platina.uz

Геронтократия ёхуд америкача «политбюро»

2023 йил бошида AҚШ Конгресси Вакиллар Палатасида ўртача ёш 57 ёшни, Сенатида 64, Президент кабинетида 61 ёш эди. Журналистларнинг фикрича, АҚШдаги ҳукумат - геронтократия, яъни кексалар томонидан ҳокимиятга ёпишиб олишнинг айни тимсоли бўлиб қолди. 

Мақола
18 октябрь, 20:00
Геронтократия ёхуд америкача «политбюро»
Фотоколлаж: Platina.uz

Бошқарув тизимининг мукамаллиги ва самарадорлигини бутун дунёга кўз-кўз қилувчи Америка Қўшма Штатлари ҳукуматида геронтократия аломатлари кўринмоқда. Бундан ҳатто америка жамияти ҳам безовта бўлаётган кўринади. Айрим маълумотларга кўра, ҳатто ўтган йили АҚШ конгрессига давлат хизматлари лавозимларига сайланишда ёш чегараларини ўрнатувчи қонун лойиҳаси киритилган.

Маълумот: Геронтократия (қадимги юнончада “герон” – қари + кратос - "куч; давлат; ҳокимият") ҳокимият оқсоқолларга тегишли бўлган бошқарув тамойилидир. Замонавий жамиятга нисбатан геронтократия кекса авлод одамлари томонидан сиёсий таъсирни суиистеъмол қилишга айтилади

AҚШ президентлари даври

АҚШ тарихи давомида президентларнинг лавозимга киришгандан кейин ўртача ёши тахминан 55 ёшни ташкил этган. Бу кўрсаткич америкалик раҳбарлар инаугурация пайтида энг юқори ёшда бўлган тенденцияни кўрсатади. Бунга мисол қилиб, 42 ёшида AҚШнинг энг ёш президентига айланган Теодор Рузвелт ва 2021 йилда 78 ёшида қасамёд қилган энг кекса президентга айланган Жо Байденни келтириш мумкин. Aксарият президентлар анъанага кўра 50 ёшда бўлган, чунки бу ёш оралиғи мамлакатни бошқариш учун куч ва тажриба уйғунлиги учун мақбул ҳисобланади.

Яна тарихдан мисоллар қидирсак, 2022 йилда AҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси ва 2018 йилда AҚШ Сенатининг республикачилар кўпчилик етакчиси Митч Макконнел AҚШ тарихида ушбу лавозимларни эгаллаган энг кекса одамлар (82 ва 76 ёш) бўлишди. 2024 йил бошида 82 ёшли МакКоннелл ҳамон Сенатнинг республикачилар қисмини бошқараётган эди.

2023 йил бошида AҚШ Конгресси Вакиллар Палатасида ўртача ёш 57 ёшни, Сенатида 64, Президент кабинетида 61 ёш эди. Aмерикалик журналистларнинг фикрича, АҚШдаги ҳукумат - геронтократия, яъни кексалар томонидан ҳокимиятга ёпишиб олишнинг айни тимсоли бўлиб қолди.

Ёш тенденцияларининг ўзгариши

Бугун Aмерика сиёсатида президентнинг ёши асосий муҳокама мавзуларидан бирига айланди. Вазият XX асрнинг ўрталаридан, яъни президентлик лавозимини нисбатан ёш ва ғайратли раҳбарлар эгаллаганидан бери ўзгарди. Мисол учун, Жон Кеннеди 1961 йилда 43 ёшида президент бўлди ва Билл Клинтон 1993 йилда 46 ёшида шу лавозимга киришган. Aксинча, замонавий сиёсий майдонда Дональд Трамп (2017 йилда инаугурация маросимида 70 ёшда эди) ва Жо Байден (2021 йилда инаугурация маросимида 78 ёшда бўлган) каби кекса мансабдорларнинг кўпайиб бераётгани кузатилмоқда.

Кекса номзодларни танлашга таъсир қилувчи омиллар

Президентликка номзодлар ёши ўсиб бораётганининг асосий сабабларидан бири - ўртача умр кўриш давомийлигининг ошиши ва тиббий технологияларнинг такомиллашувидир. Бугунги кунда одамлар узоқ умр кўришади ва узоқ вақт давомида фаол бўлиб қолишади, бу эса кекса сиёсатчиларга жамоат ва сиёсий ҳаётда фаол қолиш имконини беради. Шу билан бирга, ёш билан бирга келган тажриба ва донишмандлик сайловчилар учун ҳар қачонгидан ҳам қадрлидир.

Яна бир омил – АҚШ ички сиёсатидаги қутбланиш кучайган. Партиявий курашлар кучайган муҳитда Трамп каби кекса номзодлар қийин сиёсий вазиятларда назоратни сақлаб қола оладиган ишончли ва барқарор етакчилар сифатида қабул қилинади. Қолаверса, сиёсий майдондаги мавқесини мустаҳкамлашда уларнинг тажрибаси ва олдинги ютуқлари муҳим ўрин тутади.

Масаланинг ҳуқуқий жиҳатига ўтсак, АҚШда давлат хизмати учун ёш чегараси 65 ёш этиб белгиланган. Лекин бу сайланган лавозимларга тааллуқли эмас. Бундан ташқари, президент Конгресс маъқуллаши билан "кекса йигитларни" вазирликлар ва маъмуриятдаги раҳбарлик лавозимларига илгари суриш мумкин.

Экспертлар нима дейди?

Сиёсий экспертларнинг таъкидлашича, Америка олий раҳбариятидаги ёшга боғлиқ ўзгаришлар сайловчилар онгида етакчи қандай бўлиши керак деган стереотип ва кутилмалардаги ўзгаришлар билан боғлиқ. Pew Research Center тадқиқотларига кўра, кўпчилик америкаликлар 50 ёш - президентликка номзод учун энг мақбул ёш, деб ҳисоблашади. Бироқ тенденция шуни кўрсатмоқдаки, президентлар ёши 70 ва ундан юқори ёшга қараб ўсиб бормоқда.

Шунингдек, таҳлилчиларнинг таъкидлашича, соғлиқ ва когнитив функциялар билан боғлиқ хавф-хатарларга қарамай, сиёсатдаги ўн йиллик тажриба сайловчиларга ёши катта номзодларни янада жозибадорроқ қилиб кўрсатади.

Америка ҳам “политбюро”дан андоза оляптими?

Совет Иттифоқи даврида ҳокимият тепасидаги шахсларнинг ёши аста-секин ўсиб борган. Масалан, Сталин даврида Сиёсий бюро аъзоларининг ўртача ёши 50 га яқин бўлган, Брежнев даврида эса бу кўрсаткич 70 ёшдан ошди. Совет тузумининг геронтократияга мойиллиги - ҳокимиятдаги бу мансабдорлар Сталин даврида шу лавозимларга тайинланган бўлиб, деярли ядаври "турғунлик" деб аталиши бежиз эмас. Мавжуд тузум Сиёсий бюро аъзоларини тўла қониқтирган, шунинг учун улар ёш сиёсатчиларга давлат органларига киришига имкон беришмаган.

Россиядаги геронтократия

Кўпгина журналистлар Россияда геронтократия мавжудлигига ишора қилишади. Уларнинг фикрича, рус геронтократияси нотўғри сиёсий қарорларга олиб келади. 2022 йил бошида Хавфсизлик Кенгашида ўртача ёш 62 ёшни, президент маъмуриятида 58 ёшни, Федерация Кенгашида эса 57 ёшни ташкил қилди. Россия президенти Владимир Путин эса яқинда, 7 октябр куни 72 ёшни қарши олди.

Айни вазиятда...

AҚШ президентининг ёши мамлакат сиёсатига сезиларли таъсир кўрсатадиган муҳим омилга айланди. Жон Кеннеди каби ёш лидерлар бир пайтлар давлатлардаги ўзгаришлар ва инновацияларни илҳомлантирган бўлсалар, бугунги сайловчилар кекса номзодлар таклиф эта оладиган тажриба ва барқарорликка кўпроқ эътибор қаратиши мумкин. Лекин 2024 йилги президент сайловлари яқинлашар экан, Байден ва Трамп каби номзодларнинг ёшини жамоатчилик назорати янада кучайтирди ва бу мавзу Aмерика сиёсатининг келажаги учун муҳимлигини таъкидлади. Дарвоқе, Демократлар партияси Байденни ёши учун эмас, балки ақлий ва бошқарув фаолиятида муаммолар бор, деб гумон қилингани учун номзодини қўймасликка кўндирган.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+