Сурхондарёда "Тоза ҳудуд" ДУК аҳолидан 3,2 млрд сўм ортиқча маблағ ундиргани маълум бўлди
Натижада корхонага қарши иш қўзғатилиб, молиявий жарима белгиланган.

Рақобат қўмитаси аҳолидан ундирилган 3,2 млрд сўмни қайтариш бўйича топшириқ берди.
Қўмитанинг Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси 2024 йил II-ярим йиллик иш режасига мувофиқ Сурхондарё вилояти “Тоза ҳудуд” ДУКда аҳолига маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатилаётган хизматлар сифати ва ҳолати ҳамда истеъмолчилардан кўрсатилмаган хизматлар учун пул олиш ҳолати юзасидан ўрганиш ўтказди.
Ўрганишда мазкур вилоят “Тоза ҳудуд” ДУК мавжуд тартиб-қоидаларга риоя қилмаган ҳолда, яъни тартибга солинадиган нархлар (тарифлар)ни декларация қилмасдан (тасдиқламасдан) ёки келишиб олмасдан қўлланилиши натижасида 522,6 млн сўм, кўрсатилмаган хизмат учун 2,7 млрд сўм, жами 3,2 млрд сўм миқдорида ортиқча даромад олинганлиги ҳолати аниқланди.
Юқоридагиларга кўра, ҳудудий бошқарманинг Махсус комиссияси томонидан “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 18-моддаси, “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддаси ва Вазирлар Маҳкамасининг 722-сонли қарори билан тасдиқланган Низоми талаблари бузилганлиги аломатлари билан хизмат кўрсатувчи ташкилотга (“Тоза ҳудуд” ДУК) нисбатан иш қўзғатилди. Иш натижаси юзасидан белгиланган тартибда молиявий жарима қўлланилди.
Шунингдек, 3,2 млрд сўмдан ортиқ маблағни истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиниши бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
"Тоза ҳудуд" ДУК аввалроқ Сирдарёда ҳам аҳолидан ярим миллиард сўмдан ошиқ ортиқча пул ундирганди.
