platina.uz

"Музлатилган" можаролар

Бу низолар мураккаб тарихий, этник, диний ёки геосиёсий омиллар сабабли келиб чиқади ва ўнлаб йиллар давом этиши мумкин.

Таҳлил
22 сентябрь, 15:05
"Музлатилган" можаролар

Россиянинг Украинага босқинчилик уруши давом этаётган айни кунларда тактик режалар ўзгармоқда. Икки йилдан бери давом этаётган урушнинг адоғи кўринмаяпти. Жанг ва халқаро майдондаги қандайдир ютуқлар ёки иқтисодий зарару ва талафотлар ўз йўлига-ю, лекин одамлар ҳалок бўлмоқда. Россия ҳужумлари Украинадаги тинч аҳолини қираётгани етмаганидек, деярли 200 мингга яқин рус аскарлари Путиннинг Украинани босиб олишдек қонли орзуси йўлида қурбон бўлди.

Бундай адолатсиз йўқотишлар фонида нафақат халқаро ҳамжамият, балки Украина раҳбариятида ҳам бироз “нафас ростлаш”, қурбонлар сони ўсишининг олдини олиш учун вақтинча бўлса-да, ўт очишни тўхтатиб, можарони музлатиш ҳақида ҳам фикрлар пайдо бўлмоқда. Чунки ҳарбий-сиёсий низо ҳамда қуролли можаролар тарихида вазиятни музлатиб қўйиш ҳолатлари кўп марта рўй берган.

Музлатиш – мағлубият эмас, дуранг ҳам эмас!

"Музлатилган" атамаси – у ёки бу сабабларга кўра тўлиқ ҳал этилмаган, аммо энди фаол бўлмаган халқаро можароларни ангалатади.

Тасаввур қилинг, икки устамон шахматчи бир-бирини мот қила олмаяпти. Бироқ ўйинни давом эттиришга истак ва ресур етишмаслиги аниқ бўлиб қолган. Бундай шароитда улар шунчаки ўйинни тўхтатишади. Гўё паузага қўйишади. "Музлатилган" можароларни шундай контекстда тушуниш мумкин.

Шу билан бирга, "музлатилган" можароларни батамом ўчган вулқонга ҳам ўхшатиб бўлмайди. Уни худди тутаб, баъзида кичик тошчалар отиб, гулдирак овоз бериб турган вулқонга қиёслаш мумкин. Тўғри, бу “вулқон”нинг ҳалокатли ва оловли лаваси йўқ. Бироқ бундай можаролар, гарчи фаол жанговар ҳаракатлар билан кечмаса ҳам, иштирокчи томонларнинг сиёсий ва ижтимоий ҳаётига таъсир кўрсатишда давом этмоқда, иқтисодий беқарорликни қўзғамоқда ва зўравонликлар янгиланиши учун шароит яратмоқда.

"Музлатилган" можароларнинг табиати

"Музлатилган" можаро одатда томонларнинг якуний тинчлик келишувига эриша олмаганини ёки омонат ва мўрт сулҳга эришганини англатади. Бу можаролар мураккаб тарихий, этник, диний ёки геосиёсий омиллар сабабли келиб чиқади ва ўнлаб йиллар давом этиши мумкин.

Қуйидагилар бу каби можароларга классик мисол бўла олади:

• Шимолий ва Жанубий Корея ўртасидаги можаро (1953 йилдан ҳозирги кунгача);

• Днестр бўйи ҳудудлари можароси (1992 йилдан ҳозиргача);

• Aбхазия ва Жанубий Осетия (1990-йиллардан бошлаб);

• Кипр можароси (1974 йилдан ҳозиргача);

• Исроил-Фаластин можароси (1948 йилдан ҳозирги кунгача).

Таъкидлаш керак, сиёсий адабиётларда шу пайтгача Aрманистон ва Озарбайжон ўртасидаги Қорабоғ можаросини (1988-2020) ҳам киритишар эди. Бироқ 2023 йилда Озарбайжон Туркия ёрдамида, ҳарбий йўл билан ўзига тегишли ҳудудларни қайтариб олди. 2024 йил 1 январдан ўзини Тоғли Қорабоғ Республикаси маъмурияти деб атовчи сеператистлар тўдаси расман тарқатиб юборилди. Шу тариқа Тоғли Қорабоғ масаласи "музлатилган" можаролар сафидан чиқарилди.

Маълумот сифатида айтиш жоиз, "музлатилган" можароларнинг умумий хусусияти – ҳар икки томонни қониқтирадиган ва олдинга силжитиши мумкин бўлган ҳақиқий сиёсий ечимнинг йўқлигидир. "Музлатилган" можаролар ҳолатида вақтинчалик сулҳлар муқаррар тўқнашувларни кечиктиради ва муаммо халқаро ҳамжамиятнинг кун тартибида қолаверади.

"Музлатилган" можароларнинг тарихий мисоллари

Энг машҳур "музлатилган" можаролардан бири бу Корея можароси бўлиб, у 1953 йилда сулҳ тузилганидан бери охиригача ҳал этилмаган. Шимолий ва Жанубий Корея ўртасидаги уруш расман якунланмаган – ҳамон тинчлик шартномаси имзоланмаган ва иккала томон ҳам техник жиҳатдан уруш ҳолатида. Айниқса, қуролсизлантирилган ҳудуд бўйлаб вақти-вақти билан зўравонлик ва майда тўқнашувлар авж олиб туриши Корея ярим оролини дунёдаги энг беқарор минтақалардан бирига айлантирди.

"Музлатилган" можаронинг яна бир ёрқин мисоли – Преднестрове - Днестр бўйи ҳудуди можаросидир. 1992 йилда, СССР парчаланганидан сўнг, бу ҳудуд Молдовадан мустақиллигини эълон қилди. Бу эса қисқа урушга олиб келди. Россия кўмаги билан можаро музлатиб қўйилди. Ўшандан бери бу ҳудуд мустақил халқаро ҳуқуқ субъекти сифатида олинмаган бўлса-да, де-факто мустақил давлат бўлиб қолди. Орадан 30 йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, можарони ҳал қилишда ҳеч қандай силжиш кузатилмади.

Тоғли Қорабоғ можароси 2020 йилда яна фаол фазага кирган "музлатилган" можаронинг яна бир мисоли эди. 1991-1994 йилларда Aрманистон ва Озарбайжон ўртасида бўлиб ўтган биринчи урушдан сўнг ўт очишни тўхтатиш келишуви имзоланди, бироқ томонлардан ҳеч бири қониқарли сиёсий ечимга эриша олмади. Натижада 2020 йилда можаро қайтадан бошланди, бу Озарбайжоннинг ғалабасига ва янги статус-квонинг ўрнатилишига олиб келди. Таъкидлаш керак, бу можарони паузага қўйишда Россиянинг ҳиссаси катта бўлди. Чунки у Кавказда нотинчлик бўлиб туришидан манфаатдор, бундай вазият Кремлнинг қалбаки “қозилик” мақомини долзарб ҳолда сақлаб туради. Бироқ, юқорида келтирилганидек, охирги жангларда Озарбайжон ғолиб чиқди ва можаро деярли ҳал этилди. Арманистон худди Исроил Фаластинни истило қилгани каби, Ғарб қўллаб-қувватлаши остида Қорабоғни ўз назоратида ушлаб турмоқчи, кети кўринмайдиган ва натижасиз музокаралар билан озарбайжонларни чалғитиб юришда давом этмоқчи эди. Бироқ Озарбайжоннинг реванш олиш учун чорак аср давомида ўз ҳарбий қудратини оширгани, халқаро ҳуқуқий майдондаги позициясини мустаҳкамлагани, қолаверса, Россиянинг Украина можароси билан “овора” бўлиб қолгани, айниқса, Туркия билан муносабатларнинг нозиклиги боис Озарбайжонга қарши боришга журъат қилмагани ҳам бу вазиятда муҳим рол ўйнади. Ҳозирда Озарбайжон ва Арманистон ўртасида тинчлик шартномасини имзолаш ўртасида музокаралар кетмоқда ва шу пайтгача сезиларли муваффақиятга эришилган.

Замонавий "музлатилган" тўқнашувлар ва уларнинг динамикаси

Ҳозирда дунёда ўндан ортиқ фаол "музлатилган" можаролар мавжуд. Энг кўзга кўринганларидан бири – Фаластин-Исроил можароси бўлиб, у 70 йилдан ортиқ давом этмоқда. БМТ ва бошқа халқаро институтлар томонидан таклиф қилинган ечимларга қарамай, Исроил АҚШ ёрдамига ҳамда доим жазосиз қолишига ишонгани боис бу ечимларни менсимаяпти ва Фаластинни батамом истило қилиш, унинг аҳолисини қириб ташлаб ёки хорижга кўчириб, яҳудийларни кўчириб келиш қарорини очиқ баён қилишдан чўчимаяпти. Натижада можаро истиқболи ноаниқ ҳолатда қолмоқда, вақти-вақти билан зўравонлик авж олиши кескинликни кучайтирмоқда.

1974 йилда Туркиянинг Кипрдаги туркларни юнон армиясидан ҳимоя қилиш мақсадида бу оролга киргани ортидан бошланган Кипр можароси ҳам ҳозиргача "музлаган" ҳолда қолмоқда. Оролнинг шимолий қисми турк қўшинлари назорати остида. Ўшандан бери оролда иккита мустақил тузилма – Шимолий Кипр Турк Республикаси (фақат Туркия томонидан тан олинган) ва Кипр Республикаси фаолият юритмоқда. Оролни бирлаштириш бўйича ўнлаб йиллар давомида музокаралар ўтказилган, аммо барчаси муваффақиятсиз якунланган. Чунки Греция оролни батамом ўз юрисдикциясига олишни истайди, Туркия эса бунга розилик билдирмаяпти.

Aбхазия ва Жанубий Осетиядаги можаролар ҳам "музлатилган" можароларга мисолдир. 1990-йиллар бошидаги урушлардан сўнг, бу ҳудудлар Россия армияси ёрдамида Грузиядан ажратилган, аммо халқаро миқёсда тўлиқ тан олинмаган. 2008 йилги Россия ва Грузия ўртасидаги уруш мазкур келишмовчиликни янада чуқурлаштирди, аммо ижобий ечимга олиб келмади.

"Музлатилган" можароларнинг иқтисодий ва ижтимоий оқибатлари

"Музлатилган" можаролар – ҳудудларнинг иқтисодий ривожланишига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда. Масалан, Aбхазия ва Преднестрове иқтисодий изоляция ва халқаро тан олинмаганликдан азият чекмоқда. Бу эса уларнинг савдо ва инвестицион имкониятларини чеклайди. Бу ҳудудлар Россиянинг иқтисодий ва ҳарбий ёрдамига қаттиқ қарамлигича қолмоқда.

Қолаверса, можаролар аҳоли зиммасига катта босим юклайди. "Музлатилган" можаро зоналарида яшовчи одамлар асосий хизматлар, инфратузилма ва иш билан таъминлаш имкониятлари чекланганидан жабр кўрмоқда. Мисол учун, Шимолий Кипрда кўплаб фуқаролар халқаро банклар ва молиявий тизимларга кириш имконига эга эмас.

Геосиёсий омиллар ва асосий ўйинчиларнинг манфаатлари

"Музлатилган" можаролар кўпинча AҚШ, Россия, Хитой ва ЕИ каби йирик давлатлар аралашуви майдончасига айланади. Россия Преднестрове, Aбхазия ва Жанубий Осетия каби пост совет ҳудудида "музлатилган" можароларни қўллаб-қувватлашда муҳим рол ўйнайди. Бу можаролар Россияга собиқ совет республикалари устидан ўз таъсирини сақлаб қолиш ва уларнинг НAТО ёки Европа Иттифоқи каби тузилмаларга интеграциялашувига йўл қўймаслик имконини беради.

AҚШ ва Европа Иттифоқи Болқон, Фаластин ва бошқа минтақалардаги можароларни ҳал қилишда фаол иштирок этаётгандек кўринса-да, масалага ёндашувда холислик етишмаслиги, АҚШдаги қудратли яҳудий лоббиси, Франциядаги кучли арман лоббисининг салбий таъсири натижасида можаролар ҳал этилмаяпти.

"Музлатилган" можароларнинг эҳтимолий ечимлари

Бугунги кунда "музлатилган" низоларни ҳал қилиш учун бир нечта ёндашувлар мавжуд:

Тинчлик музокаралари ва дипломатия

Тинчлик музокаралари барқарор тинчликка олиб келиши мумкинлигига мисоллар мавжуд. Масалан, Шимолий Ирландиядаги можарони ҳал қилиш бўйича 1998 йилда Белфаст келишуви билан якунланган муваффақиятли музокаралар, агар сиёсий ирода бўлса, тинчликка эришиш мумкинлигини кўрсатади.

Халқаро тинчликпарвар миссиялар

Халқаро тинчликпарвар кучларнинг мавжудлиги зўравонлик қайта бошланишининг олдини олади ва музокараларни янгилаш учун қулай шароит яратади. Масалан, БМТнинг Кипрдаги миссияси 1964 йилда жойлаштирилганидан бери фаол қуролли можароларнинг олдини олиб келмоқда.

Референдумлар ва плебисситлар

Баъзи ҳолларда халқ иродасини аниқлаш учун референдум ўтказиш мумкин. Бироқ бундай референдумлар қонунийлигини таъминлаш учун улар халқаро назорат остида холис ўтиши керак. Акс ҳолда худди Россия Украина ҳудудларида сохта референдумлар ўтказиб, ўз босқинчилик сиёсати натижаларини легитимлаштиришга урингани каби ҳолатлар давом этаверади.

Федерациялар ёки конфедерациялар тузиш

Баҳсли ҳудудлар мақоми масаласини минтақалар автономиясини сақлаб қолган федерал тузилмалар яратиш орқали ҳал қилиш мумкин. Бу Грузиядаги каби можаролардан чиқиш йўли бўлиши мумкин, чунки Aбхазия ва Жанубий Осетия битта давлат таркибида автоном мақом олиши мумкин.

Ҳарбий ечим

Афсуски, аксарият ҳолларда фақат куч билан вазиятга ечим топиш мумкин. Можарога аралашган томонларнинг бирортасида ҳарбий-иқтисодий юксалиш юз берса, можаро ҳал бўлади. Бунга ёрқин мисол – Қорабоғ можаросидир. Юқорида таклиф этилган ечимларнинг ва халқаро институтларнинг бирортаси Арманистон ва унинг ҳомийларини ён беришга мажбурлай олмади. Озарбайжон фақат ҳарбий йўл билан ўзига тегишли ҳудудларни қайтариб олди холос.

Ёки 1954 йилда мустақил Вьетнам давлати тузилди. Бироқ ички можаролар ва ташқи аралашув, асосан СССР ва АҚШ зиддиятлари оқибатида мамлакат Шимолий ва Жанубий Вьетнамга ажралиб қолди. Турли урушлар ва можаролар натижасида, ниҳоят СССР қўллаб турган Шимолий Вьетнам ғолиб чиқди ва куч билан Жанубни бўйсундирди. Чунки АҚШ ичидаги халқ норозилиги, элиталар ўртасидаги зиддият ва бошқа омиллар натижасида АҚШ Вьетнамдан чиқиб кетишга мажбур бўлди. Натижада 1976 йил 2 июлда Вьетнам Социалистик Республикаси ташкил топди.

Прогнозлар ва мумкин бўлган сценарийлар

"Музлатилган" можаролар ҳақидаги прогнозлар минтақага қараб фарқ қилади. Мисол учун, Корея ярим оролидаги можаро бир неча ўн йиллар давомида яна “музлаб” туравериши мумкин. Зеро, ҳар икки томоннинг сиёсий элитаси туб ўзгаришларга тайёр эмас.

Россиянинг сиёсий манфаатлари ва уларни ҳал қилиш учун халқаро босим кучсизлигини ҳисобга олсак, Днестр бўйи ва Aбхазия каби постсовет ҳудудидаги можаролар ҳам яқин келажакда "музлатилган" ҳолатда қолиши мумкин.

Якуний мулоҳаза шуни айтиш мумкинки, "музлатилган" можаролар халқаро хавфсизлик ва барқарорликка жиддий таҳдид солади. Фаол ҳарбий ҳаракатлар кузатилмаслигига қарамай, бу можаролар минтақаларни беқарорлаштиришда ва уларнинг ривожланишига тўсқинлик қилишда давом этяпти. Бундай можароларни ҳал қилиш дипломатия, халқаро тинчликпарварлик саъй-ҳаракатлар ва зиддиятли томонлар ўртасида муросага келишни ўз ичига олган комплекс ёндашувни талаб қилади. Фақат сиёсий ирода ва халқаро кўмак билан бу инқирозларни ҳал қилишга умид боғлаш мумкин.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+