platina.uz

Тошкентда Халқаро киберхавфсизлик саммити бўлиб ўтади

Тадбирда 30 дан ортиқ мамлакатдан 60 га яқин компания, 120 дан ортиқ делегатлар иштирок этади, бундан ташқари кибермаконда малакали мутахассис, хакер Jeyson Street ҳам ўз тақдимоти билан иштирок этади.

Жамият
8 октябрь, 16:18
Тошкентда Халқаро киберхавфсизлик саммити бўлиб ўтади

Жорий йилнинг 9-10-октябр кунлари Тошкент шаҳрида "Киберхавфсизлик саммити – Марказий Евроосиё, CSS 2024" II Халқаро киберхавфсизлик саммити бўлиб ўтади. Тадбир "Киберхавфсизлик маркази" ДУК ва "Dialogue Events" компанияси ҳамкорлигида ташкил этилади.

Тадбирда 30 дан ортиқ мамлакатдан 60 га яқин компания, 120 дан ортиқ делегатлар иштирок этиши кутилмоқда.

Маълумот учун: Жанубий Корея, Озарбайжон, Туркия, Грузия, Туркманистон, Тожикистон, Қозоғистон каби 10 дан ортиқ хорижий давлатларнинг киберхавфсизлик масалаларида ваколатли органлари ва халқаро ташкилотлар - Халқаро электралоқа иттифоқи, FIRST, OIS-SERT ҳамда SABABA, Check Point, Cloudflare, Fortinet, Group-IB, Trend Micro каби компаниялар иштирок этмоқда. Бундан ташқари кибермаконда малакали мутахассис, хакер Jeyson Street ҳам ўз тақдимоти билан иштирок этади.

"CCS-2024" киберхавфсизлик саммитининг асосий мақсади минтақавий киберҳамжамият учун ўзаро тажриба алмашиш, замонавий ечимларни намойиш этиш, энг муҳими, ўзаро манфаатли асосда янги имкониятларни очиш учун юқори даражадаги халқаро интерактив платформа яратишдан иборат. Саммит икки кунлик тадбир бўлиб, дастлабки кун тартибидан Марказий Евроосиё давлатларидан келган малакали экспертлари соҳанинг ҳозирги ҳолати ҳамда ундаги муаммоларнинг самарали ечими ҳақида фикр юритади.

Саммит дастури доирасида ялпи муҳокамалар, тақдимот сессиялари, кўргазма майдони ва бир қатор қизиқарли тармоқ тадбирларига тўла бўлиб, барча иштирокчиларга технологиялар ва ечимларни самарали ва фойдали тарзда намойиш этиш ҳамда янги бизнес алоқаларини яратиш имконини беради.

Саммитнинг юқори даражали қарор қабул қилувчилар, киберхавфсизлик бўйича экспертлари аудиторияси динамик глобал хавфхатар манзарасини ва минтақа мамлакатларига рақамлаштириш орқали тақдим этилаётган ижтимоий-иқтисодий имтиёзлардан тўлиқ фойдаланишда қандай ёрдам бериши мумкинлигини ўрганади.

Саммитнинг умумий мавзуси рақамли дунёда киберхавфсизликнинг аҳамияти: ечимлар, таҳдидлар ва ҳамкорлик, муҳим инфратузилма ва бизнес активларини ҳимоя қилишга қаратилган. Бу йилги саммитда 60 га яқин маърузачилар ўз компаниялари ва таклифларини тақдим этадилар.

Икки кунлик саммит доирасида Cyberkent 2.0 мусобақалари ҳам бўлиб ўтиши режалаштирилган. Ушбу мусобақалар Red Team ва Blue Team йўналишларининг финал босқичи ҳамда STF - очиқ топшириқларни ўз ичига олади.

Red Team жамоаси - киберхавфсизлик соҳасида ташкилотнинг хавфсизлик ҳолатини синаб кўриш ва тизимларидаги заифликларни аниқлаш учун мўлжалланган махсус жамоалар ҳисобланади. Мусобақада иштирок этган жами 83 та жамоадан саралаш синовидан ўтган 10 та жамоа финалда иштирок этади.

Blue Team жамоаси – ташкилотнинг виртуал инфратузилмасини ҳимоя қилишда қалқон бўлиб, ҳар хил турдаги ҳужумларни аниқлаш, олдини олиш ва бартараф этиш билан шуғулланадилар.

Мусобақада иштирок этган жами 35 та жамоадан саралаш синовидан ўтган 5 та жамоа финалда иштирок этади.
Blue Team`дан ҳужумларни муваффақиятли бартараф этиш учун қуйидаги асосий вазифаларни бажариш талаб этилади:
1. Киберхавфсизлик даражасини мустаҳкамлаб, потенциал киберхавфни камайтириш;
2. Тизимидаги заифликни аниқлаш ва патч бошқаруви вазифаси;
3. Маълумотлар омборини ҳимоялаш;
4. Шубҳали файлларни ҳамда киберҳодисани аниқлаш;
5. Зарарли вирус ҳужумини бартараф этиш;
6. Нотўғри созланган веб-иловалар созламаларини тўғрилаш.

STF (очиқ топшириқлар)

Мусобақа доирасида CТФ (очиқ топшириқлар) мусобақалари бўлиб ўтади ва унда 120 дан ортиқ ёшлар қатнашади.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилги STF тадбирида 111 нафар иштирокчи қатнашган эди.

Мусобақа ўз навбатида 3 йўналишни ўз ичига олади:
STF Master: топшириқда иштирокчилар киберхавфсизлик бўйича турли масалаларни ҳал етиб, байроқни қўлга киритиш учун рақобатлашадилар. Ҳар бир байроқ тизимидаги муаммоларни ечиш талаб этилади.
Hask АТМ топшириқда иштирокчилар АТМ тизимининг заифликларини аниқлаш ва унга ҳужум қилиш имкониятларини синовдан ўтказишлари талаб этилади.
Hask smarthome: Иштирокчилар «Ақлли уй» тизимларига кириб, улнарнинг хавфсизлик даражасини текширадилар. Ушбу топшириқда, турли хил уй жиҳозлари ва уларнинг бошқарув тизимларини ҳимоялаш бўйича заифликларни топиш талаб этилади.

Барча топшириқлар учун алоҳида номинациялар ва пул мукофотлари ажратилган. Ёшларимиз бу йўналишда ҳам ўз билим ва маҳоратини синаб кўриши мумкин.

Шу билан бирга ROBBO FEST ёш авлод учун ташкил қилинган робототехника мусобақаларининг финал босқичи бўлиб ўтади.

Мусобақа 4 йўналишдан иборат бўлиб, улар:
1. Robot Futbol: бу ерда жамоалар роботларни бошқариб, футбол ўйнайдилар. Иштирокчилар роботларини рақибларнинг ҳаракатларига тез жавоб берадиган, майдонда ҳаракатланадиган, тўпни олиб юрадиган ва гол урадиган қилиб дастурлашлари керак;
2. Robot Sumo: бу йўналишда автоматик роботлар иштирок этиб, рақибни рингдан ташқарига чиқариб юборишдан иборат;
3. Robot Racing: мазкур йўналишда роботлар ўртасида қизиқарли пойгалар бўлиб ўтади. Бунда тезлик ва ҳаракат муҳим роль ўйнайди. Иштирокчиларнинг вазифаси – майдонча йўлагидаги бурилишлар ва тўсиқлардан максимал тезлик билан ўта оладиган роботларни яратиш ҳамда уларни дастурлашдир;
4.Фойдали ихтиролар: бу йўналиш инновацион ва амалий ечимларни намойиш этишга қаратилган. Иштирокчилар кундалик муаммоларни ҳал қилиш, қулайликни ошириш, жараёнларни автоматлаштириш ёки ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ўз ихтироларини тақдим этадилар.

Эслатиб ўтамиз ROBBO FEST мусобақаларининг саралаш босқичи жорий йилнинг 26 сентябр куни Тошкент шаҳрида Cyber science ривожланиш марказини очилиш маросими доирасида ўтказилган эди. Ушбу саралаш босқичида жами 260 нафар ёшлар қатнашди.

ROBBO FEST мусобақаларининг ҳар бир йўналиш ғолиблари қуйидаги тартибда рағбатлантирилади:
1-ўрин – 5 млн. сўм
2-ўрин – 3 млн. сўм
3-ўрин – 1 млн. сўм

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+