Ҳиндистонда исломофобия кучаймоқда
Ҳиндистоннинг келажаги кўп жиҳатдан ҳукмрон партия сиёсатига, шахсан Модининг сиёсий иродасига ва жамиятнинг диний муросасизлик ҳамда миллатлараро можаролар билан боғлиқ муаммоларни енга олиш қобилиятига боғлиқ.
Ҳиндистон – мусулмон аҳолиси кўплиги бўйича дунёдаги иккинчи энг катта давлат. 2024 йил ҳолатига кўра, Ҳиндистонда тахминан 200 млн мусулмон бор, бу мамлакат умумий аҳолисининг (тахминан 1,4 млрд) қарийб 14 фоизини ташкил қилади. Бироқ Ҳиндистонда мусулмонлар кўплигига қарамай, сўнгги йилларда мусулмонларга қарши сиёсий ҳаракатлар билан бирга зўравонлик, дискриминация ва исломофобия кучайган.
Исломофобия кучайишининг сабаблари
1. Ҳукмрон партия BJP (Bharatiya Janata Party) сиёсати ва мафкураси:
Бош вазир Нарендра Моди бошчилигидаги BJP ҳинд миллатчилиги (Ҳиндутва) мафкурасига амал қилади, бу Ҳиндистонни фақат ҳинд давлатига айлантиришни мақсад қилган. Бу мафкура мусулмонларни “бегона” ва манфаати ва маданияти Ҳиндистоннинг ҳинд анъаналарига зид бўлган озчилик деб билади.
Моди 2014 йилда ҳокимият тепасига келгач, 2019 йилги сайловлардаги кейинги ғалабаларидан бери BJP ҳинд миллатчилигини қўллаб-қувватлашга қаратилган, лекин мусулмонларга қарши риторикасини кучайтирди. Модининг ишончли шотирларидан бири, Уттар-Прадеш штатининг бош вазири Йоги Адитянатх каби етакчилар мусулмонларга қарши провокацион баёнотлар бериш ва уларни камситиш сиёсатини фаол қўллаб-қувватлаш билан машҳур. Масалан, у чиқишларидан бирида “мусулмонлар Ҳиндистонда бекор қолишган, улар кетишлари керак эди” деган.
2. Баҳсли қонунлар ва сиёсатларни қабул қилиш:
Фуқаролик тўғрисидаги қонун (CAA) 2019 йилда қабул қилинган бўлиб, у қўшни мамлакатлардан келган ноқонуний муҳожирларга фуқароликни беради, лекин мусулмон бўлса берилмайди. Бундай диний камситиш оммавий норозиликларга сабаб бўлди ва улар куч билан бостирилди.
Ўша йили Жамму ва Кашмирнинг махсус мақоми (Конституциянинг 370-моддаси) бекор қилинди, бу эса асосан мусулмонлар яшайдиган ушбу минтақада кескинликни кучайтирди ва қаттиқ хавфсизлик чоралари кўрилиши ва инсон ҳуқуқларининг бузилишига олиб келди.
3. Оломонни гиж-гижлаш ва зўравонлик:
Сўнгги йилларда ҳиндларнинг мусулмонларга қарши радикал зўравонликлари, жумладан, мол гўшти ейишда айбловлари ва масжидларга ҳужумлар кўпайган. Aксарият ҳодисалар жазосиз қолиб, экстремистлар орасида жазосизлик ҳиссини кучайтиради.
Ҳиндистон инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, 2014 йилдан бери бундай ҳужумлар натижасида 100 дан ортиқ мусулмон ҳалок бўлган ва минглаб одамлар жароҳатланган.
Исломофобия ва таъқибларнинг оқибатлари
BJP ва унинг тарафдорлари, шахсан Модининг хатти-ҳаракатлари, баёнотлари ва сиёсий қарорлари оқибатида жамиятда қутбланиш кучаймоқда. Исломофобиянинг кучайиши Ҳиндистондаги мусулмон ва ҳинд аҳолиси ўртасидаги зиддиятнинг кенгайишига олиб келди. Жамиятда одамлар орасида ўзаро ишончсизлик ва душманлик кайфияти кучаймоқда, бу эса кўп маданиятли ва кўп конфессияли давлат асосларига путур етказмоқда.
Ҳиндистон жамиятидаги ҳинд миллатчилиги сиёсати таълим, иш ва ижтимоий ҳаётда сегрегацияга олиб келади, бу ерда мусулмонлар камситиш ва тенг имкониятлардан фойдаланишда қийинчиликларга дуч келишади. Масалан, яқинда чиққан талабга кўра, дўконларда ва хизмат кўрсатиш нуқталарида ишловчиларнинг исм-фамилиялари кўринарли жойда ёзиб қўйилган бўлиши лозим. Бу ҳам ваҳший ҳамда жоҳил ҳиндлар оломони вайрон қилиши ва ўлдириши “мумкин” бўлган тадбиркорлик субъектлари ва мусулмонларни осон белгилаб олишга хизмат қилиши учун ўйлаб чиқарилган дейилмоқда.
Ҳиндистон ҳукумати ва эктремист ҳинд аҳолининг мусулмонларнинг ҳуқуқларини поймол қилаётгани ва озчилик аҳолини репрессия қилаётгани учун халқаро ҳамжамият томонидан танқидга учрамоқда. AҚШ ва Европа Иттифоқига аъзо давлатлар Ҳиндистонни инсон ҳуқуқлари ва демократия тамойилларини қўллаб-қувватлашга чақирди.
Халқаро ташкилотлар, жумладан, Amnesty International ва Human Rights Watch Ҳиндистон ҳукуматининг мусулмонларга нисбатан очиқ душманона ҳаракатларини бир неча бор қоралаб, бундай ҳаракатлар демократик қадриятлар ва инсон ҳуқуқларига зид эканини таъкидлаган.
Ҳиндистондаги бундай носоғлом вазият Ҳиндистоннинг инвестицион жозибадорлиги пасайишига олиб келади. Кўпгина халқаро компаниялар ва инвесторлар сиёсий беқарорлик ва динлараро можаролардан узоқроқ туришни маъқул кўришади чунки.
Истиқболда (агар шунга журъат қиилишса) Ислом давлатларининг иқтисодий санкциялари ва бойкотлари ҳам Ҳиндистоннинг иқтисодий аҳволини ёмонлаштириши мумкин, чунки мусулмон давлатлари дунёдаги муҳим савдо ҳамкорлари ва энергия етказиб берувчи субъектлар ҳисобланади.
Афсуски, ҳозирча бундай амалий ва таъсирчан қадамлар кузатилгани йўқ. Масалан, БААда улкан ҳинд ибодатхонаси қурилди ва Моди ва унинг делегацияси иззат-икром билан кутиб олинди.
Шунингдек, ҳинд делегацияси Саудия Арабистонининг ҳам азиз меҳмони. Шу йил январ ойида ҳиндистонлик номусулмон амалдорлар муқаддас Мадина шаҳрида меҳмон қилинган.
Исломофобия кучайишида Бош вазир Нарендра Модининг роли
Нарендра Моди Ҳиндистонда исломофобияни кучайтиришда муҳим рол ўйнайди. У қонунсизликларга панжа орасидан қараши ва ҳинд миллатчи ташкилотларини билвосита қўллаб-қувватлаши орқали мусулмонларга қарши риторика одатий ҳолга айланган муҳит яратмоқда. Унинг ҳукмронлиги даврида, 2014 йилдан бошлаб, ҳукумат сиёсати ва риторикаси мусулмон аҳолига нисбатан тажовузкорлашиб кетяпти.
Масалан, яқинда икки нафар жоҳил ҳинд экстремисти масжидга бостириб кириб мусулмонларни ҳақорарт қилган ва ўз бут ва илоҳларини улуғлаган шиорларни бақирган эди. Яқинда суд уларни оқлади ва бундай аҳмоқона ҳаракатлар қонунчиликда тақиқланмаслиги белгилаб қўйилди. Бундан буён истаган ҳинд масжидга кириб билган ишини қилиши мумкин: истаса ўзи худо санайдиган сигирни етаклаб киради, истаса ўзи ясаган илоҳларини олиб кириб жойлаштиради.
Моди камдан-кам ҳолларда мусулмонларга нисбатан зўравонликни ёки радикаллар фаолиятини қоралайди ва унинг партияси BJP ўз тарафдорларини сафарбар қилиш ва сиёсий мақсадларга эришиш учун мусулмонларга қарши кайфиятдан фаол фойдаланади. Бу позиция Ҳиндистонда ҳам, хорижда ҳам хавотир уйғотмоқда.
Моди даврида бир қанча масжидлар турли баҳоналар билан бузиб ташланди. Ҳижоб, намоз ва диний маърузаларга қарши ҳукумат миқёсида кураш ва таъқиб бошланди. Масалан, Бобур қурдирган масжид, бу ерда қадим замонларда Кришна ибодатхонаси бўлган, деган баҳона билан бузиб ташланиб, ҳинд ибодатхонаси қурилди.
Прогнозлар ва эҳтимолий сценарийлар
1. Мусулмонларга босим янада кучаяди:
Ҳиндистон ҳукумати келгуси йилларда мусулмонларга нисбатан камситиш сиёсатини, жумладан, қонунчилик ва хавфсизлик сиёсатини кучайтиришда давом этиши мумкин. Бу эса адолатсизлик ва зулм туйғулари остидаги мусулмон жамияти ўртасида радикаллашувнинг кучайишига олиб келиши мумкин.
2. Халқаро босим ва санкциялар:
Aгар вазият янада ёмонлашса, Ҳиндистон халқаро босимга, жумладан, Ғарб ва ислом давлатларининг санкциялари ёки дипломатик чекловларига дуч келиши мумкин. Бу мамлакат иқтисодиёти ва глобал имижига салбий таъсир кўрсатиши тайин.
3. Сиёсий сафарбарлик ва норозилик намойишлари:
Ҳиндистондаги мусулмонлар жамияти норозилик ҳаракатларини кучайтириши ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун халқаро ташкилотлар билан мувофиқлаштиришни тезлатиши мумкин. Бу эса, ўз навбатида, мусулмонлар ўртасида сиёсий фаолликнинг ошишига ва демократик жараёнлардаги иштирокининг ортишига олиб келиши мумкин.
Шундай қилиб, Ҳиндистоннинг келажаги кўп жиҳатдан ҳукмрон партия сиёсатига, шахсан Модининг сиёсий иродасига ва жамиятнинг диний муросасизлик ҳамда миллатлараро можаролар билан боғлиқ муаммоларни енга олиш қобилиятига боғлиқ. Айни даврда эса ижтимоий барқарорликни сақлаш ва диний мансублигидан қатъи назар, барча фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Ҳиндистон ҳукумати учун муҳим зарурият бўлиб қолмоқда.