platina.uz

Ўртача ойлик миқдори янгиланди: у қандай ҳисобланади ўзи?

Рақамлар ўтган 2023 йилнинг январ-декабр ойларига оид бўлиб, унда қишлоқ хўжалиги ва кичик тадбиркорлик субъектлари бўйича маълумотлар ўз аксини топмаган.

Иқтисод
27 январь, 19:01
Ўртача ойлик миқдори янгиланди: у қандай ҳисобланади ўзи?

Президент ҳузуридаги Статистика агентлиги номинал ҳисобланган ўртача ойлик иш ҳақи бўйича дастлабки статистик маълумотларни эълон қилди. Бу миқдор 4,5 млн. сўмни ташкил этди.

Маълумки, номинал ҳисобланган иш ҳақи маълум бир давр (ой, йил) мобайнида ходим томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулот (бажарилган иш ёки кўрсатилган хизмат) эвазига иш берувчилар томонидан, амалдаги қонун ҳужжатларига асосланган ҳолда солиқ ва бошқа тўловларни ўз ичига олувчи ёлланма ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тарзида жисмоний шахсга пул шаклида ҳисобланган даромадлардан иборат бўлади. Бу иш ҳақи фондини ходимлар сонига бўлиш йўли билан ҳисоблаб чиқарилади.

Бошқача айтганда, кимдир 50 миллион сўм маош олса, яна кимдир 2 миллион сўм олади. Ўртача ойлик иш ҳақи эса тахминан 20-30 миллион сўм бўлиши мумкин. Лекин бу дегани аҳолининг ўртача ойлик маоши 20 миллион сўм дегани эмас!

Агентлик эълон қилган дастлабки маълумотларда келтирилган рақамлар ўтган 2023 йилнинг январ-декабр ойларига оид бўлиб, унда қишлоқ хўжалиги ва кичик тадбиркорлик субъектлари бўйича маълумотлар ўз аксини топмаган.

Аввало шуни айтиб ўтиш керакки, инфляцияни ҳисобга олмасак, ўртача ойлик иш ҳақи (ЎОИҲ) кўтарилиб бориш динамикасини қайд этган. Масалан, 2019 йилда ўртача ойлик иш ҳақи 2324,6 минг сўм бўлган, 2020 йилда бу кўрсаткич 2673,3, 2021 йилда 3214,8, 2022 йилда 3882,2 минг сўмни, ҳисобот даврида – 2023 йилда эса 4551,4 минг сўмни ташкил этган.

Ўзбекистон бўйлаб ЎОИҲ ўтга йилги кўрсаткичга нисбатан +17,2% га ўсган.

Ҳудудлар кесимида қарасак, энг катта ЎОИҲ Тошкент шаҳрига хос бўлиб, 7453,4 минг сўмдан иборат.

Икинчи ўриндан Навоий (5887,8 минг сўм), учинчи ўриндан эса Тошкент вилояти (4526,0 минг сўм) ўрин олган.

Энг кам ЎОИҲ эса 3310,6 минг сўм бўлиб, Наманган вилоятига тегишли. Ундан тепадаги эса 3367,7 минг сўмлик кўрсаткич билан Қашқадарё вилояти ва 3408,4 минг сўмлик кўрсаткич билан Самарқанд вилояти турибди.

Ўртача ҳисоблайдиган бўлсак, вилоятлар кесимида ЎОИҲнинг ўсиш фоизи энг кам кўрсаткичи 13,2% Наманган вилоятига хос бўлиб, энг катта ўсиш даражаси, табиийки, пойтахт Тошкент шаҳрига (+18,7%) хос.

Албатта, бу ўринда иш ҳақи фондининг “бақувватлиги” билан бирга, аҳоли сони ҳам муҳим рол ўйнайди. Айтайлик, Тошкент шаҳрида ва Навоий вилоятида яхши маош тўлайдиган корхоналар кўп. Навоий вилоятида аҳоли сийрак, Наманган, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида эса аҳоли кўплиги боис, ўртача қиймат ҳам паст чиқиши нормал ҳолат дейиш мумкин.

Статистик маълумотларда, шунингдек, 2023 йил ҳолатига кўра, иқтисодий фаолият турлари бўйича ходимлар сонининг жамига нисбатан улуши ҳам кўрсатилган. Яъни, корхона ва ташкилотларда (қишлоқ хўжалиги ва кичик тадбиркорлик субъектларисиз) меҳнат дафтарчалари мавжуд бўлган, ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблашда ҳисобга олинганлар улуши ҳам ҳисоблаб чиқилган.

Жумладан, энг кам улушни 12%ни ташкил этувчи соҳалар ташиш ва сақлаш (3,7%), савдо (2,5%), қурилиш (2,3%), молия ва суғурта (2,1%), ахборот ва алоқа соҳаси (1,4%) экани ўз аксини топган. Энг “жозибадор” соҳалар таълим (37,7%), саноат (18,3%) ва соғлиқни сақлаш (16,9%) соҳаларидир.

2023 йил январ декабр ойларида иқтисодий фаолият турлари бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг энг баланд кўрсаткичи молия ва суғурта соҳасига тўғри келади (13 млн. 323,2 минг сўм). Шунингдек, ахборот ва алоқа соҳаси 10 млн. 602,1 минг сўмни, ташиш ва сақлаш соҳаси 6 млн. 936,7 минг сўмни ва саноат соҳаси 5 млн. 622,2 минг сўмни ташкил этиб, ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан юқори кўрсаткични қайд этган. Шу билан бирга, таълим (3 млн. 123,0 минг сўм) ҳамда соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш (3 млн. 002,6 минг сўм) соҳалари эса бошқа соҳаларга нисбатан энг паст даражаларда эканига гувоҳ бўлиш мумкин.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+