Саудияда арақ сотиш нега тақиқлангандию, энди нега рухсат берилди?
Мамлакатда спиртли ичимликлар тақиқланиши 1952 йилга бориб тақалади.
Хабарларга қараганда, Саудия Aрабистони подшоҳлигида хорижий дипломатлар учун алкогол ичимликлар дўкони ташкил этилади. Бу ерда фақат номусулмон-дипломатлар харид қилиши мумкин.
AFP ва Reuters агентликлари танишиб чиққан ҳужжатларга кўра, янги форматдаги дўкон Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳридаги дипломатик даҳада, бир неча ҳафта ичида очилиши режалаштирилган.
Бироқ бу дўкондан спиртли маҳсулот харид қилишда маълум бир чекловлар ҳам ўрнатилади. Хусусан, мижозлар тегишли мобил илова орқали рўйхатдан ўтишади. Ташқи ишлар вазирлигининг рухсат-кодини олишади ва ҳар ойлик квоталарга (чеклов) амал қилишади. Мижозлар ёши 21 ёшдан катта бўлиши ва “тегишли” кийимда (дресс-код) ташриф буюришлари талаб этилади. Дипломатларга бир ойда жами 240 балл берилади. 1 литр спиртли ичимлик - 6 балл, 1 литр вино – 3 балл, 1 литр пиво эса - 1 баллга баҳоланади.
Кейинчалик дипломат бўлмаган хорижликларга, ундан кейинроқ эса маҳаллий аҳолига ҳам бу дўкондан харид қилиш имконияти яратиладими, йўқми, ҳозирча номаълум.
Шунингдек, дипломатларнинг Саудия ҳудудига алкогол ичимликлар олиб кириш жараёни ҳам “ҳуқуқий майдонга” олиб чиқилиши, яъни тегишли меърий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиши кутилмоқда. Боиси, Саудия Арабистони ташкил этилганида устувор қонун сифатида Қуръон аҳкомларига таянишини эълон қилган. Шу сабабдан бу ерда алкогол ичимликлар тақиқланади. Спиртли ичимликларни истеъмол қилганлик ёки сақлаганлик учун мамлакатдан депортация қилиш, катта жарима ва ҳатто озодликдан маҳрум этиш шаклида жазо берилади.
Натижада хорижлик дипломатлар муҳрланган дипломатик юклар ёки дипломатик почта орқали (чунки уларни текшириш мумкин эмас) мамлакатга спиртли ичимликлар олиб киришни йўлга қўйишган. Айрим дипломатик ваколатхона вакиллари эса шу ерда яширинча қўлбола спирт ишлаб чиқаришга уринишади.
Таъкидлаш керак, гарчи ислом дини шариати бўйича алкогол ичимликларни ишлаб чиқариш, сотиш, сақлаш ва истеъмол қилиш ҳаром қилинган (тақиқланган) бўлсада, Саудия Арабистонида 1952 йилгача бу масалага нейтрал муносабат устувор бўлган. Бироқ 1951 йилда қирол Aбдулазиз ал-Сауднинг 19 ёшли ўғли - шаҳзода Мишарий бин Aбдулазиз ал-Сауд бир зиёфатда кўп ичиб қўйиб, унга яна бир рюмка қуйишдан бош тортган Британиянинг Жидда шаҳридаги вице-консули Сирил Усмонни милтиқда отиб ташлаганидан кейин вазият ўзгарган экан. Шундан сўнг қирол мамлакатда (ҳатто хорижлик дипломатларга ҳам) спиртли ичимлик сотилишини тақиқлаб қўйган.
Америкаликлар шаҳзоданинг бундай хатти-ҳаракатларини қатъий исломий чекловлар ичида тарбия олган ёш арабларнинг эркинликни “кўтара олмай” қолишгани билан изоҳлаган. Саҳроларда оғир табиий шароитлар ва йўқчиликда ўсган ёш араблар нефт ортидан тўсатдан келиб қолган бойлик шаклида берилган синовни кўтара олишмаган.
Саудияга нефт саноатини ривожлантириш мақсадида келган америкаликлар бу ерда “истеъмолчилик маданиятини” шакллантиришган. Қирол оиласининг аъзоларини мунтазам Европа ва АҚШга меҳмонга чақириб туришган, Ғарб маданиятининг ютуқлари ва имкониятларини уларга намойиш этишни исташган.
1925 йилдан 1955 йилгача Саудий қироллар саройида яшаган ва исломни қабул қилган британиялик маслаҳатчи ҳамда арабшунос-шарқшунос, АҚШ нефт компанияси АРАМКОга Саудиядаги нефт концессияларини олишда катта ёрдам берган Сент-Жон Филбининг ёзишича, Ғарбда бўлиб қайтган ёш саудийларни илм-фан ва технологиялар ҳайратга солмаган. Шаҳзодалардан бирининг Филбига айтишича, унга тепасида шаффоф ва шиша бассейн ўрнатилган ресторанда овқатланиш кўпроқ ёққан, тепасидаги бассейнда сузиб юрган қизларнинг яланғоч оёқларини томоша қилган ҳолда таомланиш унда катта таассурот қолдирган. Шунингдек, қирол Файсалнинг қизи, махсус элита мактабида таълим олган саудий маликалардан бири Европада бўлиб қайтгач, фақат ҳашаматли дўконларни эслаб гапирган холос.
Нима бўлганда ҳам, Саудия Арабистонида охирги йилларда кутилмаган ўзгаришлар рўй бермоқда. Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон Саудиянинг ёпиқ ва қатъий исломий, консерватив давлат имижини ўзгартиришга қарор қилган кўринади. Бу ўзгаришлар асосий икки устунга – иқтисодий зарурият ва ёшларнинг талабларига таянади.
Аслида бу ўзгаришлар унинг отаси – қирол Салмон бин Абдулазиз Ал-Сауд 2015 йилда мамлакат тахтига ўтирган даврлардан бошланади. Жумладан, у мамлакатда фильмларни кинотеатрларда кўришга тақиқни олиб ташлади. Ундан аввал саудиялик ёшлар янги премьераларни кўриш учун қўшни ёки Ғарб давлатларига боришга мажбур эди.
Шунингдек, у мавжуд анъаналарни бузган ҳолда ўз ўғли Муҳаммад ибн Салмонни валиаҳд шаҳзода этиб тайинлади ва амалда мамлакат бошқарувини унга топшириб қўйди.
2017 йилда эса қирол аёлларга машина ҳайдаш учун қўйилган тақиқни бекор қилди. Бу қарорга қарши чиққан ва Интернет тармоқларида эътироз билдирган шахсларга ҳатто қамоқ жазоси ҳам қўлланилди.
Бу ўзгариш аёллар учун бошқа рухсатларга ҳам йўл очди. Жумладан, аёлларга спорт ўйинларини кўриш учун стадионларга ҳамда бошқа кўнгилочар тадбирларга боришга ҳам рухсат берилди. Мамлакат Бош прокуратураси терговчилик лавозимига аёлларни ҳам ишга ола бошлади. Мажлис аш-Шуаро – (Маслаҳат кенгаши) вакиллари аёлларни ҳам ҳарбий хизматга чақириш таклифи билан чиқишди.
Шунингдек, “маҳрам” бўлиш талаби – яъни аёлларнинг фақат қариндош ёки эри ҳамроҳлигида сафар қилиш мажбуриятини бекор қилиш ҳақида таклифлар янграй бошлади. Аёлларга эрларининг рухсатисиз бизнес очиш ҳамда давлат электрон хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқи берилди.
Бироқ экспертларнинг айтишича, “соф ислом”, яъни “ваҳҳобийлик” расмий докторинасига амал қиладиган Саудиянинг Ғарб давлатлари каби очиқ жамиятга айланиб кетишидан умид қилмаслик керак. Қирол ҳамда валиаҳд шаҳзода киритаётган ўзгаришлар шу пайтгача бошқа араб ва мусулмон давлатларида мавжуд ўзгаришларнинг бир қисми холос. БААдаги "Ал-мустақбал" (“Келажак”) тадқиқотлар марказининг эксперти Амал Сақрнинг айтишича, айни пайтда қиролликда юз бераётган ўзгаришлар “мантиқий” ва “аллақачон етилган” ислоҳотлардир. Бундай ўзгаришлар қирол Салмондан аввал, унинг акаси Абдулло Ал-Сауд давридаёқ бошланган эди. Масалан, давлат хизматларига аёлларни қабул қилишга, уларнинг ОЎЮларида эркаклар билан бирга таълим олишларига, Маслаҳат кенгашига ва маҳаллий маъмуриятларга (2015 йилдан) сайланишга рухсат берилгани шулар жумласидандир. Мисол сифатида айтадиган бўлсак, 2011 йилдан буён Маслаҳат кенгашидаги 150 аъзонинг 30 нафари аёллардир.
Аслида ҳам, Саудия жамияти анчадан бери бундай ислоҳотларни талаб қилиб келаётган эди. Чунки мамлакат аҳолисининг 70% ёшлардан иборат. Ёшлар эса ташқи оламдаги вазият, ахборот оқими таъсирида ота-боболаридан фарқли фикрлашади, улардан фарқли эҳтиёжларга эга.
Экспертнинг айтишича, бундай ўзгаришлар аввало иқтисодий шароит, мамлакатдаги иқтисодий муаммолар – инфляция, ишсизлик, ташқи қарзнинг ўсиб бориши билан боғлиқ.
Хусусан, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмоннинг таъкидлашича, қиролликда сиёсий ислоҳотлар ўтказиш зарур, улар амалга оширилади ҳам, бироқ бу биринчи навбатдаги вазифа эмас, энг аввало жамиятда етилган талабларга эътибор қаратиш лозим.
2001 йилда АҚШда содир этилган террорчилик актидан кейин, янаям тўғрироғи, араб давлатларида рўй берган “араб баҳори” инқилобларидан кейин Саудияда ҳам диндорлар ва диний оқимларни “жиловлаш” бошланди. Хусусан, 2014 йил февралда мамлакатда экстремистик ва террорчилик ташкилотлари – “Ал-Қоида”, «Жабҳат ун-Нусра», «Ислом давлати” (ДАИШ), “Мусулмон биродарлар” ҳаракати ва Араб ярим оролидаги “Ҳизбуллоҳ” шиа жангарилари, 2016 йил март ойидан эса Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ташкилоти тақиқланди.
Шу билан бирга, Мадина шаҳрида номусулмон меҳмонларни ҳам қабул қилиш амалиёти кузатиляпти. Жумладан, яқинда россиялик спортчи Александр Емеляненко Мадина шаҳрига бориб, Масжид ан-Набавий (пайғамбар масжиди) ҳамда ундаги пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг қабрини зиёрат қилганини видеога олиб, интернетга жойлади.
Жорий йилнинг 8 январида эса Ҳиндистоннинг Аёллар, болалар ва миллий ва диний озчилик бўйича вазири Смрити Зубин Ирани (ҳинду динига эътиқод қилади) ҳиндистонлик бошқа амалдорлар билан бирга Мадина шаҳрида меҳмон бўлди. Ҳиндистон делегацияси Масжид ан-Набавийни, Уҳуд тоғини ва Қубо масжидини томоша қилган. Смрити Ирани ташрифи давомида Саудиядаги ҳинд диаспораси вакиллари – ишчи-хизматчилар ҳамда умра ибодатини адо этаётган ҳиндистонлик мусулмон зиёратчилар билан учрашган. Смрити Мадинадаги сафари давомида ҳинд миллий кийими - сари кўйлагида ва рўмолсиз бўлган.
Ундан аввал – 2017 йилда эса АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп бошчилигидаги делегация Саудия Арабистонига ташриф буюрганида, америка раҳбарининг хотини Мелания Трамп ва қизи Иванка Трамп, қиролликдаги ички талабларга зид равишда рўмолсиз ҳолда сафар қилишди. Саудия Арабистони ҳукумати бу вазиятда ҳеч қандай ҳақоратомуз хатти-ҳаракатни кўрмагани билдирди.
Лекин негадир Саудияга ташрифдан сўнг Ватиканга боришганида, Мелания ва Иванка Трамп католик насронийлар олий руҳонийси – Рим папаси билан учрашувда рўмол ўраган ҳолда кўриниш беришган.
Қизиғи шундаки, АҚШнинг яна бир собиқ президенти Барак Обаманинг рафиқаси Мишел Обама ҳам худди шундай йўл тутганида, сиёсий рақиби Трамп Обамани роса танқид қилган эди.
Бир сўз билан айтганда, Саудия Арабистони ўзгармоқда. Бу ўзгаришлар инқилобий эмас, балки изчил ва консерватив ислоҳотлардир. Улар асосан Ал-Сауд оиласининг ҳокимиятини сақлаб қолиш ва мустаҳкамлашга қаратилган. Лекин бирибир мамлакат имижи эврилишга учрамоқда. Қироллик сайёҳларни, хусусан мусулмон бўлмаган сайёҳларни ҳам жалб этиш, Саудия Арабистони деганда нафақат муқаддас маъволарни, балки томоша қилишга арзийдиган, туристлар учун жозибадор диёрни ҳам тасаввур қилишлари учун курашяпти. Чунки мамлакат ўз иқтисодиётининг асоси бўлган нефт даромадларига қарамликдан қутулмоқчи, нефтсиз ҳам фаровон ва эркин яшаш мумкин бўлган жамият сифатида сақланиб қолмоқчи.
Телеграмда кузатиб боринг!