Андижон вилояти ҲЕТК директорининг кирдикорлари фош бўлди
У суд томонидан бир йил мобайнида мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлса ҳам ўз вазифасида қолмоқда. Platina.uz мазкур масала юзасидан "Ҳудудий электр тармоқлари"дан изоҳ сўради.
2024 йил сентябр ойида Андижон вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси ўз биносида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Андижон вилоят филиали иқтисод ва молия масалалари бўйича директорига нисбатан ишни кўриб чиқди. Суд ҳужжати Platina.uz ихтиёрида мавжуд.
Маълум бўлишича, судланувчи Х.Н.га жиноят ишлари бўйича Андижон туман судининг 2024 йил 12 январдаги ҳукмига кўра, ЖК 205-моддаси 2-қисмининг “а” банди билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдорида 90.000.000 сўм жарима, 207-моддасининг 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида 90.000.000 сўм жарима, ЖКнинг 59-моддаси тартибида базавий ҳисоблаш миқдорининг 310 баравари миқдорида 93.000.000 сўм жарима жазоси тайинланган.
Суднинг ҳукмига кўра, Х.Н. 07.06.2022 йилдан шу кунга қадар “Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖнинг Иқтисод ва молия масалалари бўйича директори вазифасида ишлаб келиб, эгаллаб турган лавозимига кўра масъул мансабдор шахс бўлгани ҳолда, жиноят содир этиш йўлига кирган.
У 2022 йил июнь-декабрь ойларида истеъмолчиларга етказиб берилган электр энергияси учун тўловларни ўз вақтида ундирилишини таъминламасдан ва истеъмолчилар фойдаланган электр энергияси учун тўловларни амалга оширмаган ҳолда электр энергиясидан фойдаланиб келишига замин яратиб келиб ушбу даврда дебитор қарздорлик 106,260 млн. сўмга ортишига сабабчи бўлиб, давлат ёки жамоат манфаатларига жиддий зиён етказган. Х.Н.нинг айби билан 01.06.2022 йилдан 01.01.2023 йилга қадарли юк хатига асосан қабул қилинган ва истеъмолчиларга ҳисоб- китоб қилинган электр энергияси миқдори ўртасидаги тафовут 317,13 млн. кВт.сни ёки 73.285,14 млн. сўмни ташкил этишига ва ушбу электр энергияси истеъмолчиларга ҳисоб-китоб қилинмасдан, тармоққа ўзбошимчалик билан уланиш ва ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқламасдан нореал қарздорлик ҳосил қилинган.
Андижон туман прокурорининг протестида, Х.Н.га эгаллаб турган мансаб лавозимидан фойдаланиб жиноят содир этган бўлса-да, унга нисбатан ЖК 45-моддаси қўлланилмасдан қўшимча жазо тайинланмагани, Х.Нуралиевга ЖК 207-моддасининг 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараварига тенг жарима миқдорини 90 млн. сўм кўрсатилиб, хатоликка йўл қўйилганини айтилиб, янги айблов ҳукми чиқариш масаласи қўйилган.
Суд далил ва ҳужжатларни ўрганиб, суд ҳукмини бекор қилиб, янги айблов ҳукми чиқаришни лозим топди.
Якуний ҳукмга кўра, жиноят ишлари бўйича Андижон туман судининг 2024 йил 12 январдаги ҳукми бекор қилинди.
Х.Н.га ЖКнинг 59, 61-моддаларига асосан тайинланган қўшимча жазони тўлиқ, асосий жазоларни қисман қўшиш йўли билан, узил кесил 1 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган холда базавий ҳисоблаш миқдорининг 260 бараварига тенг 78.000.000 сўм жарима жазоси тайинланди.
Лекин Х.Н. мансабдорлик лавозимларидан ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлса ҳам, у ҳозирда ўз вазифасида қолмоқда. Platina.uz мазкур масала юзасидан "Ҳудудий электр тармоқлари" матбуот котиби Фаҳриддин Нуралиевдан изоҳ сўради. Матбуот котибига кўра, Х.Н.га қонунчилик доирасида чора кўрилади. Шунингдек, тайинлов апелляция ҳукмига қадар амалга оширилган.