"Овертон туйнуги": тақиқланган тушунчаларнинг мажбуриятга айланиши

Бунда дискурс сезиларли даражада ўзгаради: муамммо тез-тез таъкидланади, унинг рақиблари ёқимсиз кўринишда тақдим этилади ва улар тараққиётга қаршилик ва мутаассибликда айбланади.

Мақола
22 сентябрь, 17:08
"Овертон туйнуги": тақиқланган тушунчаларнинг мажбуриятга айланиши
Фотоколлаж: Platina.uz

"Овертон туйнуги" ёки дискурс ойнаси – жамиятда, медиа ва сиёсатда ғояларнинг доирасини тасвирлаш учун социологик назариядир. Содда қилиб айтганда, бу жамиятда, медиа ва сиёсатда номақбул ҳамда табу ғояларнинг қандай қилиб мақбул ва мейнстримга айланишини тушунтирадиган ғоя ҳисобланади. Айтишларича, одамхўрликни жамият учун мақбул ҳодисага айлантириш ҳодисасини ҳам айни шу ғоя орқали моделлаштириш мумкин.

Ушбу назария Макинак ижтимоий сиёсат марказининг вице-президенти Жозеф Овертоннинг номи билан аталади. У 1990-йилларда сиёсий фикрларнинг турли даражалари ҳам мақбул бўлиши мумкинлиги назариясини таклиф қилган. Мазкур назария Овертон ўлимидан кейин оммавийлашиб кетди. Овертон 2003 йили авиаҳалокатда бу дунёни тарк этганидан сўнг, ҳамкасблари унинг назариясини матбуотда эълон қилишди. 

Концепция аввалига фақат тор доираларда машҳур бўлди. 2010 йилда журналист Гленн Бек “Овертон туйнуги” романини нашр қилгач, бу концепция жуда тез оммалашиб кетди. Лекин роман мазкур концепцияни назарий спекуляциялар ва конспирологик афсона ҳамда тахминларни тушунтириш асосига айлантирди. 

"Овертон туйнуги" назариясининг амалий жиҳатлари

Дастлаб Овертон назарияси таҳлил марказлари – think tank’лар – ва ҳуқуқ ҳимоячилари учун амалий қўлланма сифатида қабул қилинган. У сиёсий масалалар борасида ижтимоий фикр чегараларини таҳлил қилиш имконини беради. Лекин ғоянинг яна бир прагматик томони ҳам бор: Жозеф Овертон шу тариқа потенциал молиявий ҳомийларни Макинак маркази учун пул хайрия қилишга кўндиргани ҳақида маълумотлар юради.

Овертон мазкур ташкилотлар жамият ва сиёсий элита учун мақбул ғояларни тушуниб, белгиланган қадриятларни стратегик равишда тарғиб қилиш ва дискурс чегарасини исталган йўналишда ўзгартира олишади, деб ҳисоблаган. “Давлат раҳбарлари қандайдир сиёсатни ўз хоҳишига кўра амалга оширишлари мумкин эмас, улар фақат сиёсий жиҳатдан мақбул масалаларни танлашади. "Овертон туйнуги" ушбу ғоялар доирасини белгилайди”, деган эди Макинак маркази раҳбари Жозеф Леман The New York Times газетасига берган интервюсида.

1990-йилларда "Овертон туйнуги" ўнг сиёсий кучларга қаратилган эди. Назария муаллифи бу “туйнук” жудаям чапга силжиб кетгани ва натижада консерватив сиёсат жамият онгида маргиналлашиб боряпти, деб ҳисоблаган. Кейинчалик "Овертон туйнуги" ҳар хил сиёсий контекстларга қўлланилди ва у исталган ғояларни ОАВ орқали тарғиб қилиш технологияси даражасида такомиллаштирилди. 

"Овертон туйнуги" тамойиллари ва “сукунат спирали”

Овертон назариясига кўра, ғоя ижтимоий маъқулланишидан олдин бир неча босқичларни босиб ўтади: у дискурсда (мафкуравий контекстдаги матнлар йиғиндисида) гўёки уруғ каби униб чиқади ва тобора кўпроқ тарафдорлар орттиради. Қанчалик кўп одамлар илгари оммабоп бўлмаган ғояни омма олдида қўллаб-қувватласа ва у нима учун мақбул ва ҳатто фойдали экани ҳақида оқилона далиллар топса, у шунчалик тез жамият томонидан қабул қилинган меъёрга айланади.

Шу билан бирга, дискурс сезиларли даражада ўзгаради: муамммо тез-тез таъкидланади, унинг рақиблари ёқимсиз кўринишда тақдим этилади ва улар тараққиётга қаршилик ва мутаассибликда айбланади. Мувозанатли позиция дискурсдан йўқолиб кетаётганга ўхшайди, мувозанатда фақат қутбли мулоҳазалар қолади ва имкониятлар туйнуги кенгаяди. Гипер экстремал позициялардан фарқли ўлароқ, камроқ радикал ғоялар мақбул ва мўътадил туюла бошлайди.

Жамоатчилик фикридаги бу ўзгариш қисман бошқа, олдинги социологик концепция – немис сиёсатшуноси Элизабет Ноэл-Нойманнинг “сукунат спирали назарияси” билан изоҳланади.“Сукунат спирали” ғояси шуни англатадики, агар одам бирор-бир масала ёки ғояда камчилик эканини ҳис қилса, унинг фикри кўпчилик қўллайдиган фикрга зид бўлса, ўз фикрини очиқ айтишдан иккиланади ёки қўрқади. Чунки масхара қилишлари, ўч олишлари, жазолашлари, иҳоталаб қўйишлари, бойкот эълон қилишлари ва ҳоказо салбий оқибатлардан қўрқади. Ушбу психологик таъсир кўпчиликнинг фикри жамиятда энг оммабоп экани ҳақидаги иллюзияни келтириб чиқаради. Аслида у оммабоп бўлмаслиги ҳам мумкин. Шу сабабдан, Ноэл-Нойман фикрича, ижтимоий сўров натижаларига зид равишда, машҳур бўлмаган сиёсатчилар ва партиялар ҳам, агар гўёки уларни кенг жамоатчилик қўллаб-қувватлайди, деган иллюзияни ярата олсалар, ғалаба қозона олишади. 1960-йилларда Германия социал-демократик партияси кутилмаганда парламентда кўпчилик ўринларни қўлга киритгани бунга мисол бўла олади.

"Овертон туйнуги"нинг ишлаш принципи

Сиёсий ғоялар ижтимоий онгда маълум баҳосиз мавжуд бўлмайди. 2006 йилда президент кичик Жорж Бушнинг спичрайтери (нутқ ёзиб берувчиси) Жошуа Тревиньо сиёсий ғояларни қабул қилиш шкаласини таклиф қилди, бу иккала "Овертон туйнуги"нинг силжиш босқичларини акс эттиради ва унинг қандай ишлашини тушунтиради:

Номақбул

Радикал

Мақбул

Оқилона

Оммабоп

Нормал

Оммабоп

Оқилона

Мақбул

Номақбул

Ҳеч бир сиёсатчи ўз дастурига ушбу спектр чеккасидаги ғояларни киритмайди, чунки у сайловчилар томонидан қўллаб-қувватланмайди. Ҳукумат вакиллари кўпинча "Овертон туйнуги" доирасида, яъни умумэътироф этилган меъёрлар ва қадриятлар чегарасидан ташқарига чиқмасдан ва кўпчилик қўллаб-қувватламайдиган нарсаларни инкор этган ҳолда ҳаракат қилишади. "Овертон туйнуги" юқорида кўрсатилган спектр шкаласи бўйлаб силжиб, сиёсатчилар омма томонидан қўллаб-қувватланиши мумкин бўлган ғоялар сонини кўпайтириши ёки камайтириши мумкин, бу эса омманинг қўллаб-қувватлашидан маҳрум бўлиш хавфини туғдирмайди.

“Овертон туйнуги” қандай силжийди ёки ким уни силжитади?

Одатда "Овертон туйнуги" бир қатор омилларнинг комбинацияси туфайли ўзгаради: ОАВларда муаммони ёритиш хусусиятлари, жамоатчилик фикри етакчилари машҳурлигининг ўсиши ёки пасайиши, тўсатдан юз берган ижтимоий бўҳронлар ва ҳоказо. Шу тариқа, энг бемаъни ғоялар ҳам "Овертон туйнуги"ни силжитиши ва жамоатчиликнинг бирор масалага салбий муносабатини ижобийга ўзгартириши мумкин. Яъни бугунги кунда ақлга сиғмайдиган нарса потенциал равишда мақбул, оммабоп ёки одатий ҳолга айланиши мумкин.

"Овертон туйнуги"нинг силжиши (ёки кенгайиши) борасида мисоллар жуда кўп. Мана улардан бир нечтаси:

Aёллар эмансипацияси

ХХ аср ўрталарига қадар аёлларнинг шим кийиб юриши номақбул ҳодиса бўлган. Aёллар овоз бериш ҳуқуқига эга бўлишди, лекин шим кийсалар жамиятнинг маломатига қолиб кетишарди. Ҳатто илғор совет аёллари – трактор ҳайдовчилари, учувчилар, ҳаммоллар, механиклар ҳам фақат иш формаси сифатида шим кийишган. Аммо ишдан ташқари улар фақат юбка ёки кўйлакда жамоат олдида кўринишлари мумкин эди. Бироқ турли омиллар таъсирида аёлларнинг шим кийиб юриши ҳеч кимни ажаблантирмайдиган ҳодисага айланди. 

Ёки яна бир мисол. Юқорида зикр этилганидек, “кўпчилик қиляпти”, “кўпчилик маъқуллаяпти” деган ёлғон ижтимоий фикр туғдириш ҳам "Овертон туйнуги"ни силжитади. Масалан, бир пайтлари аёлларнинг сигарет чекиши ҳатто Европада ҳам ўта номақбул ҳисобланган. Фақат эркакшода аёллар, маргиналллар ёки фоҳишалар бу зарарли одатга ўрганган. Бироқ машҳур сигарет брендларидан бири, аёлларни ҳам сигаретга ўргатиш, шу орқали савдо ҳажмини ўстиришни режа қилган. Бунинг учун бир гуруҳ чиройли ва сўнгги модада, қиммат либослар кийган аёлларга сигарет чеккан ҳолда кўчаларни кезиб юриш топширилган. Бу ёлланган моделларни кўрган жамиятда аввал бу ҳодисага бепарво бўлиш, кейин кўникиш, кейин эса мақбул ва одатий ҳол сифатида қараш шаклланди. Яъни "Овертон туйнуги" “номақбул” шкаласидан силжиб, “мақбул” шкаласига тушди.

Black Lives Matter ҳаракати

Black Lives Matter ҳаракати – "Овертон туйнуги"нинг кенгайиши сиёсий ва ижтимоий ўзгаришларга олиб келганига ёрқин мисолдир. Дискурс ҳам ўзгарди: йирик корпорациялар заиф жамоаларни қўллаб-қувватлаш мафкурасига мослаша бошладилар ва ҳаракатни қўллаб-қувватламаганларнинг постларини цензура қилиш алгоритмларини жорий қилдилар. Шундай қилиб, "Овертон туйнуги" тенглик учун курашни имтиёзлар ва ўз мавқеини ошириш учун курашга айлантириш имконини берди.

Бир жинсли никоҳлар

Сўнгги бир неча ўн йилликларда жамиятнинг бир жинсли никоҳга бўлган муносабати кескин ўзгарди: илгари номақбул деб ҳисобланган ва омма олдида муҳокама қилинмаган ғоя ҳозир ҳеч бўлмаганда "мақбул" босқичда ва 34 мамлакатда, жумладан, Белгия, Германияда, Франция ва AҚШда одатда қонунчилик даражасида мустаҳкамланган. Бу ғоя бир пайтлари жиноий жазо белгиланган содомия қонунларидан, бир жинсли никоҳни декриминаллаштириш ва қонунийлаштириш, ҳатто тарғиб этишгача бўлган йўлни “силжиб” босиб ўтди.

Иқлим ўзгариши

Бу муаммо яқиндагина глобал даражадаги масалага айланди. Жамиятнинг атроф-муҳитга бўлган ғамхўрлиги ортиб бормоқда ва "Овертон туйнуги" ҳам кенгаймоқда: иқлим ўзгариши билан боғлиқ сиёсий ғоялар мейнстримга ўтмоқда. Барқарор ривожланиш йўлини танламаган мамлакатлар халқаро тенденциялардан тушиб қолмоқда. 

Иммиграция

Иммиграция масаласи кўп вақт давомида аксарият мамлакатларда баҳсли мавзу бўлган: бу жараённи қандай бошқариш ва демократик қадриятлар ва инсон ҳуқуқлари контекстида тартибга солиш ҳақида муҳокамалар ўтказилган. Ўнг сиёсатчиларнинг ҳаракатлари натижасида сўнгги йилларда баъзи мамлакатларда "Овертон туйнуги" иммиграция сиёсатини чеклаш томонига силжиди. 

Хулоса

"Овертон  туйнуги" жамиятдаги сиёсий ғоялар ва ихтиёрий қарорлар кўламини кўрсатади. У ғояларни қабул қилиш ва уларнинг қонунийлаштирилиши контекстида қарорлар қабул қилиш жараёнида қўлланилади. Мазкур назариянинг амалий қўлланиши бугунги куннинг ижтимоий ва сиёсий муаммоларида ўзига хос рол ўйнайди. "Овертон туйнуги" жамиятдаги ғояларнинг ўзгариши ва фуқароларнинг сиёсий масалаларга муносабатларини тушунишга ёрдам беради.

Содда қилиб айтганда, жамиятга бирор янги жараён ёки одатни киритиш учун аввал бу масалага бепарволик шакллантирилади. Айтайлик (бу шунчаки мисол, ўрнига бошқа иллатли масалани ҳам қўйиш мумкин), одамхўрлар ҳақида турли блогер ва ОАВлар томонидан чиқишлар кўпаяди. Бу танқидий бўлса ҳам фарқи йўқ – энг муҳими халқнинг “қулоғини ўргатиш”, “шундайлар ҳам бор экан, кўп экан, тинч яшаб юрган экан”, деган ғояни сингдириш муҳим бўлади. Бу ахборот босқичидир. Кейинги босқичда эса бу мавзуга нейтрал муносабат шакллантирилади. Яъни одамхўрлар ҳам сизу бизга ўхшаган одам, уларнинг биздан фарқи бироз холос, улар шунчаки қорин тўйдириш дардида одам ўлдиришади, аслида уларда ҳам қалб бор деган фикр сингдирилади. Кейин эса одамхўрларнинг орасидан бироз яхшироқлари танлаб олиниб, мисол қилинади. Айтайлик, “бу одамхўр бўлса-да, хайрия ишларига кўп пул ажратади” қабилида. Вақт ўтиши билан эса жамият ҳаётидаги бу жараён ёки одат мустаҳкамланиб, инсонлар ҳаётининг ажралмас бир бўлагига айланиб қолади. Кейинги босқичда эса одамхўрлик, унинг гўёки яхши ва фойдали жиҳатлари тарғиб этилади. Одамхўрликни қабул қилганларга мукофотлар ва имтиёзлар бериб, рағбатлантирлади. Ундан сўнг, охирги босқичда эса одамхўр бўлмаганларни жазога тортиш қонун билан белгилаб қўйилади. Қарабсизки, одамхўрлик “Овертон туйнуги” шкаласининг “энг номақбул” ва жиноий ҳодиса шкаласидан секин-аста (бу жуда муҳим, жамият тезкорликни кўтармайди!) силжитилавериб, “мақбул” ва мажбурий ҳодисага айлантирилиши мумкин.

Худди шу услубни бирор яхши нарсани жамиятда ёмон нарсага айлантиришда ҳам мослаштириб фойдаланиш мумкин. Эслатиб ўтамиз, ёмон нарсага айлантириш, деганда унинг ёмон бўлиб қолиши эмас, балки ижтимоий фикрда уни ёмон қилиб кўрсатиш назарда тутилади. 

Абулфайз Сайидасқаров

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+