platina.uz

Бу йилги дебатларнинг олдингисидан фарқи қандай?

Аввалги дебатларда баҳслашиш, тортишиш ва мунозара қилиш йўқ эди. Ҳамма партия спикерлари деярли бир хил гапирган ва бир хил ғояларни илгари сурган. Бунинг сабаби, партияларнинг бир-биридан фарқ қилувчи ғоялар, мафкураларга асосланган дастурлари йўқ эди.

Сайлов-2024
9 октябрь, 20:30
Бу йилги дебатларнинг олдингисидан фарқи қандай?

Бугунги кунда Ўзбекистон сиёсий майдонида ҳеч кузатилмаган, авваллари бўлмаган, лекин ҳамма кутган сиёсий воқеаларни кузатяпмиз. Қаерга борманг, ким билан суҳбатлашманг, турли тадбиру тўйлар, ҳатто ижтимоий тармоқлар ва интернетда ҳам кўпчиликнинг эътибори сайловларга қаратилган.

Айниқса, сайлов тарихида сиёсий партиялар иштирокида дебатлар ўтказилиши ва бундай мунозаралар кенг жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олиниши жамиятда сиёсий маданият, сиёсий тажриба ошганини янабир бор тасдиқлайди. Ҳар қандай буюм, жараён ва ҳодисанинг яхши-ёмонлигини аниқлашнинг энг тўғри йўли – таққослашдир. Шу маънода юқоридаги жараёнларни 2019 йилдаги дебатлар билан солиштириб кўрайлик.

Биринчидан, дебатларнинг ташкил этилиши, унда спикерларнинг саволларга дадил, эркин ва тўлиқ жавоб бериши, ўз навбатида бошқа партия вакилларига саволлар бериши орқали партия ғоясини илгари суриш тажрибаси олдин бўлмаган. 2019йилги баҳсларда савол-жавоблар умумий мавзуларга оид эди. Бугунги дебатда муҳокама қилинган масалалар ҳақида нафақат партия аъзолари, балки кенг жамоатчилик хабардорлиги кўринди. Буни дебат вақтида ўртага ташланган ва жойлардан берилаётган саволлар тасдиқлаяпти.

Иккинчидан, партиялараро соғлом рақобат муҳити шакллангани кузатилмоқда. Аввалги дебатларда баҳслашиш, тортишиш ва мунозара қилиш йўқ эди. Ҳамма партия спикерлари деярли бир хил гапирган ва бир хил ғояларни илгари сурган. Бунинг сабаби, партияларнинг бир-биридан фарқ қилувчи ғоялар, мафкураларга асосланган дастурлари йўқ эди. Натижада ҳамма умумий ғояни илгари сурган. Ҳозирги дебатда бутунлай бошқача шароитни кузатяпмиз. Хар бир партия ўзининг сиёсат майдонидаги ўрни ва жамиятдаги мақомидан, дастуридаги ғоялардан келиб чиқиб, баҳсга киришяпти. Демак, ягона мақсад йўлида турлича ёндашув ва ҳаракат кузатиляпти. Бу – рақобатнинг асосий шартларидан бири. Ўз навбатида бу жараён сайловчиларга танлаш имконини яратяпти.

2019 йилги дебатларда баҳс-мунозара амалиёти ривожланмагани кузатилиб, ташвиқот ишларида замонавий ахборот технологияларидан унумли фойдаланилмаган эди. Ҳозирги дебат эса технологик жиҳатдан ҳам, услубий жиҳатдан ҳам юқори даражада ташкил этилаётгани билан фарқланяпти. Келинг, шу маънода ривожланган давлатлар тажрибасига эътибор берайлик. Одатда уларда бу жарёнларни махсус ташкилотлар, пиар билан шуғулланувчилар, катта профессионал тажрибага эга политтехнологлар ташкил этишади. Бу маълум даражада сайловчиларни жараёндан узоқлаштиради. Бизда эса барча ҳаракатларни партияларнинг ўзи амалга оширяпти.

Дебатлар сиёсий лидерларни чиниқтиради, сиёсатчиларнинг янги авлодини шакллантиради. Спикерларнинг кўтарилаётган масалаларни чуқур билишлари ва ҳозиржавоблиги кузатиляпти, залдаги иштирокчилар томонидан ёки мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан берилаётган саволларга батафсил жавоб беришмоқда, бу оммавий сиёсатдаги йирик ютуқ ва янги тажриба дейиш мумкин.

Бу сафарги дебатларда аёлларнинг иштирок этиши ҳам муҳим натижа ҳисобланади.

Ташкил этилаётган аввалгиларга ўхшамас дебатлар, ўтказилаётган баҳс ва мунозаралар сайловлар демократик тарзда ўтишини таъминлаяпти, халқимиз ўзларига мос номзодларни танлашлари учун имкон яратмоқда.

С.Жўраев

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+