platina.uz

Хитой-Тайван кескинлиги: ҳарбий можаро юз берадими?

Тайван демократик бошқарув шаклига ҳамда фаол ривожланаётган мустақил иқтисодиётга эга. Шунга қарамай, аксарият давлатлар, жумладан, AҚШ “ягона Хитой” сиёсатини қўллаб-қувватлаб, Тайванни суверен давлат сифатида расман тан олмайди. 

Мақола
19 октябрь, 18:13
Хитой-Тайван кескинлиги: ҳарбий можаро юз берадими?

Хитой ва Тайван ўртасидаги муносабатлар масаласи Шарқий Осиё минтақасидаги энг муҳим геосиёсий муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Можаронинг илдизлари 1949 йилга бориб тақалади. Ўшанда Хитойдаги фуқаролар урушидан сўнг Чанг Кайши бошчилигидаги Гоминдан партияси Мао Цзэдун бошчилигидаги коммунистлардан мағлуб бўлгач, Тайван оролига қочиб, Хитой Республикасини (ХР) эълон қилган эди.

Шундан буён Тайван мустақил давлат сифатида фаолият кўрсатади, аммо Хитой Халқ Республикаси (ХХР) уни ўз музофоти деб ҳисоблайди.

Тайван демократик бошқарув шаклига ҳамда фаол ривожланаётган мустақил иқтисодиётга эга. Шунга қарамай, аксарият давлатлар, жумладан, AҚШ “ягона Хитой” сиёсатини қўллаб-қувватлаб, Тайванни суверен давлат сифатида расман тан олмайди. Хитой ва Тайван ўртасидаги кескинлик сўнгги йилларда Пекин томонидан кучайган ҳарбий босим фонида янада таранглашган.

Можаронинг сабаблари

Хитой ва Тайван ўртасидаги кескинликнинг асосий сабабларини бир неча омилларга бўлиш мумкин:

1. Тарихий ва сиёсий сабаблар

Можаро 1949 йилда Мао Цзэдуннинг коммунистик кучлари материк Хитой устидан назорат ўрнатгандан сўнг бошланди ва Чанг Кайши ҳукумати Тайванга қочишга мажбур бўлди.

Хитой Халқ Республикаси Тайван Хитойнинг ажралмас қисми эканлигини ва ҳудудий яхлитликни сақлаш учун қайта бирлашиш зарурлигини таъкидлайди.

1992 йилда томонлар норасмий "консенсус"га эришди, унда иккала томон ҳам "ягона Хитой" тамойилига рози бўлишди, лекин уни бошқача талқин қилишди. Тайван бу тамойилни Хитой Республикасининг (оролда) мавжудлиги сифатида изоҳлайди, Пекин эса уни бутун Хитой устидан суверенитетни тасдиқлаш деб билади.

2. Ҳарбий кескинлик

Сўнгги йилларда Хитой Тайван атрофида ҳарбий маневрлар сонини оширди. 2024 йил ёзда Хитой Тайван бўғозида кенг кўламли денгиз машқларини ўтказди.

Тайван Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, 2024 йил бошидан буён Хитой қирувчи ва бомбардимончи самолётлари орол ҳаво ҳудудига бир неча бор бостириб кирган бўлиб, йилига 500 дан ортиқ шундай босқинлар кузатилган.

Тайваннинг халқаро таъсирининг кучайиши

Тайван AҚШ, Япония, Aвстралия ва бошқа демократик давлатлар билан иқтисодий ва дипломатик алоқаларини мустаҳкамламоқда.

Тайван яримўтказгичлар, микросхемалар етказиб бериш глобал занжирида стратегик мавқега эга ва энг йирик микрочип ишлаб чиқарувчи субъект бўлиб, жаҳон иқтисодиётида муҳим ўйинчига айланган.

Хитой ва Тайван ўртасидаги ҳозирги вазият

2024 йил октябр ҳолатига кўра, Хитой ва Тайван ўртасидаги кескинлик юқорилигича сақланиб қолмоқда. Хитой ҳозирча Тайван материк билан қайта бирлашиши кераклиги ҳақида баҳслашишда давом этмоқда ва бу мақсадга эришиш учун ҳарбий куч ишлатишни истисно этмади. Тайван, ўз навбатида, мудофаа қобилиятини мустаҳкамламоқда ва AҚШ ва бошқа иттифоқчилар билан ҳарбий ҳамкорликни кучайтирмоқда.

Яқинда эса расмий Пекин оролнинг мустақиллигини тарғиб қилувчи тайванлик сиёсатчиларга қарши қўшимча санкциялар эълон қилди ва Тайван билан алоқаси бўлган компанияларга иқтисодий босимни кучайтирди. Бунга жавобан Тайван таҳдидларга таслим бўлмаслиги ва ўз мустақиллиги ва демократияси учун курашни давом эттиришини айтди.

Жаҳон кучларининг муносабатлари

Aмерика Қўшма Штатлари

AҚШ Тайванни қўллаб-қувватлаш позициясини сақлаб қолади, уни қурол ва разведка маълумотлари билан таъминлайди. 2024 йил август ойида AҚШ Конгресси Тайванга 4 миллиард долларлик янги ҳарбий ёрдам пакети беришни тасдиқлади.

Вашингтон бир неча бор Пекиннинг статус-квонни куч билан ўзгартиришга бўлган ҳар қандай уриниши АҚШнинг жиддий қаршиликларига дуч келишини таъкидлаган.

Япония ва Жанубий Корея

Япония Тайванга географик жиҳатдан яқинлигини ҳисобга олиб, минтақада юзага келиши мумкин бўлган ҳарбий можародан жиддий хавотир билдиради. 2024 йил август ойида Япония AҚШ ва Тайван билан биргаликда минтақада йирик ҳарбий машғулотлар ўтказди.

Жанубий Корея Хитой билан иқтисодий муносабатлари ёмонлашишидан қўрқиб, можарога эҳтиёткорроқ ёндашади, бироқ айни пайтда можарони тинч йўл билан ҳал қилишни қўллаб-қувватламоқда.

Европа Иттифоқи

Европа Иттифоқи "ягона Хитой" сиёсатини қўллаб-қувватлайди, аммо Хитой Тайванга ҳарбий аралашувни уюштирса, инсон ҳуқуқлари ва демократик тамойилларнинг бузилишидан хавотир билдиради.

Германия ва Франция Тайван билан технологик ҳамкорликни кучайтириб, Пекиннинг танқидига учрагани ҳам вазиятнинг жиддийлигидан дарак беради.

Прогнозлар

Экспертларнинг ишонтиришича, яқин ойларда Хитой ва Тайван ўртасидаги муносабатлар янада ёмонлашуви башорат қилинмоқда. Вазият ривожининг э сценарийларига қуйидагилар киради:

• Ҳарбий босим: Хитой, эҳтимол, минтақадаги ҳарбий иштирокини оширишда ва Тайван яқинида машқлар ўтказишда давом этади, бу эса эҳтимолий ҳарбий босқин хавфини туғдиради.

• Дипломатик қадамлар: AҚШ, Япония ва уларнинг иттифоқчиларининг минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш ва Тайванни қўллаб-қувватлаш бўйича дипломатик саъй-ҳаракатларини кучайтиради.

• Иқтисодий санкциялар ва савдо тўсиқлари: Хитой Тайван ва у билан ҳамкорлик қилаётган мамлакатларга оролни иҳоталаш учун иқтисодий босимни кучайтириши мумкин.

Тўлиқ миқёсдаги ва кенг кўламли можаро эҳтимоли яқин муддатда даргумон бўлиб қолмоқда, аммо беқарор вазият ва томонлар ўртасида ишончсизлик кучайиб бораётганини ҳисобга олсак, тасодифий тўқнашувлар ёки авж олиш хавфи юқорилигича қолмоқда.

Умуман олганда, Хитой ва Тайван ўртасидаги кескинлик халқаро ҳамжамият учун муҳим муаммо бўлиб қолмоқда, бу можароларнинг олдини олиш ва минтақада барқарорликни сақлаш учун комплекс ёндашувни талаб қилади.

Яна бир прогнозга кўра, Хитойнинг ҳарбий ечимни қўллаши ҳозирча эҳтимолдан йироқ. Чунки бу Хитойга эҳтимол санкциялар фонида иқтисодий зарар келтириши, халқаро муносабатлардаги обрўсига путур етказиши мумкин. Қолаверса, Хитой Тайванга уруш очса, унга уммон орқали товарлар ташийдиган денгиз йўллари ва бўғизлар Тайван ҳамда унга иттифоқчи давлатлар томонидан ёпиб қўйилиши мумкин.

Хитойнинг Европага чиқиш учун “Бир камар – бир йўл” лойиҳасига кучли эътибор бераётгани бу башоратга далил сифатида келтирилади. Чунки Хитой шу йўл билан истиқболда эҳтимолий иҳоталанишнинг олдини олиш, янги логистик алтернатива яратишга уринаётган бўлиши мумкин. Бу эса Тайван масаласи Хитой учун ҳамон принципиал масала эканлигини англатади.

Қолаверса Хитойни тийиб турган сабаблардан бири шуки, мабодо уруш келиб чиқса, Тайван Хитойдаги энг йирик “Учғор” ГЭСни портлатиб юбориши мумкин. Тўғон қуласа пастда яшовчи деярли 10 миллион кишининг умрига зомин бўлади. Хитой бундай таваккалчиликка йўл қўя олмайди, дейишмоқда экспертлар.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+