platina.uz

Англияда ўқиш, виза талаблари, Chevening дастури, "Арсенал" ва Ливерпул, Тошкентда яшаш ҳақида

Platina.uz сайти Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси ўринбосари жаноб Жеймс Род-Мур билан суҳбатлашди.

Интервью
3 октябрь, 19:55

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси ўринбосари жаноб Жеймс Род-Мур билан бўлиб ўтган интервюда машҳур Chevening стипендиясига ариза топшириш, Буюк Британиядаги ҳаёт ва ўзбеклар жамияти ҳақида гаплашганмиз.

– Биринчи саволимиз виза ва иммиграция ҳақида бўлади. Британия элчихонаси Ўзбекистон фуқароларига Буюк Британияга виза олишда қандай ёрдам беради?

– Аслида Британия элчихонаси бу жараёнда деярли ҳеч қандай рол ўйнамайди. Ўзбекистон фуқаролари учун визага ариза топшириш жараёни, дунёнинг бошқа кўп жойларидаги каби, gov.uk веб-сайти орқали онлайн амалга оширилади. Кейин улар ҳужжатлари ва биометрик маълумотларини топшириш учун Тошкентда жойлашган виза ариза марказига борадилар. Визага рухсат берилиши ёки берилмаслиги тўғрисидаги қарор эса Лондонда қабул қилинади ва виза ариза марказига қайтарилади. Сўнгра улар ўз паспортларини виза стикери билан қайтариб олишади. Шундай қилиб, элчихона бу жараёнга ҳеч қандай аралашмайди.

– Демак, сиз фақат маълумот бера оласизми?

– Ҳа, агар керак бўлса, gov.uk саҳифаларида барча керакли маълумотлар бор. У ерда виза турлари ҳақида маълумот топишингиз мумкин – талабалар, ишчи ёки турист сифатида келиш учун қайси визага мурожаат қилиши кераклиги, қандай ҳужжатлар керак бўлиши ҳақида ҳаммаси бор. Яна бир нарса, биз Буюк Британияга келмоқчи бўлганларга хуш келибсиз дейишимиз мумкин холос, лекин расмий каналлардаги кўрсатмаларга қатъий амал қилишларини сўраймиз. Афсуски, кўп одамлар визани олиш истагидаги инсонлардан пул олиш учун фирибгарлик қилишади. Шундай фирибгарликларга тушиб қолмасликнинг энг яхши усули расмий каналлардан олинган маълумотларга амал қилишдир.

– Ҳужжатларни тўғри топшириш ва муваффақиятли ариза бериш қандай амалга оширилади?

– Бу жуда яхши савол. Энг муҳим нарса – кўрсатмаларга диққат билан амал қилиш. Кўрсатмалар сизга аниқ нима кераклигини айтади, сиз иложи борича кўпроқ ҳужжатларни тўплашингиз ва топширишингиз керак. Сиз ҳеч бир муҳим ҳужжатни ўтказиб юбормаслигингиз керак. Одамлар визага мурожаат қилиш жараёнида бир қанча нарсаларни исботлашлари талаб қилинади ва бунга тегишли ҳужжатлар тақдим этилиши лозим.

– Ариза бериш жараёни, қандай кутиш кераклиги ва бу қанча вақт олиши ҳақида элчихона қандай маълумот бера олади?

– Виза тури ва хизмат турига боғлиқ. Умуман олганда, ариза онлайн тарзда топширилади, сўнгра ҳужжатлар ва биометрик маълумотлар (одатда бармоқ излари ва кўз сканер маълумотлари) ариза марказида топширилади. Шундан сўнг бир неча кун кутиш керак бўлади. Масалан, стандарт турист визаси 15 иш куни ичида қарор қилинади, лекин бу умуман олганда 20 иш куни атрофида вақт олади. Агар тезкор хизматдан фойдалансангиз, бу вақт қисқариши мумкин. Лекин тезкор хизмат учун қўшимча пул тўлаш керак бўлади. Одамларга имкон қадар олдиндан мурожаат қилишларини тавсия қиламиз. 15 иш куни икки ҳафта эмас, балки уч ҳафта давом этиши мумкин ва ҳужжатларни топшириш ва қайтариб олиш ҳам вақт олади. Шу сабабли, имкон қадар тезроқ мурожаат қилинг.

– Кейинги саволимиз Британияда таълим олиш имкониятлари ҳақида. Бизни чет элда ўқишни хоҳлайдиган ёшлар ҳам кузатади. Британияда ўзбек талабалари учун таълим олишнинг асосий афзалликлари қандай?

– Буюк Британия ўзининг таълим тизимидан фахрланади. Эшитган бўлсангиз керак, Оксфорд университети дунёдаги энг обрўли университетлардан бири бўлиб, у ҳатто Ацтеклар империясидан ҳам қадимийдир. Бундан ташқари, биз Британия таълимини кенгайтиришга ҳаракат қилмоқдамиз. Мисол учун, Тошкентда аллақачон 10 та Британия университети фаолият кўрсатмоқда.

Британия таълимининг асосий афзалликларидан бири бу ўқитиш сифатидир. Дунёнинг энг яхши ўқитувчилари Британия университетларида дарс беришади, бу эса уларни глобал миқёсда энг илғор тадқиқот марказларига айлантиради. Иккинчидан, Британия университетларида талабаларнинг сифати жуда юқори. Сўнгги 25 йил ичида халқаро талабалар сони сезиларли даражада ошди ва бу ўзбек талабалари учун дунёнинг энг яхши талабалари билан бирга ўқиш имконини беради. Шу жиҳатлар Британияда таълим олишга ундайди.

– Талабалар Буюк Британиядаги ўқув ва маданий муҳитга яхшироқ тайёрланишлари учун нима қилишлари мумкин?

– Менимча, бу саволга энг яхши жавобни университетларнинг ўзи беради. Буюк Британия университетлари халқаро талабаларни қабул қилиш бўйича узоқ йиллик тажрибага эга. Улар ўша талабаларни Британиядаги ҳаётга мослашишга қандай ёрдам беришни жуда яхши билишади. Шу сабабли, уларнинг қабул бўлимлари ва талабаларни интеграциялаш бўйича гуруҳлари махсус дастурлар ишлаб чиқишган. Менинг маслаҳатларим, имкон қадар университетнинг ўзидан ёрдам сўраш, чунки улар талабаларга мослашиш ва ўзларини ривожлантиришга ёрдам берадиган барча материалларга эга.

– Буюк Британия ва Ўзбекистон маданияти орасидаги катта фарқ бор. Умуман олиб айтганда, талабалар етиб боргандан сўнг “culturalshock”ни қадай енгиши мумкин?

– Бу жуда яхши савол. Мен ўзим ҳам ёшликда чет элда ўқиганман, хусусан, Франция ва Италияда. Албатта, Франция ва Италия Ўзбекистонга қараганда Буюк Британияга яқинроқ, лекин менимча, энг яхши усул — Британия маданиятига олдиндан тайёргарлик кўриш. Мисол учун, Британия телекўрсатувларини томоша қилиш ёки Британия китобларини ўқиш орқали уларнинг маданияти билан танишиб чиқишингиз мумкин. Буюк Британиядаги баъзи жойларда маданий фарқлар унчалик катта бўлмаслиги мумкин. Масалан, Лондонда ўзбек ресторанларини топишингиз мумкин, чунки бу ерда кичик, лекин фаол ўзбек жамияти бор. Ҳатто кичик шаҳарлар ҳам катта осиёлик ва бошқа миллатлар жамоалари билан бойитилган, бу эса шаҳарларга хилма-хиллик киритади ва одамларга ўзларига мос бўлган жойларни топишга ёрдам беради.

– Сизни ўзингиз ўзбек таомларини ёқтирасизми?

– Албатта, жуда яхши кўраман! Ўзбекистонга келганимдан бери, 6 ойда 5 кило вазн йиғдим. Бу ҳам таомларингиз қанчалар мазали эканини кўрсатади.

– Ўзбекистон ҳақида қандай фикрдасиз? Об-ҳаво, одамлар ва бошқалар?

– Бу менинг собиқ иттифоқ мамлакатларида ишлашимдаги биринчи тажрибам эмас – аввал Грузия ва Украинада яшаганман. Шунинг учун айрим жиҳатлари мен учун таниш. Ўзбекистонда эса бизни жуда самимий қабул қилишди – нафақат элчихонада, маҳалламизда қўшниларимиз ҳам жуда илиқ кутиб олишди. Тошкент қизиқарли ва динамик шаҳар, бу ерда қилиш учун кўп нарсалар бор. Мен ва оилам бу ерда эканимиздан жуда мамнунмиз.

– Яқинда Британия элчиси Тимоти Смартнинг жамоат транспортидан фойдаланиб, ўзбек тилида гаплашаётган видеосини кўрдик. Бу жуда қизиқарли ва алоҳида таъкидлаш керак бўлган жиҳат.

– Элчининг тил билиш қобилияти билан фахрланамиз! Афсуски, мен ўзбек тилини унча яхши билмайман. Мен рус тилида гаплашаман, бу менга шаҳар бўйлаб ҳаракат қилишда бемалол ёрдам беради, лекин ўзбек тилида гаплашиш янада қизиқарли бўлар эди. Ўзбек тилини ўрганишни хоҳлайман, лекин вақт топиш қийин.

– Буюк Британияга боришни режалаштирганлар учун қандай жойларни тавсия қиласиз?

– Бу ҳақида соатлаб гаплашишим мумкин! Буюк Британиядаги энг яхши нарсалардан бири шундаки, географик жиҳатдан кичик бўлгани учун мамлакат бўйлаб саёҳат қилиш жуда осон. Мисол учун, Лондондан поездда тўрт соатда Шотландияга ёки икки ярим соатда Уэлсга етиб боришингиз мумкин. Буюк Британиянинг ҳар бир ҳудудида ўзига хос табиий гўзалликлар мавжуд. Шимолий Ирландияда Giant's Causeway, Уэлсда Snowdonia миллий парки, Шотландияда кўл ва тоғлар, Англияда эса машҳур Lake District бор.

Шаҳарлар жиҳатидан эса Стратфорд-Авонни тавсия қиламан – бу Шекспирнинг туғилган жойи. Агар Британиянинг 400 йил олдинги кўринишини кўрмоқчи бўлсангиз, бу жой айни муддао. Лондон албатта халқаро метропол шаҳар сифатида танилган. Бу ерда дунёдаги исталган таомни топишингиз мумкин. Лондондаги тарихий қироллик бинолари, машҳур Биг Бен, парламент биноси ҳам кўриш шарт бўлган жойлардан биридир. Агар мусиқага қизиқсангиз, Ливерпулга боринг — бу Beetles гуруҳининг туғилган жойи ва уларнинг биринчи концерти ўтган жой. Мана, айтганимдек 5 дақиқадан бери гапиряпман бу ҳақида, яна 50 дақиқа ҳам тўхтамасдан тасвирлашим мумкин, аммо вақтимиз етмайди.

– Буюк Британияга саёҳатни режалаштираётган ўзбек фуқароларига қандай маслаҳатлар бера оласиз?

– Саёҳат қилишни хоҳлаган ҳар бир кишига албатта Буюк Британияга боришни тавсия қиламан. Тепада таъкидлаганимдек, бу ерда кўришга арзигулик жуда кўп жойлар бор. Лондон марказида театрлар ва мусиқий шоулар, дунёдаги энг яхши спорт жамоалари бор. Мен ўзим “Арсенал” жамоасининг мухлисиман, шунинг учун ҳар бир ўзбекни “Арсенал” жамоасини қўллаб-қувватлашга ва “Эмирейтс” стадионига боришга чақирган бўлардим! Буюк Британия жуда хавфсиз мамлакат, қонун устуворлиги кучли. Одамлар Британияда барчага бирдек адолатли муомала қилинишига ишонч ҳосил қилишлари мумкин ва улар бу ерда жуда яхши кутиб олинади.

– Ўзбек тадбиркорлари ва бизнеслари учун Буюк Британия бозорига кириш имкониятлари қандай ва қайси соҳалар истиқболли?

– Британия шу кунгача савдо мамлакати бўлиб келган. Савдо ва бизнес Британия учун ҳар доим муҳим. Шундай экан, биз халқаро инвестицияларни жалб қилишга алоҳида эътибор қаратамиз. Британияда баъзи замонавий ва ривожланаётган соҳалар, масалан, оффшор компаниялар, водород, кичик ядро реакторлари бор, бу соҳаларда Британия жаҳон етакчиларидан биридир. Биз ушбу соҳаларга инвестицияларни, шу жумладан Ўзбекистондан ҳам, жалб қилишга қизиқамиз. Шунингдек, креатив иқтисодиёт, гуманитар фанлар, молиявий хизматлар, ҳуқуқ ва илғор технологиялар ишлаб чиқариш каби соҳалар ҳам қизиқ.

– Британия инвесторлари Ўзбекистон бозорига инвестиция киритишга қизиқиш билдиришяптими? Қайси соҳалар уларга қизиқ?

– Ҳа, Ўзбекистон аҳолиси ўсиб бораётган, катта иқтисодий имкониятларга эга мамлакат сифатида Британия инвесторларининг эътиборини тортмоқда. Савдо ва бизнес департаментимизнинг бу ерда ваколатхонаси бор, улар Британия компанияларига Ўзбекистонда бизнес қилишда ёрдам беради. Энг қизиқарли соҳалардан бири бу таълим. Британияда 10 та университет Ўзбекистонда фаолият кўрсатмоқда ва бундан ҳам кўпроқ университетлар ишлашга қизиқмоқда. Шунингдек, молиявий хизматлар соҳасига қизиқиш катта, бу Ўзбек компанияларига Лондонда кредит олиш имкониятини беради. Шахта соҳаси ҳам қизиқарли ҳисобланади.

– Британия ҳукумати хорижий бизнесларни, хусусан, ўзбекистонлик инвесторларни қандай қўллаб-қувватлайди?

–Аввал айтганимдек, биз Буюк Британияга хорижий инвестицияларни катта мамнуният билан қабул қиламиз. Бизда янги бир лойиҳа мавжуд –“Expand your business” (Бизнесингизни кенгайтиринг), бу “great.gov.uk” сайти орқали амалга оширилади. Ушбу порталда компаниялар атиги 5 дақиқалик қисқа сўровнома орқали Буюк Британияда бизнесни қандай рўйхатдан ўтказиш ва иш бошлаш бўйича керакли маълумотларни олишлари мумкин.

Шунингдек, мамлакатнинг турли ҳудудларида “бизнес ва стартап инкубаторлари ҳамда акселераторлари” мавжуд. Улар бизнеснинг бошланғич босқичида ёрдам бериб, айрим имтиёзларни таклиф қилади. Бундан ташқари, Британиянинг бир нечта йирик шаҳарлари ва марказларида мавжуд бўлган “венчур капитал ва стартап фондлари” орқали истиқболли бизнеслардан маблағ олишлари мумкин.

Эслатиб ўтаман, Chevening стипендиясига ариза топширишни унутманг! Ҳозирги йилдаги дастур аллақачон очилган, барча қоидалар ва талабларга мос келадиганлар, агар Буюк Британияда магистратурада ўқишни исташса, имкон қадар тезроқ аризаларини топширишлари керак. Ариза топширишнинг сўнгги муддати 5 ноябр. Шундай экан, кўп вақт қолмаган, аризаларингизни ҳозироқ топширишга шошилинг!

– Интервюга розилик билдирганингиз ва фойдали, қизиқарли суҳбат учун катта раҳмат.

Гулноза Қодирова суҳбатлашди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+