platina.uz

БМТ Исроилдан босиб олинган Фаластин ҳудудларини тарк этишга чақирди

Ўзбекистон ҳам Фаластинни қўллаб-қувватлади. Ҳужжатни 124 давлат маъқуллаган, 14 давлат қарши овоз берди, улар ичида АҚШ, Чехия каби давлатлар бор. 

Жаҳон
19 сентябрь, 10:25
БМТ Исроилдан босиб олинган Фаластин ҳудудларини тарк этишга чақирди

БМТга аъзо давлатлар 18 сентябр куни Исроилдан Фаластин ҳудудларини босиб олишини 12 ой ичида тўхтатиш ва резолюцияга риоя қилмаган тақдирда санкциялар қўллашни талаб қилувчи резолюцияни қабул қилиш учун овоз берди.

Ҳужжатни 124 давлат қўллаб-қувватлади, 14 давлат қарши овоз берди, яна 43 давлат бетараф қолди. АҚШ, Аргентина, Чехия, Венгрия каби давлатлар ҳужжатга қарши чиқди. Ўзбекистон эса Исроил томонидан Фаластин ҳудудлари эгалланишига қарши чиқди ва резолюцияни қўллаб-қувватлади. Германия овоз беришда бетараф қолди.

Исроил резолюцияни мантиқсиз деб атади.

Резолюцияда Исроил қўшинларини Фаластин ҳудудидан олиб чиқиб кетиш, янги аҳоли пунктлари қурилишини тўхтатиш, босиб олинган ер ва мулкларни қайтариш, шунингдек, кўчирилган фаластинликларнинг қайтиши мумкинлиги талаб қилинади. Мажбурий бўлмаган ҳужжат Халқаро Суднинг 1967 йилдан бери босқинчилик "ноқонуний" эканлиги ҳақидаги маслаҳат хулосасига асосланади.

Резолюция Фаластин делегацияси томонидан 2024 йилнинг май ойида БМТ органларидаги ҳуқуқлари кенгайтирилганидан кейин биринчи марта киритилган.

Фаластин маъмуриятининг БМТдаги доимий кузатувчиси Риёд Мансурнинг айтишича, ҳужжатдан мақсад "Халқаро ҳамжамиятнинг Бош Ассамблеядаги босими ва Халқаро суднинг тарихий қарори босимидан фойдаланиб, Исроилни ўз хатти-ҳаракатларини ўзгартиришга мажбур қилишдир".

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+