platina.uz

Даврон Кабулов ноқонуний газ можаросига изоҳ берди

"Бизнинг мутлақо айбимиз йўқ демоқчимасман. Лекин 382 миллион сўм катта рақам. Биз 25 йилда ҳам бунча газ ёқмаймиз", дея таъкидлаган Кабулов.  

Жамият
7 октябрь 2024 йил
Даврон Кабулов ноқонуний газ можаросига изоҳ берди

Таниқли бошловчи Даврон Кабулов отасининг табиий газдан қарздорлиги бўйича судлангани бўйича хабарни изоҳлади.

Бу ҳақда ижтимой тармоқлар ва ОАВлар Бош прокуратура маълумотига асосланган ҳолда эълон қилганди.

Даврон Кабуловга кўра, унинг отасига тегишли меҳмонхона ўз фаолиятини бошлаганда, деярли барча ҳужжатларни қонун доирасида расмийлаштирган.

"Биз газлаштириш бўйича ҳужжатларни 98 фоиз амалга оширдик. Фақатгина шахсий ҳисоб рақам очиш ва уни газ таъминоти идорасига синхронизация қилиш ишлари бўлмаган, холос. Мен ҳам, отам ҳам газ мутахассиси эмас. Газ ускуналарига ҳам, ҳисоблагичга ҳам тегмаганмиз. Газ келгунига қадар электр плиталардан фойдаланганмиз. Энг қизиғи, газни бор-йўғи 2,5 ойгина ишлатдик холос.

Бизнинг ягона айбимиз, газлаштириш ишларини тўлиқ тушунмаганимиздир. Шунда ҳам эътибор беринг, қисқа муддат ичида қанақасига 382 миллион сўмлик газни шунчаки ишлатиб юбориш мумкин?!", дейди Кабулов. Бошловчига кўра, рейд тадбирларида аввал" Ҳудудгаз" ходими келиб, меҳмонхонани текширган, аммо ҳеч қандай огоҳлантириш бермаган. "Кейинчалик ушбу ходим пора билан қўлга тушди, деган хабарларни ўқидим (бу ҳақда расман эълон қилинмаган - таҳририят). Ходим табиий газ ноқонуний ишлатилаётганини аниқлаган бўлса, огоҳлантириши керак эмасми? Бунақа жараёндан аввал ўтмаганмиз" дея вазиятни изоҳлади Кабулов.

Унинг айтишича, отаси Равшан Кабулов маълум вақт АҚШ сафарида бўлгани учун ҳужжатларда айрим камчиликлар бўлган.

"Бизнинг мутлақо айбимиз йўқ демоқчимасман. Лекин шунда ҳам 382 миллион сўм катта рақам. Биз 25 йилда ҳам бунча газ ёқмаймиз. Мен метан заправка эмас, меҳмонхона очдим. Шундай бўлсада, терговчининг ичкарида огоҳлантиришидан кейин 382 млн сўмни Бош прокуратура депозит ҳисобига тўлиқ ўтказдик. Суд унинг 37 млн сўмини ортиқча ҳисобланган дея қайтариб берди.

Прокуратура хабарида ноаниқликлар бор. Масалан газ бўйича рейд тадбирлари 2023 йил декабрда эмас, октябрда ўтказилган. Бу жиддий хато", дея таъдкилаган Даврон Кабулов.

Эслатиб ўтамиз, Бош прокуратура маълумотига кўра Равшан Кабуловга тегишли меҳмонхона жами 907.558 куб метр миқдоридаги 344 млн. 872 минг сўмлик табиий газдан яширин равишда фойдаланган ва зарар тўлиқ қопланган.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+