platina.uz

Украинанинг ғалаба режаси борми?

Катта йўқотишларга қарамай, ҳар икки томон саъй-ҳаракатларни кучайтиришда давом этмоқда, бу можаронинг якуни ҳамон ноаниқлигича қолаётганидан далолат беради.

Таҳлил
17 октябрь, 9:40
Украинанинг ғалаба режаси борми?
Фотоколлаж: Platina.uz

Ҳар бир нарсанинг интиҳоси ва ибтидоси бўлади. Бироқ Россия-Украина можаросининг охири кўринмайдигандек туюлади. Фронт чизиғида жанглар ҳамон интенсив давом этмоқда, дипломатик музокаралар боши берк кўчага кириб қолган, қурбонлар ва жабрланганлар сони мунтазам ўсиб бормоқда. Айниқса, бегуноҳ тинч аҳолининг қирилаётгани рус армиясининг бу хунрезликларига қачон ва қандай чек қўйилади, деган саволни қайта ва қайта кун тартибига олиб чиқаверади.

Ҳозир кимнинг қўли баланд?

Айни пайтдаги вазиятга кўра, рус армияси Украина шарқида, айниқса, Харков, Луганск ва Донецк атрофидаги ҳудудларда ҳужум амалиётларини давом эттирмоқда. Донбассдаги Покровск ҳудудида муҳим транспорт марказлари томон олдинга силжиб, Украина учун муҳим ҳарбий-стратегик аҳамиятга эга нуқталарни, шаҳар ва қишлоқларни эгаллай бошлаган. Айрим тактик муваффақиятларга қарамай, бу ҳужумлар Россия аскарларининг тутдек тўкилишига олиб келмоқда. Ҳозиргача 200 мингдан ортиқ рус аскари ҳалок бўлган, 400 мингдан зиёди яраланиб ҳамда жароҳат олиб, ногирон бўлиб қолган. Украина томонидан эса 80 мингдан зиёд аскар қурбон бўлган. Деярли 400 минг украин аскари яраланган.

Россия армиясининг секин-аста илгари силжишини таъкидлаш билан бирга, украин қўшинлари Курск ва Харков ҳудудларида фаол ҳарбий амалиётлар ўтказиб, бир неча ҳудудларни эгаллаб олганини ҳам тан олиш керак. Уларни ҳайдаб чиқариш учун Россия қўмондонлиги бир қанча тадбирлар ўтказгани, ҳатто Украина фронтидаги аскарларнинг айримларини жорий позицияларидан олиб, Курскка ташлаганига қарамасдан, украин аскарлари душманга қарши мардонавор курашиб, чекинмасликка қарор қилган.

Украина муваффақиятининг муҳим жиҳати шундаки, у вазият ўзгаришларига тез мослашиш, самолётлар, артиллерия ва юқори технологияли дронлардан фойдаланган ҳолда душманнинг асосий позицияларига зарба бериш қобилиятига эга. Бу сўнгги ойларда Украина кучларига Россия қўшинлари ва инфратузилмасига жиддий зарар етказиш имконини берди.

Украина нимадан умид қиляпти?

Гарчи Украина қўшинлари орасида ватанпарварлик ва ҳарбий руҳ русларга нисбатан юқорироқ бўлса-да (чунки улар ўз ерларини ҳимоя қилишяпти – муаллиф), иштиёқ ва ғайрат аввалгидек жўшқин эмас. Киев ҳамон Ғарбнинг қурол ва ҳарбий техника етказиб беришига муҳтож. Мамлакат етакчиси тараққиийпарвар ҳамда қудратли давлатларни Украинага ёрдам беришга кўндиришдан чарчагани йўқ. Зеленскийнинг “ғалаба режаси” ҳам украинлар қалбида умид чироқларини ёқа олган. Бурежада қуйидаги омилларга урғу берилгани айтилади:

1. Ҳарбий ҳаракатлар ва Ғарбнинг қўллаб-қувватлаши: Зеленский Ғарб иттифоқчиларининг ҳарбий ёрдамини сезиларли даражада ошириш ғоясини фаол илгари сурмоқда. У жанг майдонидаги кучлар мувозанатини ўзгартириш учун яқин ойларда Украина қуролли кучларини зудлик билан кучайтириш зарурлигига эътибор қаратган. Президент Буюк Британия, Франция, Италия ва НAТО раҳбарлари билан учрашиб, Украинанинг Россия нишонларига зарба бериш учун узоқ масофали ракеталардан фойдаланиш имкониятини муҳокама қилди, бу иттифоқчиларнинг турли реакцияларини ва Россия билан можаронинг кучайишидан қўрқувга сабаб бўлди.

2. Дипломатик саъй-ҳаракатлар ва тинчлик саммити: Зеленскийнинг режаси 2024 йил ноябрида иккинчи тинчлик саммитини ўтказишни ҳам ўз ичига олади, унда Украина адолатли тинчликка эришиш учун “аниқ ва муайян қадамлар”ни тақдим этади. Мазкур саммитнинг асосий мақсади – халқаро ҳамжамиятни Россияни Украина учун мақбул шартлар бўйича музокара олиб боришга мажбурлаш учун унга босим ўтказишга сафарбар қилишдир. Зеленскийнинг айтишича, унинг режаси ушбу тинчлик саммити учун "кўприк" бўлиб, у урушнинг адолатли якунланишига умид қилмоқда.

3. Иқтисодий ва сиёсий қўллаб-қувватлаш: режанинг муҳим элементи – Украинанинг НAТО ва Европа Иттифоқига аъзо бўлиш талаби бўлиб, бу унинг мудофаа қобилиятини ва Ғарб билан иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлашга ёрдам беради. (Бироқ Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун, йўқотилган ҳудудларга кўнишга тўғри келади – муаллиф.) Бу Украина Россия тажовузкорлигига қарши туришда давом этиши учун, шунингдек, музокараларда ўз позициясини яхшилаш учун зарур.

Қайд этиш жоиз, Зеленский режасига жаҳон етакчиларининг муносабати турлича бўлди. Масалан, Франция Украинанинг ўз ракеталарини Россия нишонларига қарши ишлатиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлаган, Италия ва Буюк Британия эса бунга қарши чиққан. Шу билан бирга, НAТО ва бошқа давлатлар раҳбарлари Украинани барқарор тинчликка эришиш борасидаги саъй-ҳаракатларида қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирган.

Бироқ Зеленскийнинг ўтган ҳафта Европага уюштирган “сиёсий турнеси”да Украина учун манфаатли ҳаракатлар ва интилишлар кузатилмаган. Ғарб етакчилари ва европаликлар орасида некбинона қарашлар улуши камайган.

Лекин, яна учта муҳим нуқта борки, усиз Украина армиясининг ғалабасига ишониш мушкул бўлади. Биринчиси, Украина осмонини ёпиш – гарчи НАТО ва Ғарб бу ишни амалга оширишдан чўчиган бўлса-да (чунки бу бевосита Россия билан тўқнашувларга сабаб бўлиши мумкин –муаллиф) ҳеч бўлмаса ҳаводан ҳужумга қарши замонавий ва самарадор тизимларни етказиб беришда ҳам сусткашлик қилмоқда, айрим ўринларда иккиланмоқда. Иккинчидан, фақат чегара чизиғидан ўтган таҳдидларни йўқ қилиш билан иш битмайди. Илоннинг бошини, чаённинг думини янчиш лозим. Россия ҳарбий авиацияси ва артиллериясининг асослари эса мамлакат ичкарисида жойлашган. Фақат уларга зарба бериб, йўқ қилинсагина, ҳаво ҳужумларини тўхтатиш, ҳеч қурса сусайтиришга эришиш мумкин. Ғарб эса ўзи берган қуроллар билан Россия ичкарисига зарба беришга рухсат этмаяпти.

Учинчи нозик нуқта эса Ғарбнинг Украинага ёрдам беришда чарчамаслиги билан боғлиқ. Энг асосий кўмакчи тараф – АҚШ президенти ва мудофаа вазири яқинда Германиядаги НAТО саммитида иштирок этишни бекор қилишди. Бу эса AҚШнинг ўз ички муаммоларига эътибор қаратиш истаги ва Украина можаросини дипломатик даражада ҳал қилишда фаол иштирок этишини кўрсатиши мумкин.

Ҳатто Европа етакчилари орасида ҳам Украинага ҳарбий-техникавий ёрдам борасида руҳий чарчоқ ва зерикиш аломатлари юзага чиқмоқда. Бундай симптомлар Украина ғалабаси учун хизмат қилмайди, албатта.

Тўртинчидан, худди ўз томирлари орқали бутун танадан кучни сўриб олаётган саратон ҳужайраларни озиқлантириш тўхтатилмаса, даволаш бефойда бўлгани каби, Россиянинг ҳарбий қудратини ва ҳужумкор шиддатини чекловчи санкциялар кутилган натижани бермаяпти. Россия томони Эрон, Хитой, Ҳиндистон, Шимолий Кореядан қурол ва замонавий технологияларни бемалол олиб турибди. Марказий Осиё давлатларидан ҳам босим ўтказиш ва ваъдалар бериш йўли билан ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқда. Бундай шароитда Ураинага бериладиган ёрдам худди туби тешик челакка сув қуйишга ўхшаб қолиши тайин.

Ибтидо маълум, интиҳо қандай бўлади?

Ҳозирда экспертлар урушнинг қандай якунланиши ҳақида якдил фикрга эга эмас. Айрим омиллар йўқолмаса, можаро яна бир неча йилга чўзилиши мумкин, деб ҳисоблашмоқда. Бошқа бир фикрларга кўра, Украина ва Ғарб ниҳоят чарчайди ва Россияга айрим ҳудудларни бериш эвазига тинчлик ўрнатилишига рози бўлади. Кейинчалик эса, Путин ўлса, ёки тахтидан ағдарилса, ёхуд Украна қудрати ошса, кейинги рус етакчиси билан бу масалаларни маданий тарзда ҳал қилиб олиш мумкинлигинидан умид қилмоқда.

Шу боис аксарият прогнозларда ана шу “ҳудуд эвазига тинчлик” версияси кўпроқ учраяпти. Яъни можаро музлатилмаслиги, Украина айрим ҳудудларидан воз кечган ҳолда урушни тўхтатиши ва НАТОга аъзо бўлиб, ўз мустақилиги ва келажагини сақлаб қолиши ҳам мумкин.

Шундай бўлса-да, Украинанинг Россия билан урушда ғалаба қозониши кўплаб омилларга, жумладан, халқаро кўмак, қурол-яроғ етказиб бериш, иқтисодий ёрдам ва жанг майдонидаги стратегик қарорларга ҳам боғлиқ. Катта йўқотишларга қарамай, ҳар икки томон саъй-ҳаракатларни кучайтиришда давом этмоқда, бу можаронинг якуни ҳамон ноаниқлигича қолаётганидан далолат беради.

Абулфайз Сайидасқаров шарҳлади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+