Яхши ва қулай бўлиш касалликка тўғридан-тўғри йўл: психологик ва психосоматик жиҳатлар

Психологлар ҳиссиётларни бостириш юқори даражадаги стресс билан боғлиқлигини таъкидлайдилар. Америкалик психолог Жеймс Гросс томонидан ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, ўз ҳис-туйғуларини бостирган одамлар сурункали стрессдан азият чекади, юрак-қон томир касалликларининг ривожланиш хавфи ортади. 

Мақола
23 сентябрь, 20:50
Яхши ва қулай бўлиш касалликка тўғридан-тўғри йўл: психологик ва психосоматик жиҳатлар

Биз яшаётган ҳозирги жамият кўпинча оппортунизм, алтруизм, фидойилик ва бошқалар учун "қулай бўлиш" истаги билан боғлиқ хатти-ҳаракатларни рағбатлантиради. Бу ижтимоий тенденция, айниқса, шахслараро муносабатлар, касбий муҳит ва оилавий ҳаётда яққол намоён бўлади. Бироқ, кўплаб психологик тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бошқаларни мамнун қилишга ва розилигини олишга ҳаддан ташқари уриниш ва ўз эҳтиёжлари ҳамда ҳис-туйғуларини бостириш - жиддий руҳий ва психосоматик асабдан келиб чиқувчи тана хасталикларининг ривожланишига олиб келиши мумкин. Яъни соғлом ғазаби ва бошқаларникидан фарқ қилувчи фикр ва ҳиссиётларини яшириб, ичига ютиб юрган одамда нафақат руҳий, балки тана даражасида хасталиклар келиб чиқади. 

Албатта бу ўринда гап мажбурий ва сохта хушфеъллик ҳақида кетяпти. Самимий ижобий туйғулари бор ва улар билан бўлашадиган инсонларга турли хасталик ва хавфлар таҳдид солмайди. Шу боис сохта мураввват ва хушфеъллик қилмасдан, самимий бўлиш соғлиққа фойда келтиради, дейиш муболаға бўлмайди.

Ҳиссиётларни босиш оқибатлари

Бостирилган ҳис-туйғулар ва жисмоний касалликларнинг ривожланиши ўртасидаги боғлиқликка биринчилардан бўлиб эътибор қаратганлардан бири - психоаналитик, “Кўз ҳаракатлари билан десенсибилизация (сезгини пасайтириш ва травмаларга ишлов бериш” (Eye Movement Desensitization and Reprocessing therapy (EMDR) — услубининг муаллифи Френсин Шапиро бўлди.

У ўз асарларида руҳий травма ва бостирилган кечинмалар психосоматик касалликларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлади. Бирор киши "қулай" бўлиш ва ҳаммага ёқиш учун доимо ўзининг салбий ҳис-туйғулари ва стрессни бостирганида, бу ҳис-туйғулар изсиз йўқолиб кетмайди, балки бош оғриғи, ошқозон бузилиши, сурункали чарчоқ каби бошқа жисмоний симптомлар воситасида озод бўлади – “тешиб” чиқади.

Бундан ташқари, психологлар ҳиссиётларни бостириш юқори даражадаги стресс билан боғлиқлигини таъкидлайдилар. Мисол учун, америкалик психолог Жеймс Гросс томонидан ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, ўз ҳис-туйғуларини бостирган одамлар сурункали стрессдан азият чекади ва уларда юрак-қон томир касалликларининг ривожланиш хавфи ортади. Гросс ҳиссий тартибга солиш моделини ишлаб чиққан бўлиб, унда ижтимоий тинчликни сақлаш учун норозилик ёки ғазабни бостиришга уринишлар иммунитет тизимининг бузилишига ва умуман саломатликнинг ёмонлашувига олиб келиши мумкинлигини тушунтирди.

Ижтимоий роллар ва "қулай одам" синдроми

Қулайлик синдроми - бу ўз манфаатларини қурбон қилиш эвазига бошқаларнинг сендан умид ва кутилмалари - манфаатларини қондиришга интилишни тавсифловчи тушунча. Бу синдром кўпинча авторитар ёки назорат кучли муҳитда ўсган одамларда учрайди. Бу ерда улар авторитар фигуранинг яхши муносабати ва маъқуллаши эвазига бўйсуниш ва ўз эҳтиёжларидан воз кечишга ўрганишган. Бундай хатти-ҳаракатлар улар катта бўлганида ҳам давом этадики, бу эса бир қатор салбий оқибатларга олиб келади. 

Боғланиб, қарам бўлиб қолиш назарияси асосчиси Жон Балби томонидан олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, ота-онасидан беғараз, шунчаки қўллаб-қувватлаш ва маъқуллаш олмаган болалар кўпинча бошқаларнинг кўнглини ва розилигини олиш учун ўз эҳтиёжларини четга сурган ҳолда уларнинг эҳтиёжларини қондиришга интилади. (Бундай одамлардан лаганбардор ва ялоқи хушомадгўй маддоҳлар етишиб чиқади. Шундайларнинг касофати билан турли диктатор, золим ва авторитар унсурлар давлат тепасига чиқиб олади ва ўлгунича мансабини бўшатмайди). Вояга етганида, бундай одам ўз шахсиятини бошқалар уни қандай ҳолда кўришни истаётгани асосида қуради. Масалан, бир бола ҳайдовчи бўлишни орзу қилади, бироқ у ота-онасининг орзу-ҳаваси, атрофидагиларнинг “шундай зиёли ота-она фарзанди ҳайдовчи бўладими”, қабилидаги кутилмаларига мос келиш учун, айтайлик, юридик институтга ўқишга кириб, диплом олишга интилади. Бундай жараёнда у шахсий ўзлигини англашнинг ривожланишига тўсқинлик қилади, бу эса ҳиссий чарчаш ва тушкунликка олиб келади.

Бунинг тескариси ҳам бўлиши мумкин. Оддий ҳайдовчининг фарзанди юрист ёки тадбикор бўлишга интилса, одамлар шунчаки ҳасад ва бу мақсаднинг кутилмаларга зид эканлиги боис, дароров бунга қарши чиқади. “Ҳайдовчининг боласига юрист бўлишни ким қўйибди”, “ота-онанг ким-у, сен ким бўлардинг” шаклидаги кутилмалар билан болага тўсқинлик қилишга уринишади.

Босилган ҳис-туйғулар натижасида келиб чиқувчи психосоматик касалликлар

Туйғуларни бостириш ва психосоматик касалликларнинг ривожланиши ўртасидаги боғлиқлик бир қатор тадқиқотлар билан тасдиқланган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, шифокорларга жами ташрифларнинг тахминан 60-80 фоизи сурункали стресс, бостирилган ҳис-туйғулар ва ўз ҳис-туйғуларини ифода эта олмаслик каби психосоматик омиллар туфайли келиб чиққан ёки кучайган касалликлар туфайли юзага келади.

Бостирилган ҳис-туйғулар билан боғлиқ бўлган психосоматик касалликларнинг классик мисоллари - ошқозон яраси, гипертензия (юқори қон босими) ва сурункали ичак синдроми. Психосоматик тиббиёт асосчиларидан бири, немис психиатри Франц Aлександрнинг тадқиқотларига кўра, бундай касалликлар кўпинча доимий ташвиш ёки ғазабни бошдан кечирадиган, аммо бу ҳис-туйғуларни ифода эта олмайдиган одамларда учрайди. Aлександр, бостирилган ҳис-туйғуларнинг тўпланиши аста-секин сурункали касалликларга айланиб, ички органларнинг фаолиятини бузади, деб ҳисоблаган.

1960-йилларда британиялик кўкрак қафаси жарроҳи Девид Киссен бир қонуниятни пайқаган. У ўз тажрибасида аниқлашича,  ҳиссиётларини бостирган одамларнинг ўпка саратони билан касалланиш эҳтимоли юқорироқ бўлар экан. Ўпка саратонига чалинувчиларнинг аксарияти чекувчилар бўлиши ҳақиқат. Бироқ ҳар 100 та кашанданинг атиги 10 ёки 15 нафари ўпка саратонига чалинади. (Ирсият ва бошқа омилларни ҳам ҳисобга олиш керак, албатта). Лекин ўпка саратон хасталиги билан оғриган одамларнинг аксарияти - “хушфеъл ва одамларга ёқишга уринувчи одамлар бўлган. 

Яна бир машҳур психолог Габор Матэ ҳам шундай фикрда. Унинг кузатувлари натижасида олинган хулосаларга кўра, одам ўз манфаатларига “йўқ” деса, ўз ҳиссиётлари ва соғлом ғазабини бостирса, бунга албатта танадан жавоб қайтади. Яъни тана табиий йўл билан ўзини намоён эта олмагани боис, касаллик шаклида жавоб беради. Матэнинг айтишича, ўз ҳиссиётларини бостириш - иммун тизиминниг жавоб реакциясига олиб келади. Яъни соғлом ғазаб ва ҳиссиётларимизни бостирсак, иммун тизимимизни ҳам босган бўламиз. Иммун тизимининг кучсизланиши эса психосоматик касалликлар учун кенг йўл очади.

Габор Матэнинг соғлом ғазабни бостириш тушунчасига айримлар қарши чиқади. “Официантга бирор кичик хатоси учун бемалол ғазаб сочиш кераклигини тарғиб қиляпсизми”, дея писанда қилишади. Бироқ, Матэнинг айтишича, соғлом ғазаб – бу ўз чегараларини белгилаб олишдир. Яъни бегоналарга ва айнан кимларга нималарни рухсат берасиз - буни уларнинг ўзига ҳам билдириб қўйишдир. Соғлом ғазаб – бу она айиқнинг уясига яқинлашаётган овчиларга қичқириб, “бу менинг ҳудудим, йўқолинглар дейишидир. 

Габо ажойиб бир мисол келтиради. Масалан, чақалоқ очқаса ёки тагини ҳўллаб қўйса, “қўй, майли индамай қўяқолай, ота онам ҳам ҳам чарчаган, уйқуга тўймаган. Уларни безовта қилиб, сут сўрамай, сабр қилиб ўтираверай” демайдику!  Шунга ўхшаш, одамлар ҳам ўз истаклари нималигини аниқ ифода қилиш ва улар учун курашишга ҳақли. 

Бироқ истакларнинг ҳам аслини, айнан сизники бўлганларини ажратиб олиши крак. “Одамлар нима дейди,  шундай қиляптику, ҳамма шундайку, мендан буни эмас, мана буни кутишадику” тарзида шаклланган орзу истак ва мақсадлар сизники эмас, ишонинг! Масалан, “фалончи тўйига 5000 долларга фалончи отарчини олиб келибди, ёки фалончи тўйида бунча қўй сўйибди”, ёки “менинг хотиним фалон тонна овқат қилайлик деяпти, демак қилишим керак” қабилидаги истаклар ҳам сизнинг асил истакларингиз эмас, бунга ҳам бошингизни қотирманг!

Перфекционизм ва ҳиссий бузилишлар ўртасидаги муносабатлар 

Яхши бўлишга ва бошқаларнинг юқори умидларини қондиришга бўлган ҳаддан ташқари интилиш, руҳий ва жисмоний касалликларга олиб келиши мумкин бўлган перфекционизм феномени билан боғлиқ. Перфекционизм (мукаммаллик ва мутлақо текис ва тўғриликка интилиш) кўпинча доимий ташвиш, тўлақонли инсон эмаслик ҳисси ва хато қилишдан қўрқиш билан бирга келади.

Буни баъзан “аълочилик” синдроми деб ҳам аташади. Масалан, ота-она боласидан доим 5 баҳога ўқишни талаб қилади. Паст баҳо олса, уларнинг муомаласи ўзгаради, уришади, ҳатто жазолайди. Натижада бола билим олиш учун эмас, ота-онасининг маъқуллаши, эътибори, меҳри ва яхши муомаласидан умид қилиб 5 баҳо олишга интилади. Шунингдек, унда перфекционизм шаклланади. “Ҳамма ишни мукаммал қилишим керак, мукаммал одам бўлишим керак,” деган ўй билан юрадиган бўлади. Афсуски  ҳаётда бунинг иложи йўқлиги боис, қўл урган иши кўнгилдагидек бўлмаса, у қаттиқ тушкунликка тушади. Бу эса тана касалликларига олиб келади.

Бу синдром катта ёшдагилар оарсида “одамлар нима дейди” қабилида давом этади. Бундай одамнинг ўз асил орзулари ва қарашлари бўлмайди ёки воз кечилади. У доим бошқаларнинг диди ва раъйига қараб иш тутади.

Перфекционизим оқибатида самарадорлик ва маҳсулдорлик ҳам пасаяди. Перфекционист берилган топшириқ ёки ўз олдига қўйган мақсадига юқори даражада эришмаганича овора бўлиб юраверади. Бошқалар кунига 4 та маҳсулот берса, бундай одам безаб-бежаб, ўзидан кўнгли тўлмасдан, лойиҳани топшира олмай ўтираверади. Бундайлар “мукаммал бажарилмаган лойиҳанинг яшашга ҳаққи йўқ” деган фикр билан яшайди ва ишлайди.

Маълумот:

Бунинг аксини Стив Жобс ҳаётида кўриш мумкин. Apple компанияси дастлабки Iphone смартфонини лойиҳалаштирганида унинг камчиликлари ҳам бўлган албатта. Бироқ мукаммаллика интилиб, уни тузатиб, безаб-бежаб ўтирилса, рақобатчилар биринчи бўлиб бозорга чиқиши мумкин эди. Шу боис Жобс бу смартфонни дарров бозорга чиқаришга қарор қилади. “Қолган қутган камчиликларини кейин тузатиб, Iphone 2 номи билан бозорга чиқарамиз” дейди. 

Стив Жобс дастурчи бўлгани боис шундай йўл тутган бўлса ажаб эмас. Чунки дастурчилар бирор дастурни мукаммал қилиб ёзиб, кейин фойдаланишга топширишга уринишмайди. Асосий эҳтиёжларни қондира оладиган, қўйилган асосий талабларга жавоб бера оладиган дастур шаклланса кифоя -  дарров эълон қилишади. Камчиликларини эса v.2 (2-версия) тарзида чиқаришади, ёки аввалги “хомроқ” дастур учун “янгиланиш” чиқариб, интернет орқали дастурни янгилаб олишни таклиф этишади.

Перфекционизм, хато қилишдан қўрқиш синдромини ҳам юзага чиқаради. Яъни ота-онаси аълоси бўлишга мажбурлаган бола, ҳаётда қоқилиш ва хато қилиб қўйишдан қўрқиб, янги ишларга қўл ура олмайди. Иккиланувчи ва жураътсиз ҳамда уятчан бўлиб қолади. “Агар бизнес очсам-у, куйиб қолсам нима  бўлади, атрофдагилар нима дейди” деган иккиланишлар билан ўз бизнесини ҳам бошлай олмасдан бу дунёдан афсус билан ўтиб кетиши мумкин.

Психолог Грегори Миллер ўзининг "Перфекционизм ва саломатлик" (2016) тадқиқотида перфекционизм депрессия, безовталик ҳолати ва сурункали стресс каби ҳолатларнинг ривожланиши билан чамбарчас боғлиқлигини кўрсатган. Перфекционизмдан азият чекадиган одамлар кўпинча дам олишга қодир эмаслар ва ҳаётнинг барча жабҳалари устидан эришиб бўлмайдиган даражада назорат ўрнатишни исташади, бу эса охир-оқибат ҳиссий ва жисмоний чарчоққа олиб келади. Атрофдагилари эса уларнинг инжиқлиги, ҳар ишга “бурун суқавериши”, сўралмаса ҳам маслаҳат беравериши, танбеҳ қилаверишларидан азият чекишади. 

Турли шахсиятлар “қутиси”

Кўпгина психологлар ва психоаналитиклар бошқаларга ёқишга уринб яшаш,   саломатликка салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини тасдиқлашади.  Aналитик психология асосчиларидан бири Карл Юнг жамият кутилмаларини (яъни жамият сени қандай одам сифатида кўришин исташини) қондириш учун ўзининг ҳақиқий шахсиятини бостириш - шахсиятнинг бўлинишига ва неврозларнинг ривожланишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлади. Яъни одам кўчада бошқа, ишхонасида бошқа, уйида бошқа одам бўлиши мумкин. Бундай турли “ниқоблар” билан яшаш ақлий ва руҳий носоғломликни ҳамда асил ўзлик билан номувофиқликни келтириб чиқаради. Масалан, америкалик руҳий носоғлом жиноятчи Билли Миллиганда 24 хил шахсият бўлган - улар орасида 5 яшарли қизчадан тортиб, рашкчи аёл, турли касб эгалари ва ҳоказо одамлар битта тана ичида, аниқроғ мия ичида “яшаган” ҳамда вақти-вақти билан назоратни қўлга олиб, ўзларини намоён этишган. Бири бошқарувда бўлган пайтида қилган ишларини бошқа шахсият эслай олмаган ва билмаган ҳаттоки. Айтайлик, Миллиганнинг 5 яшар қизча шахсияти юзага чиқса, у худди 5 яшар қиздек ўйлаган, гапирган ва шунга хос хатти ҳаракат ва хулқ атворини намоён қилган.  (Одатда бундай шахсият бўлиниши ёшлигида жинсий зўравонликка учраган одамларда кўпроқ учрайди. Ёшлигида зўрланган инсон бу ҳолатни қабул қила олмайди ва ундан руҳан четланади. “Таҳқирланган одам мен эмасдим, у бошқа одам эди” деган овутувчи фикрлар асосида “қўшимча” шахсият яратилади).

Карл Юнг ўзининг "Aрхетиплар ва жамоавий онгсизлик" китобида ёзганидек, атрофдагиларнинг маъқуллашига сазовор бўлиш учун ўз эҳтиёжларини қурбон қилган одам ўзи билан алоқани йўқотади, бу охир-оқибат ички зиддият ва руҳий касалликларга олиб келади.

“Йўқ” дея олишни ўрганинг!

Психотерапевт ва "Илоҳий касаллик" китоби муаллифи Гарриет Брейкернинг фикрича, бошқаларни мамнун қилиш истаги, бошқаларнинг ҳафсаласини пир қилишдан ва “ишончи”ни оқлай олмасликдан қўрқиш ва "йўқ" деб айта олмаслик - ўз-ўзини йўқ қилишга ва психосоматик касалликлар ривожланиш хавфини оширишга олиб келадиган мажбурий хатти-ҳаракатлар ҳисобланади. Яъни, “бировга “ҳа” деганингизда, ўзингизга “йўқ” деяётган бўлишингиз мумкинлигини унутманг.

Бир қарашда, “йўқ” дейиш қийин эмасдек туюлади. Бироқ яқин дўсту қариндош ҳамда ҳурматли одамларга, раҳбарларга бу гапни ҳамма ҳам айта олмайди. Акс ҳолда ҳурмат иззат, дўстлик, муҳаббат ва илтифотга бой статус-кводан айрилиб қолиш мумкин. 

Бреакернинг таъкидлашича, бу хатти-ҳаракатлар кўпинча назорат қилувчи ва манипуляцияли тарбия натижасидир.

Ечимлар ҳақида

Муаммони билиш - уни ҳал қилишнинг биринчи қадамидир. Психотерапия, айниқса когнитив хулқ-атвор терапияси бошқалар учун “қулай” одам синдроми бўлган инсонларга соғлом чегараларни белгилаш ва ҳис-туйғуларини ифода этишни ўрганишга ёрдам беради. Терапия фикрлаш ва хулқ-атвор шаклларини ўзгартиришга қаратилган бўлиб, у ўз эҳтиёжлари ҳисобига бошқаларни хурсанд қилиш одатидан халос бўлишга ёрдам беради.

Бундан ташқари, талабчанлик кўникмаларини - ўз ҳуқуқларингизни ҳимоя қилиш, ўз чегараларингизни белгилаш ва ўз эҳтиёжларингизни конструктив тарзда ифода этиш қобилиятини ривожлантириш муҳимдир. Кўпгина тадқиқотлар шуни кўрсатадики, қатъий қобилиятга эга бўлган одамлар сурункали стресс ва психосоматик касалликлардан камроқ азият чекишади.

Хулоса қилиб айтганда, бошқалар учун ёқимли ва қулай бўлиш жиддий психологик ва жисмоний касалликларга олиб келиши мумкин бўлган йўлдир. Туйғуларни бостириш, перфекционизм ва бошқаларни мамнун қилиш учун ўз эҳтиёжларидан воз кечиш тана ва руҳиятга салбий таъсир кўрсатадиган кучли стрессни келтириб чиқаради. 

Абулфайз Сайидасқаров

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+