Даво эмас, хумор учун чиқарилаётган дорилар

Препаратларнинг ўргатиб қўювчи функцияси бор. Доза оширилмаган тақдирда дори таъсир кучи камаяди.

Мақола
8 январь, 13:53
Даво эмас, хумор учун чиқарилаётган дорилар

Ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатимизда 15 минг 799 та дорихона фаолият юритиб келмоқда.

Дори-дармон сотуви ва рекламаси билан шуғулланиш ҳақиқий “бизнесга” айланиб улгурган дейиш мумкин. Сабаби, аҳолининг аксарият қисми шифокор маслаҳатидан кўра дори рекламаларига кўпроқ эътибор қаратади.

Реклама соҳасида энг ривож топган йўналишлардан бири ҳам айни шу соҳадир. Хоҳ ички реклама бўлсин, хоҳ ташқи баннер – аҳамиятсиз. Дори рекламаларини бозорлар ёнида, метрополитеннинг турли бекатлари ва эскалаторларда, ҳатто йирик савдо мажмуаларида бемалол учратиш мумкин. Ҳолбуки, бу ерлар дорихона ва шифохоналардан анча узоқда жойлашган.

Мисол сифатида тримол дорисини олсак. Ушбу препарат метро бекати, ташқи баннер, телевидиние орқали йирик планда реклама қилинади. Реклама ғояси пухта ўйланган. Негаки, унда дорининг оғриқ қолдирувчи хусусияти аниқ тасвирланган.

Тримол аслида нималардан таркиб топган?

Препарат парацетамол, пропифеназон, кофеин, чиннигул ёғи, махамауша таила, маханараяна таила каби фаол моддалардан таркиб топган.

Пропифеназон моддаси зарарлими?

Google’да ушбу саволга ўзбек тилида жавоб мавжуд эмас, лекин шу савол турк тилида берилганда ушбу кимёвий модда нафас сиқилиши ва ҳатто анафлактик шокка сабаб бўлишини билиб олиш мумкин.

Аммо рекламанинг ҳеч қаерида пропифеназон моддаси билан боғлиқ огоҳлантиришга кўзимиз тушмайди. Бу фақат битта препарат холос. Телевидине, радио, интернет орқали минглаб дорилар реклама қилинади.

Apteka.uz фармацевтика портали жамоаси 2020 йилда Ўзбекистон аҳолиси томонидан интернетда энг кўп қидирилган дорилар рўйхатини аниқлаш мақсадида тадқиқот ўтказган эди.

Тадқиқот натижаларига кўра, Цинепар (Ҳиндистон) оғриқ қолдирувчи воситаси ҳақида маълумот 55 минг мартадан кўпроқ қидирилгани аниқланган. Иккинчи ўринни Кюпен (Ҳиндистон) анестетик препарати эгаллаган. Иккала дори ҳам шифокор рецепти бўйича тақдим этилади. Кучли учликни шифокор рецептисиз тақдим этиладиган энг машҳур антисептик препарат Лоробен (Туркия) ёпади. Бундан ташқари, истеъмолчилар овқат ҳазм қилиш тизимини яхшиловчи дориларни кўп қидирган.

Ўйлашга ундовчи томони 2020 йилда коронавирус инфекцияси авж олганига қарамай, Ўзбекистон аҳолиси интернет орқали вирус даволовчи эмас, балки вақтинчалик оғриқ қолдирувчи дориларни қидирганидир. Энг юқори ўринни эгаллаган Цинепар ва Кюпен дорилари шифокор рецепти асосида берилишининг ўзига яраша сабаблари бор, албатта. Аммо энг муҳими, препаратларнинг ўргатиб қўювчи функциясидир. Боши ёки тиши оғриган бемор аввал ундан 1 таблетка қабул қилган бўлса, вақт ўтиши билан яна оғриқ сезилганда қабул қилинган доза ошиб бориши мумкин. Доза оширилмаган тақдирда препарат таъсир хусусияти камаяди. Шу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун ҳам ушбу дорилар рецепт асосида берилиши белгиланган.

30 декабрдан Марион Биотек компаниясининг ўз фаолиятига якун ясагани дори-дармон соҳасидаги катта янгиликлардан бири бўлди. Ушбу компания Ўзбекистонда қуйидаги дори воситаларини рўйхатдан ўтказган

  • Цинепар Кид Light (суспензия)
  • Цинепар ибу Кид (суспензия)
  • Цинепар актив гель
  • Фракжоин (капсулалар)
  • Ферофорт (сироп, капсулалар)
  • Травамакс (ўсимлик гранулалари, сироп)
  • Траванайт
  • Нолгрипп (гранула, таблетка, сироп)
  • Куразит (суспензия, капсулалар)
  • Белдомакс (таблеткалар, суспензия)
  • Амбронол (таблеткалар, сироп)
  • Теграмон СУЛ
  • Анасеп (милк учун гель)
  • Бревефлор
  • Леворекс (таблеткалар)
  • Инфекон
  • Кураракс
  • Кураракс Орни
  • Куразит
  • Кюрамакс
  • Леворекс
  • Найтфорс (Вовагра)

Рўйхатдаги дориларнинг асосий қисми кенг қўлланишда бўлган препаратлардир. Марион Биотек компанияси фаолияти вақтинчалик тўхтатилишига сабаб "Док-1 Макс" сиропи таркибида "қўшимча бегона моддалар" топилгани эди.

Чиндан ҳам дори воситалари таркиби интернетда тўлиқ кўрсатилмаслиги табиий. Аммо рўйхатдан ўтган препарат таркибидаги "қўшимча бегона моддалар" мавжудлиги 100 лаб инсонлар, болалар жабр чекканидан сўнг аниқланаётгани ачинарли ҳолат.

Балки айни вақтда қабул қилиб турган дори воситамизда ҳам "қўшимча бегона моддалар" мавжуддир. Биз бу борада кимга ишонганимиз маъқул?

Шу ўринда масъулларга бир неча савол билан мурожаат қилган бўлардик.

Рецепт асосида берилиши лозим бўлган дорилар нега рецептсиз ҳам сотилмоқда?

Дори рекламалари бору, лекин нега энг кўп фойдаланиладиган дориларнинг салбий жиҳатлари келтирилган тарқатмалар йўқ?

Мафтуна Ёдгорова

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+