Камбағалликни қисқартириш бўйича президент қарори эълон қилинди: тафсилотлар
Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги Камбағаллик қисқартиши вазирлигига ўтказилади, “маҳалла шартнома”лари тузилади. Давлат меҳнат инспекциясининг ваколатлари кучайтирилмоқда.
“Камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳасида давлат сиёсатини такомиллаштириш ва самарадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-347 сон Президент қарори қабул қилинди.
Унга кўра, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги Камбағаллик қисқартиши вазирлигига ўтказилади.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг туман бўлимлари, туман ҳокимлиги ҳамда МФЙ ўртасида маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш бўйича уч томонлама “маҳалла шартнома”лари тузилади.
Бунда ушбу шартномада вазирлик туман бўлими ва ҳокимият – инфратузилмани яхшилаш, аҳолининг даромад манбаини оширишга шароит яратишга, маҳалла раиси – аҳолини ишга жалб қилиш, ҳудудни ободонлаштириш, жиноятчиликни камайтириш каби вазифаларга масъул бўлади.
Иш берувчиларнинг эҳтиёжини ўрганиш асосида ишсизларни касбларга мақсадли ўқитишни инобатга олган ҳолда Касбий кўникмалар марказлари ташкил этилади.
2025 йил 1 январдан иш берувчининг талабига мувофиқ тезкор кадрлар тайёрлаш мақсадида курслар ташкил этилади. 2025 йил 1 майдан халқаро тан олинган таълим дастурлари жорий этилади.
Камбағалликни қисқартириш вазирлигида 50 нафар етакчи ҳоким ёрдамчиларидан иборат "Лойиҳа менежерлари" гуруҳи тузилади. Унинг аъзолари самарадорлиги паст бўлган ҳудудларга олти ойгача юборилади, иш ҳақини сақлаб қолган ҳолда маошининг 50 фоизи миқдорида рағбатлантирилади.
Қарор билан Давлат меҳнат инспекциясининг ҳам ваколатлари кучайтирилмоқда. Хусусан, 2025 йил 1 мартдан бошлаб:
⁃ давлат меҳнат инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари мансабдор шахсларига меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш, иш берувчининг фуқаролик жавобҳарлигини мажбурий суғурта қилиш, аҳоли бандлиги тўғрисидаги қонунчилик талабларини бажармаганлиги учун камерал назорат ўтказиш ваколати берилмоқда;
⁃ меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузган, Давлат меҳнат инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари мансабдор шахсларининг қонуний фаолиятига аралашган, тўсқинлик қилган ёки таъсир ўтказган шахсларга нисбатан жарима қўллаш тартиби жорий этилади;
⁃ Давлат меҳнат инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмаларига “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими маълумотларидан фойдаланган ҳолда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қурилаётган, таъмирланаётган ёки реконструкция қилинаётган объектлардаги ишчилар сонининг лойиҳа-смета ҳужжатлари ҳамда пудрат ишлари ҳажмига мувофиқлиги юзасидан назорат тадбирлари ўтказишга рухсат этилади.