Ошинг ҳалол бўлса, кўчада ич: яширин иқтисодиётнинг аҳолига зарари ҳақида

Яширин иқтисодда ишчилар минимал ҳуқуқлардан қуруқ қолади. 

Иқтисод
18 январь, 16:45
Ошинг ҳалол бўлса, кўчада ич: яширин иқтисодиётнинг аҳолига зарари ҳақида

Ишлаб чиқариш ҳажми ва мамлакат иқтисодиёти ўсиши баробарида, аҳоли даромадлари ҳам ошиб бормоқда.

Шунга қарамасдан, иқтисодиётда яширин ишлаб чиқариш ҳамда айланмаларнинг сақланиб қолиши тадбиркорлик ривожига ва соғлом рақобатни таъминлашга тўсиқ бўлмоқда.

Тадбиркорлик субъектларига яратилаётган имкониятларга қарамасдан ушбу имкониятлардан самарали фойдаланиш ўрнига ноҳалол йўлдан бориб, юқори даромад ортидан қуваётганлар ҳам учраб турибди.

Бундан ташқари одатда яширин, рўйхатдан ўтмаган тадбиркорлик субъектларида фаолият юритаётган ишчиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари қонун билан ҳимояланмайди ва халқаро/миллий қонунчиликда белгиланган минимал талабларга (ойлик, меҳнат таътили, меҳнат муҳофазаси, иш давомийлиги ва ҳ.қ.) риоя этилмайди.

Бир неча инқирозлар, юксалиш ва пасайишларни бошдан кечирган дунё иқтисодиёти, хусусан, иқтисодий ривожланган мамлакатлар бугунги кунга қадар яширин иқтисодиётнинг зарарини аллақачон англаб етганлар. Ушбу салбий жараён жуда кўплаб соҳаларга ўз таъсирини кўрсатиб, пировардида, халқ фаровонлиги пасайишига олиб келмоқда ҳамда аҳолини ҳаётдан рози ва мамнун бўлиб яшашига тўсқинлик қилмоқда. Хўш, яширин иқтисодиётнинг зарари қандай шаклларда намоён бўлади? Улардан асосийларини кўрсатиб ўтамиз:

 Солиқ тушумлари. Яширин иқтисодиётда банд бўлган субъектлар давлат назоратидан четда бўлади ва солиқдан қочади. Бу эса мамлакат миқёсида улкан ҳажмдаги солиқ тушумларини йўқ қилиб, қанчадан-қанча ижтимоий аҳамиятга эга муаммоларнинг ҳал этилмаслигига сабаб бўлади;

 Иш самарадорлиги. Жаҳон банки таҳлилларига кўра, норасмий сектор корхоналаридаги иш самарадорлиги қонуний ишлаётган тадбиркорлик субъектларига нисбатан 4 баравар кам бўлиши тасдиқланган. Бу эса бутун мамлакат даражасида олиб қараганда жуда катта зарар деганидир;

 Ходимлар ҳуқуқлари. “Соядаги” компанияларнинг ишчилари ҳалол фирмалар ходимлари эга бўлган ҳуқуқлардан ҳеч қачон фойдалана олмайдилар;

 Носоғлом рақобат. Яширин иқтисодиётда банд бўлганлар назоратдан ва солиқ тўлашдан қочиши рақобатда ҳалол тадбиркорлар учун адолатсизлик келтириб чиқаради;

 Иқтисодий кўрсаткичлар. Норасмий бизнес иқтисодий кўрсаткичларнинг ҳаққонийлигига путур етказади. Бу эса мамлакат миқёсида муҳим иқтисодий қарорлар қабул қилишга жуда катта салбий таъсир қилади;

 Ишончнинг пасайиши. Яширин иқтисодиёт ҳажмининг ҳаддан ташқари кенгайиб кетиши давлат институтлари ва иқтисодий тартибларга нисбатан ишончнинг пасайишига олиб келади;

  Жиноий фаолият. Соядаги иқтисодиёт жиноий гуруҳлар учун ўзаро “олди-берди”ларга кенг йўл очади, жамиятда яширин (латент) жиноятларни ўсишига сабаб бўлади, натижада миллий хавфсизликка хатарларни келтириб чиқаради;

 Бошқа муаммолар. Халқаро иқтисодчилар кўплаб таҳлилларида яширин иқтисодиёт инсон капиталининг камайиши, камбағаллик ва нотенгликнинг ўсиши, аҳоли жон бошига ЯИМ кўрсаткичларининг пасайиши сингари бошқа муаммоларнинг ҳам асосий сабабчиси эканлигини исботлаганлар. 

Ушбу муаммоларни бартараф этиш мақсадида тадбиркорлик субъектлари билан ўтказилган мулоқотларда билдирилган фикрлар ҳамда кенг жамоатчиликнинг таклифлари чуқур таҳлил қилинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Яширин иқтисодиётга қарши курашиш соҳасида давлат назорати механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+