Таниқли адабиётшунос олим вафот этди

У “Дўстлик” ордени ҳамда “Мустақилликнинг 15 йиллиги”, 1972 ва 1984 йилларда “Халқ маорифи аълочиси” нишонлари билан тақдирланган.

Маданият
11 январь, 23:14
Таниқли адабиётшунос олим вафот этди

Бугун таниқли адабиётшунос олим Ҳомиджон Ҳомидий 89 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси хабар берди.

Уюшма аъзоси, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори Ҳомиджон Ҳомидий 1935 йил 4 октябрда Наманган вилояти, Косонсой шаҳрида туғилган.

Ўрта мактабни тугатгач, Косонсой босмахонасида харф терувчи, газетанинг маъсул котиби бўлиб ишлаган.1956-61 йиллар Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институти (ҳозирги университет)нинг “Тарих-филология” факультетида таҳсил олган. Бўлажак зуллисонайн олим Ҳомидий институтнинг Ўзбек тили кафедрасида ўқитувчи бўлиб ишлаган. 1963-67 йиллар давомида Ўзбек адабиёти кафедраси аспирантурасида ўқиб: 1968 йили номзодлик, 1990 йили докторлик диссертацияларини ҳимоя қилган.1982-2010 йилларда университетнинг “Ҳозирги ўзбек адабиёти” ҳамда “Ўзбек классик адабиёти” кафедраларини бошқарди.

Турли йилларда олимнинг “Гуманизм куйчиси”, “Барҳаёт шеърий қаср”, “Боқий бўстон таровати”, “Шоҳноманинг шуҳрати”, “Қирқ беш аллома Ҳикояти”, “Аждодлар сабоғи – ақл қайроғи”, “Кўҳна Шарқ дарғалари”, “Машриқзамин – ҳикмат бўстони” (ҳаммуаллиф), “Тасаввуф алломалари”, “Олис-яқин юлдузлар”, “Наманган адиблари” (ҳаммуаллиф), “Косон тарихи” (ҳаммуаллиф), “Авестодан Шоҳномага”, “Даҳолар давраси” сингари ўттизга яқин китоблари нашр қилинган.

Бундан ташқари олим бир қанча дарслик ва ўқув қўлланмаларнинг муаллифидир. Турли илмий тўплам, журнал ҳамда вақтли матбуотда олимнинг 500 дан ортиқ мақолалари эълон қилинган. Илмий мақолалари Теҳрон, Боку, Олмаота, Душанбе, Ҳўжанд шаҳарларидаги мажмуа ҳамда қомуслардан ҳам ўрин олган. У “Дўстлик” ордени ҳамда “Мустақилликнинг 15 йиллиги”, 1972 ва 1984 йилларда “Халқ маорифи аълочиси” нишонлари билан тақдирланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ёш журналист, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси матбуот котиби сифатида ишлаган Айжамал Жолдасбаева 27 ёшида вафот этган эди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+