Байден Россия, Хитой ва КХДР билан ядро қуроли бўйича музокараларга тайёрлигини билдирди
АҚШ раҳбари бу ҳақда тинчлик бўйича Нобел мукофотини олган япон ташкилотига йўлланган табрикда маълум қилган.
АҚШ президенти Жо Байден Хиросима ва Нагасакига ташланган атом бомбасидан омон қолган "Ниҳон Ҳиданкё" ҳаракатини тинчлик учун Нобел мукофоти билан табриклади.
У Россия, Хитой ва Шимолий Корея билан ядровий қурол бўйича ҳеч қандай шартларсиз музокаралар олиб боришга тайёрлигини билдирди. "АҚШ Россия, Хитой ва Шимолий Корея билан ядровий таҳдидни камайтириш учун ҳеч қандай шартларсиз музокаралар олиб боришга тайёр. Ядро арсеналларини қисқартириш борасидаги ҳаракатларни секинлаштириш на бизнинг мамлакатларимиз, на бутун дунё учун фойдали эмас. Ядро таҳдидини камайтириш замонавий дунёнинг хавф-хатарларига қарамай эмас, балки айнан улар туфайли муҳим аҳамиятга эга", — дейилади табрик матнида.
Байден" Нихон Ҳиданкё"ни ядро қуролидан фойдаланишга қарши "тарихий ишини" тан олгани учун табриклади. Унинг фикрича, ташкилот аъзолари ўнлаб йиллар давомида "инсоният эшитиши керак бўлган воқеани айтиб, ядровий қуролнинг инсоният учун ҳалокатли оқибати ҳақида инсоний васият бўлиб хизмат қилган". У, шунингдек, Японияни" ўз халқи ва ҳукуматининг ядровий қуролларнинг тарқалиши ва қўлланилишининг олдини олиш бўйича маънавий равшанлиги ва қатъий мажбуриятини тан олгани" билан табриклади.
Президент 1945 йилдаги портлаш учун АҚШ жавобгарлигини тилга олмади. Хиросима ва Нагасаки 1945 йилда Америка атом бомбасига учраган. Япония шаҳарлари жангларда ядро қуроли қўлланиладиган ягона жойларга айланди. Ҳужум оқибатида Хиросимада 70-100 минг ва Нагасакида 70 минг киши ҳалок бўлди. Ўлганлар сони, жумладан, нурланиш касаллигидан вафот этганлар сони 500 мингдан ошади.
АҚШ президентлари Барак Обама ва Жо Байден Хиросимага ташриф буюрган, аммо Иккинчи Жаҳон уруши воқеалари учун кечирим сўрамаган.