platina.uz

Умра тадбирларини амалга ошириш бўйича лицензия олишда янги талаблар белгиланди

Ташкилотлар 1 млн АҚШ доллари миқдордаги маблағни “Зиёрат” жамғармасига захира қилиб қўйиши керак бўлади. Дин ишлари бўйича қўмита лицензияловчи ваколатли орган сифатида белгиланди.

Жамият
13 октябрь, 16:38
Умра тадбирларини амалга ошириш бўйича лицензия олишда янги талаблар белгиланди

Умра зиёрати тадбирларини амалга оширишда лицензия бериш бўйича талаблар белгиланди.

Зиёрат тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисидаги 12.10.2024 йилдаги 668-сон Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди.

Ушбу Қарорнинг мақсади, Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш учун лицензия олиш талабларини белгилаш, зиёратчиларга амалларни муносиб ва хавфсиз бажаришлари учун шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, сифатли ва кафолатланган хизматлардан фойдаланишини таъминлашга қаратилган, дейилади хабарда.

Маълумки, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 935-сон Ўзбекистон Республикаси Қонуни 2024 йил 2 июль куни қабул қилинди.

Қонунга киритилган ўзгартириш ва қўшимчага кўра, Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича хизматлар кўрсатишга доир фаолият лицензияланадиган фаолиятнинг алоҳида тури сифатида белгиланди.

Бунда, Дин ишлари бўйича қўмита мазкур соҳадаги лицензияловчи ваколатли орган сифатида белгиланди.

Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолияти учун лицензия якка тартибдаги лицензия тури ҳисобланади ҳамда лицензияларни бериш танлов асосида Дин ишлари бўйича қўмита томонидан 2024 йил октябр ойидан амалга оширилади.

Қуйидаги лицензия талаб ва шартлари жорий этилмоқда:

  • Зиёратчиларга гуруҳ раҳбари этиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан тузиладиган шартнома асосида диний билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассисни тайинлаш;
  • штатида диний таълим йўналишлари бўйича таълим муассасаси ёки Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг битирувчиси бўлган камида бир нафар мутахассиснинг мавжудлиги;
  • вояга етмаган фуқароларга хизмат кўрсатмаслик;
  • 1 млн АҚШ доллари миқдордаги маблағни “Зиёрат” жамғармасига захира қилиб қўйиш;
  • ўз фаолиятини туроператор ва турагентлар орқали амалга оширмаслик;
  • зиёратчилар учун Саудия Арабистони Подшоҳлигининг фақат “Умра” визасини расмийлаштириш;
  • Бунда, "Умра" визасидан ташқари виза билан фуқароларни олиб бориш ноқонуний фаолият ҳисобланади.
  • “Умра” хизматларини Саудия Арабистонидаги ҳамкор ташкилот ўртасида имзоланадиган шартномага мувофиқ амалга ошириш ҳамда улар томонидан кўрсатиладиган хизматлар учун тўловларни банк муассасалари орқали амалга ошириш;
  • зиёратчиларга “Умра” амалларини бажаришлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш ва сифатли “Умра” хизматларини кўрсатиш, шунингдек, Саудия Арабистонининг Макка ва Мадина шаҳарларида зиёратчиларга ўз вақтида тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этиш;
  • халқаро йўналишларда йўловчи ва юк ташиш бўйича 2 йилдан кам бўлмаган тажрибага эга ҳамда ушбу давр мобайнида йўловчи ташишнинг халқаро ва миллий қонунчилик талабларини бузмаган авиакомпаниялар билан ҳамкорлик қилиш, шунингдек, зиёратчиларни юборишдан олдин уларга бориш-келиш авиачипталарини харид қилиш;
  • зиёратчиларни тоифаси 3 юлдуздан кам бўлмаган меҳмонхоналарга жойлаштириш;
  • “Умра” хизматини учинчи давлатлар орқали кўрсатмаслик;
  • “Умра” хизматини лицензияда кўрсатилган манзилдан бошқа жойда жойлашган ваколатхона ва филиал орқали амалга оширмаслик;

Шунингдек, “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича фаолият учун лицензия олиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга солинадиган жарималар миқдорлари БҲМнинг 200 баравари (75 млн сўм) этиб белгиланган.

“Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишга оид хизматларини лицензияга эга бўлмаган тадбиркорлик субъектлари томонидан кўрсатиш тақиқланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ эки лицензия бўйича Умра тадбирларини ташкил этишнинг охирги муддати 5 октябр этиб белгиланганди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+