Олимлар коронавируснинг янги тури ҳақида эълон қилди
ХEC деб номланган янги вариант қишга бориб асосий мутацияга айланиши кутилмоқда. Унинг симптомларига юқори ҳарорат, тананинг турли қисмларида оғриқ, чарчоқ, йўтал ёки томоқ оғриғи киради.
Олимлар коронавируснинг ХEC деб номланган янги варианти бутун дунё бўйлаб тарқала бошлаганидан огоҳлантирмоқда. Айнан мана шу вирус тез орада коронавируснинг асосий турига айланиши ва аввалгиларини сиқиб чиқариши мумкин.
Америкалик олим ва Skripps тадқиқот институти директори Эрик Тополнинг айтишича, бу вариант биринчи марта Германияда шу йилнинг июнь ойида топилган ва ўшандан бери ХEC билан касалланиш ҳоллари Буюк Британия, АҚШ, Дания ва бошқа бир қанча мамлакатларда қайд этилган.
Унинг ёзишича, ХEC тарқалиш жараёни энди бошланмоқда. "Бу жуда кўп ҳафталар, бир неча ойларни талаб қилади", дейди Топол LA Times`га.
"ХEC асосий оқимга айланиб бораётгани жуда аниқ. У кейинги вариант бўлади шекилли. Аммо унинг тарқалиши юқори даражага етгунча бир неча ой керак бўлади", — деди Топол.
Олимларнинг таъкидлашича, ХEC ўзидан олдингиларидан тезроқ тарқалишига ёрдам берадиган баъзи мутацияларда фарқ қилади. Бироқ, улар мавжуд вакциналар инсон саломатлиги учун энг оғир оқибатларнинг олдини олишга ёрдам бериши керак, деб ҳисоблашади.
Фармацевтика саноати доимий равишда коронавирусга қарши вакциналарни янгилаб боради ва уларни ҳали янги вариантга мослаштирмаган. Аммо бу ҳозирги вакциналар унга қарши ишламайди дегани эмас.
Лондон Университети коллежи Генетика институти раҳбари профессор Франсуа Балунинг BBC`га айтишича, ХEC аввалги вариантларга нисбатан "тарқалиш жиҳатидан кичик афзалликларга эга", аммо мавжуд вакциналар ҳали ҳам ундан яхши ҳимоя қилади.
Балу прогнозларига кўра, ХEC кейинги қишда COVID-19 нинг асосий вариантига айланиши мумкин.
Коронавируснинг янги вариантининг белгилари аввалгилардан фарқ қилмайди. Буларга юқори ҳарорат, тананинг турли қисмларида оғриқ, чарчоқ, йўтал ёки томоқ оғриғи киради.
Кўпчилик бир неча ҳафта ичида ковиддан тузалиб кетади, аммо баъзилар учун касаллик узоқроқ давом этади.