Камтарга камол – нотўғри мақол

Камтаринлик тарғиботчилари шундай дейишади: “сен кўпроқ ва яхшироқ ишласанг, жамият ва раҳбариятнинг ўзи сени пайқайди, маошингни кўтаради ва мукофотлайди”. Бироқ реал ҳаётда бунинг аксини кўрамиз. 

Жамият
6 кун аввал, 16:44
Камтарга камол – нотўғри мақол

Халқимизда камтарга – камол, манманга – завол, деган мақол бор. Бу ерда камтарлик деб кибрланмаслик, сурбет ва мақтанчоқ бўлмаслик каби хислатлари кўзда тутилган. Бироқ камтарин, қимтиниб-тортиниб юрадиган, ўзидаги қобилият, билим ва тажрибани намойиш этишга уяладиган одамлар орасидан негадир катта мансабдор ҳамда бойлар чиқмаган. Ҳаттоки илм-фан ва санъатда камтаринлар бир умр бошқалар соясида қолишади, уларнинг “кўтарилишига” хизмат қилишади холос.

Камтаринлик тарғиботчилари шундай дейишади: “сен кўпроқ ва яхшироқ ишласанг, жамият ва раҳбариятнинг ўзи сени пайқайди, маошингни кўтаради ва мукофотлайди”. Бироқ реал ҳаётда бунинг аксини кўрамиз. Айнан нокамтар инсонлар, жасоратли шахслар ҳаётда муваффақиятга эришади. Эски президент ҳам турли мажлисларда “отилиб чиқиб” саволлар берган ва ошкора маддоҳлик қилган одамларнинг мансабини кўтарган, имтиёзлар берган. (Кейинчалик бу “отилиб чиқиш”ларни ҳам президент атрофидаги раҳбарлар ўз танишлари ва қариндошларини “кўтариш” учун уюштиришгани фош бўлди).

Жамиятимизда одамлардан камтарлик талаб қиладиганларнинг ўзларида бу хислатни кўрмайсиз. Улар бошқалардан камтарлик ва фидойилик талаб қилиб, ўзлари улар фойдаланмайдиган неъмат ва имкониятлардан фойдаланишни, рақобатчилардан қутулишни кўзласа ажаб эмас. Оддий мисол, Шимолий Кореяда турли пропаганда ва қўрқитиш ёрдамида халқ кўплаб оддий ҳуқуқлар ва неъматлардан мосуво қилинган. Бироқ тепадаги раҳбарлар учун ҳамма нарса мумкин.

Камтар бўлишга тарғиб қилиш совет давридан, ҳатто ундан олдинги рус империясидан қолган сарқит десак муболаға бўлмайди. Зеро мустамлакачилар ва унлардан кейин коммунист раҳбарлар ўз қўли остидагиларидан сўзсиз итоат талаб қилишган. Халқнинг ўзини намойиш қилмасликларидан манфаатдор бўлишган. Доим бош эгиб, бошқалардан ажралиб турмасдан яшашга ўргатишган.

Оддий мактаб ўқувчиларини олсак ҳам, рус мактабларининг ўқувчилари ўзларини нисбатан эркин тутишган, ўз фикр ва мақсадларини, иқтидор ва билимларини намойиш этишдан уялмаган. Ўзбек мактабларида эса турли йўллар билан болаларнинг эркинлиги бўғилган. Соч турмаги, кийиниши, қизиқишлари қаттиқ назоратга олинган. (Бундай вазият ҳозир ҳам давом этяпти. Кийим - рўмол ва соқол масаласи айнан ўзбек мактабларига татбиқ этилиши фикримиз исботи) Шу тариқа маҳаллий аҳолида итоаткорлик ва тортинчоқлик парвариш қилинган. Бошқалардан ажралиб туриш ёмон хислат сифатида тақдим этилган.

Шу тариқа, камтарлик, айниқса, оқсоқолларни ҳурмат қилишни ва ўзини-ўзи реклама қилишдан сақланишни қадрлайдиган жамиятларда, анъанавий тарзда ижобий сифат сифатида қабул қилинган. Бу билан раҳбарлар ва бойларга итоат қилиш, ўзидан турли даража бўйича катталарнинг ҳар бири қилиғи ҳамда вайсаши олий ҳақиқат дея қабул қилиниши назарда тутилган. Ҳатто “оғзи қийшиқ бўлса ҳам, бойнинг ўғли гапирсин” деган мақоллар пайдо бўлган.

Бироқ, психологик фан ва замонавий тадқиқотлар нуқтаи назаридан, камтарлик сифати ҳар доим ҳам шахсий камолотга ёрдам бермайди. Замонавий экспертлар ҳаддан ташқари камтарлик шахсий ривожланиш, мансабда ўсиш ва ўзини англашга халақит бериши мумкинлигини тобора кўпроқ таъкидламоқда. Камтарлик ҳар доим ҳам мукаммаллик йўлида фойдали сифат эмаслигини кўрсатадиган илмий далиллар, психологларнинг фикрлари ва ҳаётий мисоллар бир талай.

Камтарлик ва унинг ўзини ҳурмат қилишга таъсири

Машҳур америкалик психолог Мартин Селигманнинг фикрича, ҳаддан зиёд камтарлик кўпинча ўзига паст баҳо бериш каби иллатга сабаб бўлади. Ўз ютуқларини пасайтириб кўрсатишга мойил бўлган одамлар, ўз-ўзини англашга ёрдам берадиган имкониятлардан камроқ фойдаланишади. Ушбу ҳодиса 1978 йилда америкалик олимлар Клиэнс ва Имес томонидан олиб борилган тадқиқотларда тасвирланган "сохта шоҳ синдроми" тушунчаси билан боғлиқ. Тадқиқотларга кўра, тахминан 70% одамлар ҳаётида камида бир марта ўзларининг муваффақиятларига нолойиқ эканликларини ҳис қилишган ва бу туйғу кўпинча ҳаддан ташқари камтарлик хислати туфайли кучайган.

2022 йилда Калифорния университетида “камтарликнинг ўзини ўзи қадрлашига таъсирини баҳолаш” мавзусида ўтказилган тадқиқотга кўра, кучли камтарлик хусусиятига эга одамлардаги ҳаётдан қониқиш даражаси ўзини намойиш этишдан тортинмайдиган одамларга нисбатан ўртача 35 фоизга кам бўлади.

Ҳаддан ташқари камтарлик хавфи

Кўпгина психологларнинг фикрича, камтарлик ижтимоий меъёр сифатида нафақат мансаб ўсишига тўсқинлик қилиши, балки ҳиссий барқарорликка ҳам зарар етказиши мумкин. "Фиксация ва ўсиш" назарияси муаллифи, психолог: Кэрол Двекнинг шундай сўзлари бор: "Камтар одамлар кўпинча ўз қобилиятларини намойиш эта оладиган вазиятлардан қочишади, чунки улар ажралиб туришдан қўрқишади. Бу уларнинг ўсиш ва ўзини такомиллаштириш имкониятларини чеклайди".

Олим Двекнинг таъкидлашича, ўсиш менталитети бўлган, қийинчиликларни қабул қилишга ва уларнинг ютуқларини тан олишга тайёр бўлган одамлар "камтар" бўлишга интилганларга қараганда ўзларининг профессионал ва шахсий ҳаётларида кўпроқ муваффақиятга эришадилар. Унинг тадқиқотлари шуни кўрсатадики, бундай фикрга эга одамлар муваффақиятга 25-30% кўпроқ эришади.

Пенсилвания университетининг психология профессори Aдам Грант ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Унинг таъкидлашича, ҳаддан ташқари камтарлик одамларга бизнес ва шахсий муносабатлар ўрнатишга тўсқинлик қилади. Грант ўзининг «Бер ва ол» («Give and Take») номли бестселлер китобида шундай ёзади: "Камтар одамлар кўпинча ўз истеъдоди ва ғояларини етарлича фаол ифода этмайди. Бу нафақат уларнинг карьера қилиш имкониятларини пасайтиради, балки жамоа ривожига қўшиши мумкин бўлган ҳиссасини ҳам чеклайди".

Ҳақиқий  ҳаёт мисоллари

Тарихда ва замонавий ҳаётда камтарликдан воз кечган одамлар қандай қилиб катта натижаларга эришганлиги ҳақида кўплаб мисолларни топиш мумкин.

Tesla ва SpaceX асосчиси Илон Маск ўзининг улкан мақсадлари йўлида сохта камтарликдан воз кечгани билан машҳур. Унинг ўзига бўлган ишончи ва ютуқлари ва қарашларини омма олдида намоён этишга тайёрлиги дунёдаги энг йирик технология компанияларини яратишига олиб келди. У интервюларидан бирида таъкидлаганидек, "камтарлик мувозанат учун яхши, лекин сизда катта мақсадлар бўлса, ўз ғояларингизни дунёга “кўз-кўз” қилишга тайёр бўлишингиз ва уларга эришиш учун курашишингиз керак."

Ўз карьерасини телебошловчи сифатида бошлаган яна бир машҳур шахс -  Опра Уинфри ҳам ўз салоҳиятини юзага чиқариш учун камтарликдан воз кечган. Ўзига бўлган ишончи ва ютуқлари билан бўлашишга тайёрлиги туфайли у ўз медиа империясини қурди ва дунёдаги энг нуфузли аёллардан бирига айланди.

Камтарликнинг карьерага таъсири

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, иш жойида камтарлик мансабда ўсиш учун жиддий тўсиқ бўлиши мумкин. 2020 йилда Harvard Business Review ўтказган тадқиқот шуни кўрсатдики, ўз ютуқларини камайтириб кўрсатишга мойил ходимларнинг раҳбарият назарига тушиш, кўтарилиш ва эътироф этилиши эҳтимоли камроқ. Тадқиқот натижаларига кўра, менежерларнинг 47 фоизи айнан ўз ютуқлари ва амбицияларини намойиш эта оладиган ходимларни мансабда кўтаришга мойиллигини тан олишади.

Бу тенденция, айниқса, ажралиб туриш муҳим бўлган юқори рақобат ҳукмрон меҳнат бозорларида яққол сезилади. Мисол учун, ахборот технологиялари ва молия каби соҳаларда ўз маҳорати ва ютуқларини фаол намойиш этаётган ходимлар карьерада ўсиши учун ўртача 15-20% кўпроқ имкониятга эга.

Камтарлик ва руҳий саломатлик

Кўпчилик камтарликни фазилат деб ҳисобласа-да, у руҳий саломатликка ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин экан. Психотерапевт Майкл Ҳаррис ўз илмий ишида камтарлик кўпинча ҳис-туйғуларни бостириш ва ҳаётдан норозилик ҳисси билан ҳамроҳлигига урғу берган. Ўз ютуқлари билан ажралиб туришдан ёки тан олинишидан қўрқадиган одамлар сурункали стресс ва ҳаддан ташқари салбий туйғуларни бошдан кечиришлари мумкин.

2021 йилда Psychological Science журналида чоп этилган тадқиқотга ишонадиган бўлсак, камтарлик хусусияти юқори одамларнинг тушкунлик ва хавотирни бошдан кечириш эҳтимоли кўпроқ. Тадқиқотга кўра, камтар одамлар ўз кучига ишонган, ўз ютуқлари баралла ва очиқ айтадиган шахсларга қараганда 22% юқори стресс даражасига эга. Улар “шунча қаттиқ меҳнат қиляпман, билимли ва қобилиятлиман, нега мени эмас фалончини эътироф этиб маоши ёки мансабини кўтаришади” деган салбий фикрлар ва норозилик кайфиятидан азият чекишади.

Жасурга – камол, камтарга завол...ми?

Камтарлик, анъанавий фазилат сифатида қабул қилинишига қарамай, замонавий дунёда мукаммаллик ва ўзини ўзи англаш учун тўсиқ бўлиши мумкин. Илмий тадқиқотлар ва ҳаётий мисоллар шуни кўрсатадики, ҳаддан ташқари камтар одам ўзига жуда паст баҳо беради, одамлардан ажралиб туришдан қўрқади, мансаби секин ўсади ва руҳий саломатлиги ёмонлашади. Психологларнинг таъкидлашича, ўз ютуқлари ва амбицияларини тан олишдан қўрқмайдиган одамлар бошқаларга нисбатан муваффақиятлироқ бўлишади ва ҳаётдан мамнун юришади. Шу боис, шахсий камолатга эришиш учун камтарлик ва ўзига ишонч ўртасидаги мувозанатни топиш муҳим. Қисқасини айтганда, камтарлик, эҳтимол, ёмон хислат эмасдир, бироқ меъёридан зиёд камтарлик заволга етаклиши тайин.

Фикрларимизни бир ривоят билан якунлаймиз: мутафаккир Эразм машҳур файласуф Суқрот билан боғлиқ бир ривоятни келтиради: бир бой шаҳарлик ўғлини Суқрот ҳузурига шогирдликка юборади. Уни етаклаб келган қул бу болани шогирдликка олар экансиз, дейди. Бола индамай, шифтни томоша қилиб ўтираверади. Суқрот шунда: “Гапир, токи мен сени кўра олай” дейди.

Демак инсон ўзини намоён этмас экан, унинг кимлиги ва нималарга қодирлигини ҳеч ким билмайди. Бундай тортинчоқ ва камтар инсонга муносабат ҳам шунга яраша бўлади.

 

 

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+