ОАВ: АҚШда айни пайтда Украина учун маблағ йўқ
Европалик иттифоқчилар Украинани қўллаб-қувватлаш учун янги чоралар кўрмоқда.
АҚШда айни дамда Украина учун пул йўқ, шунинг учун Пентагон Киевга ўқ-дорилар ва ракеталар юбора олмайди. Бу ҳақда ABC News ёзмоқда.
Сешанба куни Байден маъмурияти Украинани қўллаб-қувватлашни мувофиқлаштирувчи 50 га яқин мамлакатнинг ойлик йиғилишига биринчи марта қуруқ қўл билан келди, дейилади хабарда. Гуруҳ 2022 йил апрел ойида АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин томонидан тузилганди.
Конгресс Украина учун қўшимча маблағ ажратишни маъқуллагунча, Вашингтон Киевга қурол етказиб беришни давом эттиришда иттифоқчиларига таянмоқда.
Фронтдаги Украина қўшинлари ўқ-дориларнинг кескин танқислигини бошдан кечирмоқда, бу Ллойд Остин иштирокидаги йиғилишда муҳокама қилинди.
Айни пайтда европалик иттифоқчилар Украинани қўллаб-қувватлаш учун янги чоралар кўрмоқда.
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Брюсселда Украина учун ўқ-дорилар харид қилиш бўйича 1,2 миллиард долларлик қўшма шартнома тузилганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги пайтларда Украинага ёрдам бўйича турли мунозаралар пайдо бўлмоқда. Жумладан, АҚШ Сенати Украина учун 61 миллиард доллар маблағ ажратишни ортга сурмоқда.