platina.uz

2024 йил давлат дастури лойиҳаси тақдим этилди

Лойиҳа жорий йилнинг 9 феврал кунига қадар кенг жамоатчилик ва экспертлик муҳокамаларидан ўтказилади.

Сиёсат
30 январь, 21:21
2024 йил давлат дастури лойиҳаси тақдим этилди

“Ўзбекистон-2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ҳақидаги президент фармони лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳа жорий йилнинг 9 феврал кунига қадар кенг жамоатчилик ва экспертлик муҳокамаларидан ўтказилади.

Лойиҳага кўра:

  • 2024 йил 1 мартдан бошлаб “Ёшлар баланси” асосида алоҳида ишлаш талаб этиладиган, шунингдек, истеъдодли ва иқтидорли ёшлар Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси қарори билан вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат иштирокидаги корхона ва ташкилотлар ҳамда олий таълим ташкилотлари раҳбарларига бириктирилади.
  • 2024 йил 1 мартдан бошлаб маҳалла, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар тизимида мукофот жамғармаси 600 миллион сўм миқдорида хорижий тиллар (“Ибрат фарзандлари”) мусобақаси, киберспорт ва “Заковат” интеллектуал ўйинлари юқори савияда ташкил этилади.
  • Экология, соғлом турмуш тарғиботи, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш каби ижтимоий аҳамиятга молик 100 та волонтёрлик лойиҳалари бўйича биринчи босқичда базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваригача маблағ танлов асосида ажратилади.
  • 2024 йил 1 майдан бошлаб фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун мажбурий тўловлар ва йиғимларни фақатгина қонунда белгилаш амалиёти киритилади.
  • 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг 1 тадан туманида (шаҳар) синов тариқасида “Менинг мактабим” лойиҳаси йўлга қўйилади ҳамда бунинг доирасида мактабларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баробарида маблағ ажратилиб, 5-11-синф ўқувчилари танловига кўра, электрон доска, компьютер, спорт жиҳозлари, китоблар каби мактаблар учун зарур товарларга сарфланади.
  • 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида тажриба-синов тариқасида умумий ўрта таълим мактабларига олис ҳудудлардан қатнайдиган ўқувчилар учун аутсорсинг асосида бепул автобуслар қатнови йўлга қўйилади.
  • 2024 йил якунига қадар эҳтиёждан келиб чиқиб, вилоятлар марказлари, шунингдек, Тошкент ва Нукус шаҳарларида камида биттадан оғир гематологик, онкологик ва клиник иммунологик касалликлари бор беморларга паллиатив ёрдам кўрсатувчи хоспислар ташкил этилади.
  • 2024 йил 1 майга қадар 2025 йилдан бошлаб катта ёшдаги аҳоли орасида юқумли бўлмаган касалликлар хавфли омилларининг тарқалгани ўрганилади.
  • 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб пенсия тайинлашда бир вақтнинг ўзида санаторияга навбатга қўйиш ва шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағидаги пулни олиш билан боғлиқ ҳаракатларни проактив тарзда амалга ошириш, ногиронликни тайинлашда эса санаторияга навбатга қўйиш ва ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган имтиёзлар тўғрисида хабардор қилиш тартиби жорий этилади.
  • 2024 йил 1 апрелдан бошлаб иқлим ўзгариши соҳасида мониторинг, ҳисобот бериш ва текширишнинг замонавий тизимини (MRV) ва йиғиладиган маълумотлар базаси босқичма-босқич йўлга қўйилади.
  • 2024 йилда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида камида 200 миллион туп манзарали ва мевали дарахт ҳамда буталар кўчатлари, қаламчалар экилади, республика доирасида 444 та яшил боғлар барпо этилади.
  • 2024 йил 1 мартдан бошлаб ҳудудларда чанг бўрони содир бўлаётганда ва ҳаво таркибида майда дисперс заррачалари белгиланган нормадан юқори бўлгани аниқланганда аҳолини, айниқса юрак, қон-томир ва нафас йўллари касалликларига чалинган фуқароларни зарур профилактик чоралар тўғрисида доимий хабардор қилиш амалиёти йўлга қўйилади.
  • 2030 йилга қадар Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоятлар марказларида “ЕВРО-5” ва ундан юқори стандартларига мувофиқ бўлмаган автомашиналар эксплуатацияси босқичма-босқич чекланади.
  • 2024 йил 1 апрелдан бошлаб “Ташаббусли бюджет” доирасидаги лойиҳалар ташаббускорлар, маҳалла раиси ва фаолларининг иш сифати юзасидан розилиги олинганидан кейингина фойдаланишга қабул қилиш тартиби жорий этилади.
  • 2024 йил 1 августга қадар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ташаббусли бюджет бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар юзасидан давлат органлари ва ташкилотларидан маълумотлар олиш, маблағларни ўз вақтида ва тўлиқ ажратилишини талаб қилиш ҳамда лойиҳалар амалга оширилишини жамоатчилик томонидан мониторинг қилиш имконияти яратилади.
  • Жиноят ишлари доирасида айрим процессуал ҳаракатларни амалга ошириш, шу жумладан телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, тинтув ўтказиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш бўйича “электрон санкция” бериш тартиби жорий этилади (давлат сири ва қонун билан қўриқланадиган бошқа маълумотлар билан боғлиқ ишлар бундан мустасно).
© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+