаларидан бирида Airbus ўз моделларининг бир йўловчиси учун ёқилғи сарфини Boeing рақобатчилари билан солиштиришни таклиф этди ва улар анча тежамкор эканлигини намойиш қилди.
Икки компания ўртасидаги субсидиялар бўйича оммавий келишмовчиликларни ҳам таъкидлаш керак. Airbus компанияси Boeing’ни AҚШ ҳукуматидан ноқонуний субсидиялар олганликда айблайди. Boeing эса, ўз навбатида, Airbus Европа Иттифоқидан ноҳақ ёрдам олаётганини таъкидлайди. Ушбу келишмовчиликлар ҳатто Жаҳон Савдо Ташкилоти (ЖСТ) доирасида кўриб чиқиладиган мавзуга айланган эди.
Рақобат – тараққиёт омили
Boeing ва Airbus ўртасидаги курашлар глобал авиация ривожланишида муҳим рол ўйнаяпти. Доимий рақобат шарофати билан иккала компания ҳам ўз маҳсулотларини такомиллаштиришда давом этмоқда, инновацион технологияларни ривожлантириш ва бозор стратегиясига турли ёндашувларни ўйлаб топиб, бутун жаҳон авиация соҳасини ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда.
Boeing асосий эътиборини аэродинамика ва коинот соҳасидаги инновацияларга қаратаётган бўлса, Airbus экологик технологиялар ва барқарорликка урғу бермоқда. Иккала гигант ҳам бозор талабларига мослашишда ва етакчи ўринларни эгаллашнинг янги усулларини излашда давом этмоқда.
Абулфайз Сайидасқаров