platina.uz

Комфорт ҳудуди: қолиш керакми ёки тарк этиш?

Бундай истакдаги одамлар гўёки қулай ва кичкина, лойқа бўлса-да, “кўз ўрганган” кўлмакчадаги балиқчага қиёсланади. Агар астойдил орзу билан ҳаракат қилинса, катта уммонга сакраб ўтиш мумкин.

Мақола
4 октябрь, 19:49
Комфорт ҳудуди: қолиш керакми ёки тарк этиш?
Фотоколлаж: Platina.uz

Ҳозирда Ғарб психологлари ва мотиваторлари таъсири остида “комфорт ҳудуди”дан чиқиш керак, деган шиорлар авж олган. Таъкидлаш керак, “комфорт ҳудуди” деганда жўғрофий ёки материалистик тушунча назарда тутилмайди, у инсон онги-шууридаги ҳиссиёт холос.

Борига қаноат қилиш, бир хил ҳаёт тарзидан зерикмаслик, бир хил иш ва маошга “бориб-келиш”ни ўз қисмати деб ҳисоблаш каби хислатлар “комфорт ҳудуди”да қолиб кетиш дея баҳоланмоқда. Бундай истакдаги одамлар гўёки қулай ва кичкина, лойқа бўлса-да, “кўз ўрганган” кўлмакчадаги балиқчага қиёсланади. Агар астойдил орзу билан ҳаракат қилинса, катта уммонга сакраб ўтиш мумкинлиги айтилади. Уммонда эса кенг имкониятлар ва эркинлик ваъда қилинади.

Бироқ “комфорт ҳудуди”ни тарк этишни истамаётган тоифаларнинг ҳам қарши далили бор – “уммонга ўтсаму, мени акулалалар еб қўйса-чи?” ёки “у ерда рақобатга дош бера олмай, овқат топа олмай, қийналсам ва ўлиб кетсам-чи?”, дея ўз хавотирларини изҳор этишади.

Хўш, “комфорт ҳудуди” ўзи нима, унда қолиш ёки қолмаслик ҳақида қарор қабул қилишда нималарга эътибор бериш керак?

Комфорт ҳудуди - жозибадор, аммо хавфлими?

Позитив фикрлаш психологиясига яқин бўлган “Комфорт ҳудуди” тушунчасини мотивацион коуч (мураббий) Жудит Бардвик биринчи бўлиб муомалага киритган. Унинг 1990 йилларда илк чоп этилган “Комфорт ҳудудидаги хавф” номли китобида ушбу тушунчага кенг таъриф берилган. Китоб ўшандан буён бир неча марта қайта нашр этилди ва тўлдирилди. “Комфорт ҳудуди” атамаси эса жуда кенг – баъзида нотўғри талқинда ҳам қўллана бошланди.

Бардвик таърифига кўра, “комфорт ҳудуди”, бу “инсон ўз хатти-ҳаракатларини чеклаган ҳолда, хавотирдан холи шаклда фаолият юритадиган вазият”.

Муаммо шундаки, комфорт ҳудуди ичида инсон каттароқ нарсаларга эришишга интилмайди, бунинг учун рағбат ва ҳожат бўлмайди чунки. Шунингдек, хатар, авантюра ва таваккалчиликлар ҳам йўқ. Лекин бундай инсоннинг ҳаёти бир хил ва зерикарли бўлиб қолади ва шахсий ўсиш ҳамда тараққиётга халақит беради.

Клиник психолог Александрина Григорьеванинг таъбирича, комфорт ҳудудида одам учун кутилмаган сюрпризлар бўлмайди, у ўз ҳаётини тўла назорат қиляпман, деган ҳиссиётдан қониқиб яшайди. Бу ҳудудни тарк этиш ёки кенгайтириш фикри эса мавҳумлик, ноаниқлик қоясига урилади. Одам онг остида комфорт ҳудудидан чиқишни хавфли деб ҳисоблайди, бу унда қўрқув туйғуларини пайдо қилади.

Комфорт ҳудудининг жозибали томони шундаки, бу “ҳудуд”да ҳамма нарса оддий ва тушунарли, майда-чуйдалар ҳақида бош қотириш керак эмас, ўз вазифаларингни кўнгилдагидек бажарсанг бўлди – сенга ҳеч тегмайди.

Психологик нуқтаи назардан, комфорт ҳудуди – бу инсон ўзини хавфсиз ва барқарор ҳис қиладиган ҳолат. У таниш ҳаракатларни амалга оширади, таниш одамлар билан мулоқот қилади ва хавф-хатарлардан қочади. Бу зонада стресс минимал, лекин шахсий ўсиш учун рағбатлар ҳам минималдир. Бу ерда инсон маълум даражадаги маҳсулдорликни сақлайди, лекин камдан-кам ҳолларда янги қийинчиликларга дуч келади.

Социологияда комфорт ҳудуди ижтимоий мослашув билан боғлиқ бўлиши мумкин. Яъни, инсон жамиятда ўз ўрнини топади ва ўзини жамиятнинг бир қисми сифатида ҳис қилиб, бошқа ўзгаришлар қилишга интилмайди. Оила, иш ва дўстлар каби ижтимоий тузилмалар инсон ўз роли ва амалдаги меъёрларини топадиган барқарор тизимни яратади. Социологлар комфорт ҳудудини инсон ҳаётида ва унинг ижтимоий муҳитида барқарорлик ва прогнозлиликни сақлашнинг муҳим элементи сифатида кўришади.

Комфорт ҳудудини тарк этишнинг ижобий ва салбий томонлари

Комфорт ҳудудидан чиқиш бир неча ижобий натижаларга олиб келиши мумкин:

1. Шахсий ўсиш. Янги қийинчиликларни енгиб ўтиш кўникмаларини ривожлантиришга, тажриба орттиришга ва янги имкониятларни топишга ёрдам беради.

2. Имкониятлар кенгайиши. Агар инсон таваккал қилиб, янги нарсаларни синаб кўрса, унинг олдида одатий доирада кириш имкони бўлмаган эшиклар очилади.

3. Ўзига бўлган ишонч ортиши. Комфорт ҳудудидан ташқаридаги ҳар бир муваффақият инсоннинг ўзига бўлган ишончини оширади.

4. Ўз-ўзини англаш. Психолог Aвраам Маслоу ўз-ўзини англашга худди инсоннинг энг олий мақсади сифатида интилиш зарурлигини таъкидлаган. Бироқ бунга эришиш учун кўпинча одатдаги чегаралардан ташқарига чиқиш талаб этилади.

Комфорт ҳудудидан чиқишнинг салбий жиҳатлари ҳам мавжуд, албатта:

1. Стресс ва мавҳумлик. Инсон комфорт ҳудудидан ташқарига чиққанида хавотир ва стрессни бошдан кечириши мумкин, айниқса, унда қийинчиликларни енгиш учун етарли ресурслар ёки қўллаб-қувватлов бўлмаса.

2. Муваффақиятсизликка учраш хавфи. Комфорт ҳудудини тарк этиш – катта таваккалчилик. Барча ресурсларни сарфлаб комфорт ҳудудида ташқарига чиқилса-ю, кутилган натижага эришилмаса, аҳвол аввалгидан ҳам баттар оғирлашади. Аввалги комфорт ҳудудга эришиш учун қайтадан курашиш ва меҳнат қилишга тўғри келади. Қолаверса, муваффақиятсизликлар инсоннинг ўзига бўлган ишончига ва ҳурматига салбий таъсир қилиши, тушкунликка олиб келиши мумкин.

3. Вақт ва куч зарурлиги. Янги иш ёки ҳаёт бошлаш кўпроқ вақт, куч ва эътиборни талаб қилади, бу эса рерурсларни батамом қуритишга олиб келиши мумкин.

Комфорт ҳудудини тарк этиш баъзан ўз хоҳиши билан юз берса, баъзан ҳаётнинг ўзи бу ҳудуддан чиқариб юборади. Бунга бир вақтлар ўзи ташкил этган Apple компаниясидан ишдан бўшатилган Стив Жобснинг ҳикоясини мисол қилиб келтириш мумкин. У ўзининг комфорт ҳудудини тарк этди ва NeXT ҳамда Pixar каби янги лойиҳаларни яратди. Қийинчиликларга қарамасдан, бу тажриба Жобснинг келажакдаги муваффақиятлари учун асос ва дарс бўлиб хизмат қилди.

Комфорт ҳудудида қолишнинг ижобий ва салбий томонлари

Баъзан комфорт ҳудудида қолиш заифлик эмас, балки онгли танлов ҳисобланади. Бундай танлов ҳам ўз афзалликларига эга:

1. Барқарорлик ва олдиндан кўра билиш. Инсон ўз ҳаракатларига ва натижаларига ишонади, бу хавотир ва ташвишларни камайтиради ҳамда назорат қилиш ҳиссини беради.

2. Ресурсларни тежаш. Таниш муҳитда қолиш – ўрганиш ёки мослашиш учун қўшимча энергия ҳамда вақт сарфлашни талаб қилмайди.

3. Стрессдан ҳимоя. Ташқи муҳит ноаниқлик билан тўла бўлган вазиятда, комфорт ҳудуди психологик саломатликни сақлаш учун зарур бўлган бошпана бўлиши мумкин.

Камчиликлари:

1. Турғунлик. Карл Рожерс каби психологлар комфорт ҳудудда узоқ вақт қолиб кетиш – турғунликка ва мотивациянинг пасайишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлашади.

2. Имкониятларни кўздан қочириш. Инсон ўзига таниш муҳитда қолиб, ўзини ривожланиш ва юқори мақсадларга эришиш имкониятидан маҳрум қилади.

3. Ташқи шароитларга қарамлик. Комфорт ҳудуд тушунчаси нисбий, бугун комфорт ва қулай бўлса, замон ва шароит ўзгариб, у ноқулай ҳудудга айланиши мумкин. Масалан, сизни ишдан бўшатишлари ёки яшаётган манзилингиз ёки жамиятингиздан ҳайдаб чиқаришлари мумкин. Ижтимоий ва профессионал вазият ўзгарадиган вазиятларда ўз комфорт ҳудудига жуда боғланиб қолган инсон муаммоларга дуч келади.

Бир ҳаётий мисол: йиллар давомида бир жойда ишлаган одамлар фан ва тараққиёт илдамлаб бориши туфайли ўз билим ва малакалари эскирганини сезмай қолишади, компания эса ривожланиш учун имкониятлар яратмайди. Бундай одамларни ўзгаришлардан қўрқув ҳисси битта жойда боғлаб ўтиради.

Ўзгаришлар – яхшиликка!

Aналитик психология асосчиси Карл Юнгнинг таъкидлашича, шахсий ривожланиш ҳар доим номаълум нарсаларга дуч келишни талаб қилади. "Маълум ва номаълум учрашган жойда янги шахс туғилади”, дейди олим.

Заифлик бўйича тадқиқотчи Брен Брауннинг таъкидлашича, ишончсизлик ва ноаниқлик шароитида одам ўсиш учун жасорат ва куч топа олади. Брауннинг айтишича, комфорт ҳудудидан ташқарига чиқиш ҳиссий мослашувчанлик ва чидамлиликни оширишга ёрдам беради.

Чиқиш керакми ё чиқмаслик?

"Комфорт ҳудудда қолавериш керакми ёки уни тарк этган маъқулми?”, деган саволга умумий тарзда, бир хил жавоб бериб бўлмайди. Бу ҳар бир инсоннинг ҳаётий контекстига ва шахсий мақсадларига боғлиқ қарор. Шуни тушуниш керакки, баъзан комфорт ҳудудидан чиқиш – янги ютуқлар учун имконият беради, аммо бошқа ҳолларда, комфорт ҳудудида қолиш барқарорлик ва хотиржамликни сақлашга ёрдамлашади. Бу саволга ҳар бир инсон ўз мақсадлари ва ресурсларидан келиб чиққан ҳолда, мавжуд вазиятни тўғри баҳолаб жавоб бериши мақсадга мувофиқ бўлади.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+