platina.uz

Феминизм: зиддият ва туташ нуқталар

Бу тушунча аслида собиқ иттифоқнинг хато сиёсати туфайли нотўғри талқинларга дуч келмоқда. Қолаверса, Ғарб энди тушунган бу қадриятни Ислом дини бир неча аср олдин мустаҳкамлаб қўйган.

Таҳлил
20 октябрь, 17:32
Феминизм: зиддият ва туташ нуқталар
Фотоколлаж: Platina.uz

Феминизм гендер тенглигига эришиш, гендер камситишларига барҳам бериш ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ижтимоий, сиёсий ва маданий ҳаракатдир. Феминизмнинг келиб чиқиши XVIII асрнинг охирларида Европа ва Шимолий Aмерикада аёллар ҳуқуқлари масалалари фаол муҳокама қилина бошлаган пайтларга бориб тақалади. Илк феминизм ғояларини акс эттирувчи биринчи йирик ҳужжатлардан бири – Мери Уолстоункрафтнинг "Aёл ҳуқуқларини ҳимоя қилиш" (1792) асаридир. Унда Мери хотин-қизларнинг таълим олиши, уларнинг тенг ҳуқуқли эканини илгари сурган.

Феминизм тарихи шартли равишда учта тўлқинга бўлинади:

1. Биринчи тўлқин (XIX аср охири – XX аср бошлари) аёлларнинг сайлов ҳуқуқи ва мулкий ҳуқуқлари масалаларига эътибор қаратди.

2. Иккинчи тўлқин (1960-1980-йиллар) репродуктив ҳуқуқлар, жинсий эркинлик, меҳнат ҳуқуқлари ва зўравонликдан ҳимояланиш каби кенгроқ масалалар билан шуғулланди.

3. Учинчи тўлқин (1990-йилларнинг бошидан ҳозирги кунгача) аёлларнинг маданий ва ирқий хилма-хиллигини ҳимоя қилишга қаратилган ҳаракат бўлди.

Бугунги кунда феминизм жамиятдаги патриархал тузилмаларга қарши кураш ва жинси, ирқи ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳамма учун тенг имкониятлар яратиш каби янги масалаларни ўз ичига олган ривожланиш йўлидан давом этмоқда.

Ҳозирги вазият

XXI асрда феминизм глобал ижтимоий сиёсатдаги шов-шувли ҳаракатлардан бирига айланди. Ғарб мамлакатларида феминистик ғоялар оммавий маданиятнинг бир қисмига айланди ва кўплаб аёллар тенг ҳуқуқ ва имкониятлар учун курашда сезиларли ютуқларга эришдилар. Мисол учун, #МеТоо каби ҳаракатлар жамиятга катта таъсир кўрсатиб, жинсий зўравонлик ва таъқиблар муаммосига жамоатчилик эътиборини қаратди.

Лекин, бундай муваффақиятларга қарамасдан, феминизм баъзи мамлакатларда, айниқса, анъанавий ёки диний қарашлар ҳукмрон бўлган жойларда қаршиликка дуч келади. Яқин Шарқ, Aфрика ва Марказий Осиёда гендер тенгсизлиги долзарб муаммо бўлиб қолмоқда ва феминистик ғоялар кўпинча миллий ёки диний қадриятларга таҳдид сифатида қабул қилинади. Шу билан бирга, Осиё ва Aфриканинг айрим мамлакатларида феминистик ҳаракатлар тенглик ва анъанавий меъёрлар ўртасидаги мувозанатни топишга интилиб, ўз ёндашувларини маданий ва диний шароитларга мослаштирмоқда.

Ғарбда эса феминизм абсурдлашиб, ўзига хос мутацияга учрамоқда. Бу ерда, айтайлик, сиз автобусда бирор аёлга жой бўшатмоқчи бўлсангиз, “сен аёл бўлганинг учун заифсан, тез чарчаб қоласан” деган фикрда жой бердингми, дея маломат қилиши ҳам фантастик вазият эмас. Ёки ишхонада бирор аёлга эшик очиш, яхши гапириш, бирор муаммосида ёрдам беришга уриниш ҳам ёки антифеминизм, ёки жинсий шилқимлик сифатида талқин этилади ва ҳатто қонунчилик талабларига биноан жазо берилади.

Ўзбек миллий қадриятлари ва феминизм

Ўзбекистон бой тарих ва маданий анъаналарга эга, миллий қадриятлар жамият ҳаётида муҳим ўрин тутадиган мамлакатдир. Aнъанавий ўзбек қадриятлари катталарга ҳурмат, оила ришталари, миллий урф-одатларни сақлаш, эркак ва аёл ўртасида тақсимланган ролларга асосланади. Aнъанавий ўзбек маданиятида аёл кўпинча уй бекаси мақомида бўлади, унинг асосий вазифалари болаларни тарбиялаш ва оилага ғамхўрлик қилишдан иборат.

Шу нуқтаи назардан, аёллар учун тенг ҳуқуқ ва мустақилликка қаратилган феминистик ғоялар белгиланган меъёрларга қарши кураш сифатида қабул қилиниши мумкин. Феминизм ва ўзбек қадриятлари ўртасидаги асосий зиддиятлардан бири бу – гендер роллари ва оилавий масъулият масаласидир. Aёлнинг оилада тутган ўрни, урф-одатларга садоқатлилиги ўзбек жамиятининг асосий элементи ҳисобланади.

Феминизм ва миллий қадриятлар: зиддият ва ўхшашликлар

Аксарият тафовутларга қарамай, феминизм ва ўзбек миллий қадриятлари умумий тил топиша олади. Масалан, хотин-қизларнинг таълим олиши ва иқтисодий иштирокини рағбатлантириш оила ва бутун жамиятнинг иқтисодий мавқеини яхшилашга ёрдам бергани учун ижобий баҳоланиши мумкин. Хотин-қизларнинг меҳнат ва таълим олиш ҳуқуқларини мустаҳкамлаш нафақат жамият ривожига хизмат қилади, балки Ўзбекистоннинг жамиятни модернизация ва ислоҳ қилиш бўйича миллий мақсадларига ҳам мос келади.

Бошқа томондан, сезиларли фарқлар мавжудлигини тан олиш керак. Тўлиқ гендер эркинлиги, аёлларнинг мустақиллиги ва ўзини намоён эта олиш ҳуқуқи ҳақидаги феминистик ғоялар Ўзбекистон жамиятининг консерватив доиралари учун номақбул бўлиши мумкин. Бу давраларда аёллар эркинлиги анъанавий турмуш тарзига таҳдид, оиладаги тотувликни бузиш сифатида қабул қилинади. Айтайлик, ўзбек оиласига, у ҳар қанча замонавий бўлмасин, эр ва хотин рўзғорга баравар улуш қўшсин дейиш номақбул бўлади. Тенг бўларканмиз, деб хотин эрини идиш-товоқ ювиш, уй супуриш ва овқат пиширишга мажбурлаши ёки эрнинг хотинига “сен ҳам мен билан баравар пул топ, оғир ишларда мен билан баравар ишлагин”, дейишини тасаввур қилиш қийин. Зеро ўзбек жамиятидаги оилада эр ва хотин роллари ҳамда мақоми ўртасидаги чегаралар аллақачон белгиланган ва уларни бузиш икки томоннинг ҳам норозилигига сабаб бўлиши, оиладаги аҳиллик ва баҳамжиҳатликка путур етказиб, алал-оқибат оила бузилишига олиб келиши мумкин.

Шу билан бирга, айрим омиллар ҳам борки, феминизмнинг бор ҳолича қабул қилинишига тўсқинлик қилади.

Аввало, СССР даврида “аёллар ва эркаклар тенг бўлади”, деган баландпарвоз шиорлар байроқ қилингани, лекин амалда аёллар оғир меҳнат шароитларида – асфалт ётқизиш ва метал қуйиш каби касбларда ишлаб қийналишгани бу шиорга салбий маъно берди. Шу боис халқ орасида гендер тенглиги деганда, аввало мана шундай “тенглик” тушуниладиган бўлди.

Иккинчидан, ўзбекистонликларнинг аксарияти мусулмонлар бўлгани боис, асосий урф-одатлар ва феминизмга муносабат ҳам айнан исломий қадриятлар асосида шаклланган. Исломофоб ва Ғарб медиаси ҳар қанча исломни ёмон кўрсатиб, мусулмонларни аёлларни хўрлайдиган қатлам сифатида таништиришга уринмасин, аслида вазият ундай эмаслиги ошкор бўлмоқда. Ўрта асрларда Европада насроний черковда аёлларни шайтон ёрдамчиси, фалокатлар сабабчиси ва ҳатто чала инсон сифатида таълим берилган. Яҳудийлар эса айрим кунларда аёлларни нопок ҳисоблаб, улар билан мулоқот қилишни, уларнинг жамият ва рўзғор ишларига аралашувини тақиқлаб қўяди.

Ҳатто саноат ривожлана бошлаган даврда ҳам Ғарбда аёлларнинг ҳуқуқлари таъминланмаган, уларга эркакларга нисбатан кам маош берилган ва ҳоказо. Бундай вазиятга реакция сифатида феминизм пайдо бўлиши табиий эди. Ғарбда феминизм курашлар оқибатида ва йиллар давомида эришган ҳуқуқлар VII асрдаёқ мусумонлар учун одатий турмуш тарзига айланган. Қолаверса, Муҳаммад пайғамбар(сав)нинг “Жаннат оналар оёғи остида”, “Кимки уч қизни яхши парваришлаб вояга етказса, жаннатийдир”, “Кимки ўз хотинига ҳатто табассум билан қараса ҳам савоб ёзилади, мукофотини олади” каби ҳадислариёқ мусулмонлар, хусусан, ўзбеклар орасида аёлларнинг қадри азалдан баланд эканини исботлайди. Исломда аёлларга нисбатан айрим чекловлар эса аёлларнинг руҳий ва жисмоний фарқлари инобатга олинган ҳолда ҳаётга татбиқ этилгани ҳеч кимга сир эмас.

Мутахассисларнинг фикрлари

Айрим экспертларнинг фикрича, Ўзбекистонда феминизм жамиятнинг қаршилик кўрсатмаслиги учун миллий хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда ривожланиши керак, деб ҳисоблайди. Яъни феминистик ғояларни ўзбек анъаналарига мос келадиган ва оила институтини бузишга эмас, балки мустаҳкамлашга қаратилган бўлиши учун мослаштириш зарурлигини таъкидлайди.

Айрим психологлар эса “анъанавий қадриятлар чуқур илдиз отган жамиятда феминизмни идрок этишнинг психологик жиҳатини ҳисобга олиш муҳим, деб таъкидлайди. Уларнинг фикрича, кўп одамлар замонавий тенглик ғояларини белгиланган ижтимоий меъёрлар билан уйғунлаштиришга ҳаракат қилганда, ички зиддиятларга дуч келишлари мумкин. Шу боис, икки томонни ҳурмат қилишга асосланган ёндашув – анъаналарни сақлаб қолиш ва тенглик ва адолат ғояларини босқичма-босқич жорий этиш таклиф этилади.

Ўзимизники эмас, бироқ бегона ҳам эмас...

Феминизм ва ўзбек миллий қадриятлари бир қарашда бир-бирига тўғри келмайдигандек туюлиши мумкин, аммо чуқур таҳлил қилинганда бу икки эътиқод тизими ёнма-ён яшаши ва бир-бирини тўлдириши мумкинлигини кўриш мумкин. Феминистик ғояларни анъанавий жамиятда унинг ривожланишига ҳисса қўшиши ва ички қарама-қаршилик ва низоларни келтириб чиқармаслиги учун мослаштириш йўлларини излаш муҳимдир. Таълимни ривожлантириш, аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқлари ва жамиятдаги мавқеини ошириш каби умумий жиҳатлар феминизм ва Ўзбекистон миллий қадриятлари ўртасидаги муваффақиятли ўзаро ҳамкорлик учун асос бўлиши мумкин. Айни даврда Ўзбекистон қонунчилиги мана шундай жиҳатларни инобатга олган ҳолда такомиллаштириб борилаётгани ҳам истиқбол борасида некбин прогнозлар бериш учун асос бўлади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+