Қўли қонга ботган рэпер
Американи қўшиқлари билан зир титратган P.Diddy айни пайтда изоляторда, унга даҳшатли айбловлар қўйилмоқда.
П.Дидди (P.Diddy, Puff Daddy) тахаллуси билан танилган америкалик рэпер ва продюсер Шон Комбс (Sean John Combs) 17 сентябр куни соат 20:30 атрофида Ню-Йоркда ҳибсга олинди. У рэкет ва фоҳишаликка мажбурлаш мақсадида одам савдосида айбланмоқда, деб ёзади The New York Times.
54 ёшли П.Дидди Манҳеттендаги Park Hyatt меҳмонхонасида ҳибсга олинган. Рэпер ўз айбини тан олишдан бош тортди, чунки у айбловларни уйдирма деб ҳисоблайди. Бироқ 2023 йил ноябр ойидан бери Шон Комбсга қарши турли айбловлар, жумладан, жинсий ва жисмоний зўравонлик бўйича 10 та даъво иши қўзғатилган. Май ойида 2016 йилда олинган, рэпернинг собиқ маъшуқасини калтаклагани акс этган видео интернетда тарқалди. Баҳор бошида эса П.Диддининг Лос-Aнжелес ва Майамидаги уйлари одам савдоси билан боғлиқ жиноят ишлари доирасида тинтув қилинган.
Терговга қадар ҳибсда сақлашларидан қочиш учун П.Дидди федерал судга 50 миллион доллар гаров пули таклиф қилган, дея хабар беради BBC. Гаров пулининг асосий қисмини рэпер Майамидаги 48 миллион долларлик саройини сотиб қоплайди. Қолган қисми учун онасининг уйини сотиб тўламоқчи. Бироқ, рэпер судгача қамоқда қоладиган бўлди: суд рэпер озодликда қолса гувоҳларга босим ўтказишидан қўрқиб, шу пайтгача икки марта гаров пулини олишдан бош тортган.
14 саҳифалик айблов хулосасида П.Дидди яратган жинсий савдо "империяси" ҳақида батафсил маълумот берилган. Хусусан, мусиқачи одамларни ўғирлашда иштирок этгани ва уларни жинсий алоқаларга мажбурлагани айтилади. Таъкидланишича, жиноий схема ўнлаб йиллар давомида фаолият юритган.
Aгар рэпер барча айбловлар бўйича айбдор деб топилса, у 15 йилга, ҳатто бир умрга қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.
П.Дидди қандай шахс?
П.Дидди 1969 йил 4 ноябрда Ню-Йоркнинг Ҳарлем қисмида туғилган. 1990- ва 2000-йилларнинг асосий рэп ва хип-хоп-мусиқачилари ва продюсерларидан бири, актёр ва ўз мусиқий лейблларига эга тадбиркор.
Дидди 1990-йилларда мусиқий фаолиятини бошлаган. У 1993 йилда Up Town лейблида ёш иқтидорларни аниқлаш вазифасини ташлаб, ўзи Bad Boy Records лейблини ташкил этди. Бу ерда у рэпер The Notorious B.I.G.ни илгари сурди. 1997 йилда мусиқа бизнеси менежери сифатида катта муваффақиятларга эришди. Шунингдек, у Puff Daddy тахаллуси остида No Way Out номли дебют албомини чиқарди. Мазкур пластинка АҚШдаги савдоларда 7 марта “платина” мақомига чиқди ва муаллифига энг яхши рэп-албом учун “Грэмми” мукофотини олиб берди.
Маълумот:
Лейбл (record label, овоз ёзиш компаниясининг тижорий маркаси) – шоу-бизнес саноатида фаолият юритаётган компанияларнинг таниқлилик бренди.
Лейбл мусиқачи ва қўшиқчиларга санъатини монетизация қилиш, яъни ўз иқтидори ортидан пул ишлаши билан боғлиқ барча масалаларда ёрдам беради: менежмент, қўшиқларни ёзиш ва клип суратга олишни молиялаштириш, катта тарғибот ва промоушн ишларини олиб бориш, интернет, ТВ ва радио орқали “айлантириб” танитиш шулар жумласидандир. Артист бундай ҳолатда нафақат ижодининг монетизациясидан даромад қилиши, балки лейблдан аванс ва гонорарлар ҳам олиши мумкин.
Лейблнинг асосий вазифаси – қўшиқ ёки мусиқани бозорга чиқариш, масалан, онлайн ва оффлайн дўконлар, турли фестивал, тадбир ва дискотека ди-жейлари ҳамда ижтимоий тармоқларга танитишдан, қисқаси, аудиторияга етказишдан иборат. Лейбл, шунингдек, якуний ижодий маҳсулотни трек тарзида шакллантириш, муқовалар ва постерлар ясатиш, керак бўлса мастеринг, ремикс ва кавер версияларни ташкил этиш билан шуғулланади.
Кейинги 20 йил давомида Комбснинг исми Америка кўнгилочар саноатининг синонимига айланди. У очган Combs Enterprises компанияси қарамоғида ўнлаб бизнес йўналишлари, шунингдек, йирик корпорациялар билан боғланган тадбиркорлик тузилмалари мавжуд. Комбснинг ўз кийим бренди – Enyce мавжуд. У Justin's ресторанлар тармоғини ривожлантирган, Dallas Mavericks баскетбол клубининг алтернатив формаси дизайнери бўлган, Revolt TV телевизион тармоғининг йирик улушини сотиб олган ва ҳоказо. У, шунингдек, АҚШдаги қонуний наша саноатига оид корхоналардан бирининг бош директори ҳам бўлган.
2022 йилда Forbes нашри Комбснинг бойлигини 1 млрд долларга баҳолаган бўлиб, рэпер бойлар рўйхатида фақат энг бадавлат мусиқачи Jay-Z’дан кейин туради.
Можаронинг бошланиши
Дидди бўйича тергов бошлангани 2023 йил ноябр ойида маълум бўлди. Шу йили 16 ноябрда Комбснинг лейблида рассом сифатида ишлайдиган собиқ севгилиси Кассандра Вентура рэпер унга бир неча йил давомида жисмонан ва жинсий зўравонлик қилганини, шунингдек, уни ҳар томонлама назорат қилиб юрганини ошкор этганидан судга шикоят киритган. Эртаси куни – 17 ноябрда Вентуранинг Комбсга қарши 30 миллион долларлик даъвоси судгача ҳал қилингани маълум бўлди. Лекин Вентуранинг баёноти Комбсга қарши зўравонлик, одам савдоси, фоҳишалик, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш, қўрқитиш, пул ювиш ва бошқа жиноятлар бўйича айбловлар учун бошланғич нуқта бўлди.
Мухтасар қилиб айтганда, Комбсга қарши деярли олти ойлик доимий айбловларнинг натижасида федерал терговчилар баёнот бериб, рэперга қарши даъво аризаси берган барча даъвогарларни гувоҳлик беришга чақириш ниятида эканликларини эълон қилишди.
Тинтув ва ҳибсга олиш
Март ойида Дидди иши бўйича унинг Майами ва Лос-Aнжелесдаги 2 та уйида тинтувлар ўтказилди. Тинтув давомида рэпернинг уйларидан серия рақамлари ўчириб ташланган учта AR-15 автомати ва “1000 дан ортиқ идишда болалар мойи ва эротик мойлаш материаллари” топилган. Манбаларнинг Rolling Stone нашрига берган маълумотига қараганда, исми ошкор этилмаган тўрт аёл ва бир эркак Диддига нисбатан фоҳишаликка мажбурлаш мақсадида одам савдоси, зўравонлик ва товламачилик иши бўйича гувоҳлик берганини айтишган.
Ниҳоят Дидди 17 сентябр куни Ню-Йоркдаги Манҳеттен меҳмонхонасида ҳибсга олинган. Aйблов хулосасида айтилишича, Комбс 10 йилдан кўпроқ вақт давомида "нопок, шаҳвоний жиноятлар империясини" бошқарган. Мусиқачи, суд ҳужжатларида айтилганидек, "доимий ва кенг тарқалган тарзда аёлларни ва бошқаларни зўравонликка дучор қилган". Прокуратурага кўра, ўз жиноятларини яшириш учун Комбс шахсий ёрдамчилари, хавфсизлик ва маиший хизматчиларни жалб қилган.
Комбс ва унинг шериклари, дейилади айбловда, кўпинча "ишқий муносабатлар баҳонасида" аёлларни "қўрқитиш, таҳдид қилиш ва ўзига жалб этиш" учун рэпернинг "куч ва обрўси"дан фойдаланган. Кейин таҳдид ёки гиёҳванд моддаларни қўллаган ҳолда уларни турли шаҳвоний бузуқ зиёфатларда қатнашиб, эркаклар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлашган. Диддининг ўзи жараённи томоша қилиб ўтирган.
Далиллар ва гумонлар
Дидди ўзига қўйилган айбловларнинг бирортасини тан олмади ҳозирча. Дидди аввал ҳам турли жиноятларда ва ҳатто қотилликка алоқадорликда гумон қилинган. Маълумки, 1980-йилларда АҚШда хип-хоп мусиқачилари жўғрофий жойлашувига кўра, 2 катта гуруҳга – Шарқий қирғоқ ва Ғарбий қирғоқ мусиқачиларига бўлинган эди.
Маълумот:
Шарқий қирғоқ – East Coast rap – Атлантика океани соҳиллари – Ню-Йорк ва унга туташ ҳудудлар. Асосий лейбл – Шон Комбсга (П.Дидди) тегишли Bad Boy Records.
Ғарбий қирғоқ – West Coast hip hop – Тинч океани соҳиллари – Лос-Анжелес. Калифорния, Орегон, Вашингтон. Асосий лейбл: рэпер Шуга Найтга тегишли Death Row Records.
80-йиллар охирида Шарқий қирғоқ қўшиқчиларининг обрўси пасайиб, Ғарбий қирғоқ ижрочиларининг (Dr. Dre, Ice Cube, Snoop Dog) машҳурлиги ортди, уларни ҳатто Шарқий қирғоқ ҳудудларида ҳам севиб тинглай бошлашди. Натижада икки қирғоқ шоу-бизнес вакиллари орасида кураш ва рақобат кучайди.
П.Дидди Шарқий қирғоққа мансуб эди. У промо қилаётган рэпер The Notorious B.I.G ва Калифорния (Ғарбий қирғоқ) рэперлари, хусусан, Тупак Шакур ўртасида дастлаб даҳанаки жанг, кейин отишмали тўқнашувлар бошланди – Орландо Андерсон, The Notorious B.I.G ва Тупак Шакур отиб ўлдирилди.
Ўша пайтларда П.Дидди қасос олиш учун Тупак Шакурни ўлдиришга буюргани гумон қилинган, бироқ далиллар топилмаган.
Ҳозирги айбловлар учун эса судда далиллар борлиги айтилмоқда. Гувоҳлар ва шоу-бизнеснинг бошқа вакиллари Диддининг ушбу айбловларга алоқаси борлигини сукут воситасида тан олишмоқда ёки ижодий маҳсулотлар орқали ишоралар беришмоқда. Шунингдек, турли машҳур шахслар ва юлдузларнинг бу шаҳвоний кечаларда иштирок этган бўлиши ва зўрлашларга алоқаси борлиги мумкинлиги ҳақида гумонлар янграмоқда.
Тупак Шакур (2PAC) Лас-Вегасда отиб кетилганидан кейин қотил ва буюртмачи дея кўпчилик дарров Комбсдан гумон қилган эди. Ҳатто Эминем ҳам ўзининг “KillShot” трекида бу ҳақда ҳазиллашиб куйлаган. Бироқ кейин узр сўраган. Чунки ўша даврдаёқ П.Дидди катта ва машҳур юлдузга айланган, катта бойлик ва кенг кўламли бизнеслар эгаси эди. Ҳатто омма олдида Женифер Лопес билан ҳам бирга кўриниш берган. Бироқ аста-секин уни қўшиқчи эмас, балки тадбиркор ҳамда сояда туриб шоу-бизнесга таъсир ўтказадиган шахс сифатида тилга ола бошладилар. Бироқ бу сояда қўрқинчли ва жиноий ишлар юз бераётган эди. П.Дидди уюштирган ахлоқсиз кечаларга Ди Каприо, Бейонсе ва Jay-Z ҳам алоқадор деган гаплар юради.
Жастин Бибер масаласи эса янада мавҳумроқ қолмоқда. Айримлар уни шундай кечаларда иштирокчи деса, айримлар қурбон бўлган, деган фикрда.
Интернетда тарқалган шундай видеолардан бирида 14 ёшли Жастин Бибер билан 40 ёшли П.Диддининг суҳбати акс этган. Унда Дидди Бибер билан 2 суткани маза қилиб ўтказишганини айтади. Жастин бу видеода жуда тушкун кайфиятда кўринади.
Қолаверса, Бибернинг вақт ўтиши билан руҳий беқарорлашиб, турли ёмон одатларга ўрганиб бориши ҳам шубҳали. Худди ёшлигида руҳий жароҳат олган ёки зўрланган одам бажарадиган сценарийларга ўхшайди. Бунга ҳам Дидди ўтказган зиёфатлар таъсир қилганмикан, деган мулоҳаза туғилади.
Таъкидлаш керак, Бибернинг “Lonely” (Ёлғиз) қўшиғида у машҳур бўлиш осон бўлмагани, бунинг учун ўтмишда катта бадал тўлагани ҳақида куйлайди. Лекин, биламизки, Бибернинг ёшлик пайтида қўшиқ айтган видеоларини онаси интернетга юклаб борган ва шу орқали тезда танилиб, машҳурликка эришган.
Бибернинг “Yummy” (“Маза, ширин”) қўшиғига ишланган клипда эса у ғалати кийинган одамлар даврасида тургани акс этади. Меҳмонлар дисерт тановул қилишади. Дисерт охирида ликопчада Бибернинг сурати кўринади. Бу билан Бибер юқорида ўтказилган кечаларда “дисерт” вазифасини ўтаганини гумон қилиш мумкин.
Шунингдек, рэпер ва миллионер тадбиркор 50 Сеnt Шон Комбс ва унга қўйилган айбловлар ҳақида NETFLIX учун ҳужжатли сериални суратга олди. 50 Cent сериалдан тушган маблағларни жинсий зўравонлик қурбонларини қўллаб-қувватлашга сарфлашга ваъда берди.
Айни пайтда Комбс Бруклиндаги тергов изоляторида сақланмоқда. Бу ерда Комбс собиқ криптовалютачи миллиардер ва FTX криптобиржаси бош директори Сэм Бэнкман-Фрид билан битта блокда “ўтирибди”. Комбс иши бўйича суд мажлиси қачон бошланиши ҳали белгиланмаган.
Шармандалик ҳам реклама!
Luminate аналитика компанияси маълумотларига кўра, П.Дидди ҳибсга олинганидан кейинги деярли 2 ҳафта ичида унинг стримингдаги трекларининг машҳурлиги ўртача 20 фоизга ошган. Беркли университетида мусиқа бизнесини бошқариш бўйича дарс берувчи профессор Жорж Ҳовард Associated Press агентлигига берган изоҳида, ҳозирда рэпер мусиқасига эътиборнинг кўплигидан ажабланмаслигини таъкидлади. “Бировга нисбатан бундай айбловлар ҳақидаги хабарлар табиий қизиқиш уйғотади. Бу автоҳалокат жойи атрофида оломон йиғилишига ўхшайди. Томошабинлар шунчаки томоша қилишни хоҳлашади ", деган Жорж Ҳовард.