platina.uz

Квадроберлик ўзи нима? Унинг психологик жиҳатлари

Мазкур ҳаракат иштирокчилари асосан болалар ва ўсмирлар бўлиб, улар ота-онаси, яқинлари ёки жамиятга ўз фикрини айтишга уялса, журъат қилолмаса, мана шу йўсинда сўз айтишади.

Таҳлил
20 октябрь, 15:02
Квадроберлик ўзи нима? Унинг психологик жиҳатлари
Фотоколлаж: Platina.uz

Охирги пайтларда Ўзбекистонда квадроберлар ҳаракати пайдо бўлгани ҳақида шов-шув кўтарилди. Бу ҳаракат ихлосмандларини дунёдаги энг ёвуз одамларга менгзашди. Мамлакатдаги барча муаммоларда ўшаларни айбдор қилишди. Қонуний жазо билан қўрқитишди. Муболаға қилиб айтганда, квадроберлар бўлмаса, анча фаровонроқ ва тинчроқ яшашимиз мумкинлиги уқдирилди.

Бу ҳаракатга қарши тарафларнинг ягона аргументи – гўёки квадроберлар кўчада одамларга ташланиб, қўрқитиб-тишлаб зарар етказиши мумкин эмиш. Жудаям кучсиз ва мунозарали баҳона, шундай эмасми? Чунки ҳар қандай одам бу ишни қилиши мумкин, ҳатто калтаклаши ёки ўлдириши ҳам мумкин.

Маълумот учун айтиш керак, квадроберлар (инглизча - quadrobists, quadrobers, бу атама аслида лотинча quattuor — тўрт ва инглизча aerobics — аэробика сўзларидан олинган) – бу ҳайвонларнинг хатти-ҳаракатлари ва одатларига тақлид қилувчи одамларнинг, асосан болалар ва ўсмирларнинг ижтимоий ҳаракати билан тавсифланган ҳодиса. Улар мушук ёки ит каби ҳайвонларнинг костюмлари ва ниқобларини кийиб, тўрт оёқлаб юришади. Ушбу ҳаракатнинг пайдо бўлиши унинг психологик илдизлари ва жамият учун оқибатлари ҳақида одамларда қизиқиш уйғотиши ва саволлар туғдириши табиий.

Квадроберликнинг психологик сабаблари ва мотивацияси

Квадроберликка ўз-ўзини ифода этиш ва ўзлигини (идентификациясини) излаш усули сифатида қараш мумкин, бу айниқса ўсмирлар учун муҳим. Бу ёшда улар кўпинча ўз "мен"ни излайди, бошқалардан ажралиб туришга ва ўзларининг индивидуаллигини намойиш қилишга интилишади.

Ҳайвонларнингхатти-ҳаракатларига тақлид қилиш орқали улар ўзларининг ҳис-туйғуларини оддий инсон ролига қараганда эркинроқ ифода этишларига ишонишади.

Квадроберликка қизиқишнинг эҳтимолий сабабларидан бири – бу шафқатсиз реаллик ва жамият босимидан (societal pressure) қочиш истаги бўлиши мумкин. Ҳайвонларга тақлид қиладиган хулқ-атвор болаларга жамият қоидалари ва талаблари унчалик қатъий белгиланмаган муҳитда ўзларини хавфсизроқ ва тушунарлироқ ҳис қилишларига имкон беради. Бундан ташқари, бу ҳаракатга оид бўлиш – стрессдан халос бўлиш ёки ички низоларни ҳал қилиш учун ҳам хизмат қилиши мумкин.

Квадробер бўлишдан нима фойда?

Квадроберлар учун уларнинг ҳаракатлари бир нечта мақсадларга эга бўлиши мумкин:

1. Ўзини намоён қилиш ва креативлик: ҳайвонларнинг либослари ва хатти-ҳаракатлари орқали улар ўз шахсияти ва ижодий ғояларини ифода этишлари мумкин.

2. Жамоа ташкил этиш, ижтимоий якдиллик: квадробинг кўпинча ўхшаш қизиқишларга эга одамларни бирлаштиради. Иштирокчиларнинг бир-бирини қўллаб-қувватлаши ва ўзаро ғамхўрлик қилиши – кучли ижтимоий бирдамликни яратади.

3. Ижтимоий ташвишни енгиш: баъзи болалар мулоқот қилишда қийинчиликларга дуч келиши мумкин ва улар рол ўйнайдиган ҳайвонлар орқали бошқалар билан қулайроқ мулоқот қилиш йўлини топишади. Яъни бола ўз мени орқали мулоқот қилишдан уялса, ўз сўзлари ва ҳаракатлари учун жавобгарликдан қочса, ўзини шу ҳайвонлар орқали тақдим этади. “Мен эмас, мушукча гапиряпти ёки югуряпти” қабилида фикрлаш унга руҳий комфорт бағишлайди.

Бундай хатти-ҳаракатлар қўллаб-қувватланадиган ва оммалаштириладиган онлайн жамоалар ва платформаларнинг мавжудлиги ёшлар ўртасида квадроберлик ҳаракатининг тез тарқалишига ёрдам беради.

Квадроберлик билан шуғулланиш – бир жиҳатдан, психологиядаги “қўғирчоқ терапияси” (Muppet Therapy) услубига ўхшайди.


Қўғирчоқ терапияси – арт-терапиянинг услубларидан бири бўлиб, қўғирчоқдан психокоррекция воситаси, бола ва катталар мулоқоти учун улар ўртасидаги воситачи объект сифатида қўллаб, асосан болалар ва ўсмирларга психологик ёрдам кўрсатишдир.

Бу услуб болаларда оғриқли кечинма ва хотирларга ишлов бериш ва бартараф этиш, уларнинг руҳий саломатлиги ва ижтимоий адаптацияси (мослашувчанлигини) мустаҳкамлаш, жамоадаги низоли ҳолатларни бартараф этиш учун қўлланилади.

Қисқа қилиб айтгада, бола тортинчоқ ва уятчан бўлса, катталар билан гаплашишга, улардан бирор нарсани сўрашга журъат қила олмаса, буни қўғирчоқ воситасида амалга ошириши мумкин.

Баъзан “вентрилогия”га (русча – чревовещание, инглизча Ventriloquism ёки лотинча "ошқозондан овоз") ҳам қўғирчоқ терапеясининг бошқа бир йўналиши сифатида қарашади. Бунда одам бир қўлига ичи бўш қўғирчоқни кийиб юради, лабларини қимирлатмасдан, оғзини очмасдан ва қорнидан гапириб, гўёки шу қўғирчоқ гапираётгандек таассурот уйғотади. Қўғирчоқ ўйнатувчи шу қўғирчоқ орқали ташқи олам билан мулоқот қилади.


Жамиятга зарар келтириши мумкинми?

Бир қарашда квадроберлик билан шуғулланиш зарарсиз хоббидек туюлса-да, бу жамиятга салбий таъсир кўрсатиши ҳам мумкин:

1. Ижтимоий изоляция: ўсмирлар ўз даврасида вақт ўтказишни афзал кўрса, бу жамиятдан ташқаридаги одамлар билан мулоқот қилишдан қочиб, бундай фаолиятга жалб қилиш ижтимоий изоляцияга олиб келиши мумкин.

2. Тушунмовчилик ва стигма: бу ҳаракат билан таниш бўлмаганлар ҳаракат аъзоларини ғалати ёки девиант шахс сифатида қабул қилишлари мумкин, бу эса стигматизация ва салбий муносабатга олиб келади.

3. Жамоатчилик хулқ-атвори нормаларини бузиш: квадроберларнинг жамоат жойларида ҳайвонларга тақлид қилиш билан боғлиқ бўлган хатти-ҳаракатлари ижтимоий нормаларни бузиши ва бошқаларнинг норозилигига сабаб бўлиши мумкин.

Болалар нега қизиқмоқда?

Квадроберликка қизиқиш – болаларнинг уларга етишмаётган қўллаб-қувватлаш ва бор ҳолича қабул қилишларига интилишлари билан боғлиқ. Буни оиласида ёки дўстлари даврасида топмаган болалар шу каби жамоларнинг аъзоси бўлишга интилишади. Улар бу жамоада ўз ҳамфикрларини топишади, бу уларга ўзларини каттароқ нарсанинг бир қисмидек ҳис қилишларига ва ёлғизлик ҳамда тушунмовчилик туйғусидан халос бўлишга ёрдам беради. Бу, шунингдек, ёшларга хос “исёнкорлик” амбицияларини қондириш, жамият томонидан ўрнатилган анъанавий меъёрлар ва кутилмаларга қарши норозилик воситаси сифатида шундай жамоаларга қўшилишни танлашларига сабаб бўлади.

Ижтимоий нуқтаи назаридан, квадроберликнинг ривожланиши ижобий ва салбий оқибатларга эга:

Ижобий жиҳатлар

Бундай ижтимоий ҳаракатлар бағрикенглик ва ўзини ифодалашнинг (идентификация) турли шаклларини тушунишни ўргатади, бу эса пировардида янада очиқроқ ва толерантроқ жамият шаклланишига олиб келади.

Салбий жиҳатлар

Реал ҳаёт воқелигидан қочиб, бундай субмаданиятларга ўтишни танлаган одамлар сонининг кўпайиши реал дунёда ўзаро мулоқотнинг заифлашувига ва ижтимоий ҳамжиҳатлик ва бирдамликнинг пасайишига олиб келиши мумкин.

Бир неча сўз билан айтганда...

Квадроберлик – ўзликни излаш, ўзини намоён қилиш ва ижтимоий босимдан қочиш истаги билан боғлиқ бўлган мураккаб ижтимоий ҳодиса. Ушбу ҳаракатнинг психологик жиҳатларини тушуниш – унинг сабаблари ва оқибатларини яхшироқ англашга ёрдам беради, шунингдек, бу дунёда ўз ўрнини қидираётган болалар ва ўсмирларни қўллаб-қувватлаш стратегиясини ишлаб чиқишга туртки бўлади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+