Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги савдо ҳажми 20 миллиард долларга етади
Ўтган йили турли соҳалар бўйича беш йиллик дастур имзоланганди.
12 январ куни Тошкентда “Янги даврда Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик” мавзусидаги конференция гибрид форматда бўлиб ўтди. Унда таъкидланишича ўзаро савдо ҳажми 20 миллиард долларга етказилади.
Жорий йилда кутилаётган икки томонлама муҳим тадбирларга тайёргарлик кўриш доирасида ташкил этилган ушбу тадбирда Хитой ва Ўзбекистоннинг сиёсий-дипломатик доиралари, етакчи таҳлил марказлари вакиллари иштирок этди.
Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Aрипов конференция иштирокчиларига мурожаатида Ўзбекистон-Хитой муносабатлари динамикасига алоҳида тўхталиб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, бунга икки давлат раҳбарлари ўртасида ўрнатилган дўстона ва ишончли муносабатлар кўп жиҳатдан туртки бўлди. Биргина ўтган йилнинг ўзида икки давлат раҳбарлари тўрт марта, шахсан ҳамда халқаро платформаларда онлайн форматда учрашди.
Ўтган йили турли соҳаларда алоқаларни ривожлантириш бўйича тегишли беш йиллик дастур имзоланганди.
Таъкидланганидек, 10 йил давомида Буюк Ипак йўлини қайта тиклаш ғояси тараққиёт ва фаровонликка хизмат қилувчи инклюзив ва очиқ ҳамкорлик платформасига айланди. Марказий Осиё мамлакатлари учун “Бир макон, бир йўл” ташаббуси нафақат инфратузилма лойиҳаси, балки у глобал қиймат занжирида муҳим бўғинни яратади. Юқори технологияли ишлаб чиқаришга йўналтирилаётган сармоя ва қўшма лойиҳалар минтақа экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.
“Шу нуқтаи назардан, Хитой етакчи савдо ва сармоявий ҳамкоримиз сифатида кўрилиши мантиқан жуда тўғри”, - деди эксперт.
Ўтган йилнинг ўн бир ойи якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 12 миллиард доллардан ошди, Пекиннинг мамлакатимиз умумий савдо айланмасидаги улуши 20 фоиздан ортиқни ташкил этди.
Яқин беш йил ичида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 20 миллиард долларга етказиш учун барча асослар мавжуд.
Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги сармоявий ҳамкорлик ҳам барқарор суръатда ривожланмоқда. Хитой инвестицияларининг ўзлаштирилган умумий ҳажми 2017 йилдан буён 5 баробар ошди ва 11 миллиард долларни ташкил этди.
Биргина 2022 йилнинг ўзида икки миллиард доллардан ортиқ инвестиция ўзлаштирилди, Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқларида Хитой капитали иштирокида икки мингдан ортиқ корхона фаолият юритмоқда.
"Хитойда, билишимча, "сўздан кўра фактлар ишонарлироқдир" деган ибора бор. Aйнан бизнинг ҳолатдаги каби, сўз ўз исботи билан”, — дея хулоса қилди Елдор Aрипов.
Эслатиб ўтамиз, СМТИ томонидан Хитой Халқ Республикаси Давлат Кенгаши Йевропа ва Осиё ижтимоий тараққиёт институти Тараққиёт тадқиқот маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган конференцияда сиёсат, хавфсизлик, савдо-инвестицион ва маданий-гуманитар соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Хитой Халқ Республикаси Давлат Кенгаши Европа ва Осиё ижтимоий тараққиёт институти Тараққиёт тадқиқот маркази – Евроосиё минтақасидаги мамлакатларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишини таҳлил қилиш ва ўрганишга қаратилган Хитойдаги етакчи тадқиқот институти. У 1989 йилда ташкил этилган. У ХХР раҳбариятига Хитой ва Евроосиё маконидаги мамлакатлар ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида ахборот, маслаҳатлар ва сиёсий тавсиялар беради.