Эшак гўшти истеъмол қилинадиган маҳсулот ҳисобланади
Бу ҳақдаги бир қатор президент ва ҳукумат қарорларидан факт-чекинг қилиб кўриш қийин эмас.
Бир қатор оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқ саҳифаларида эшак гўштининг истеъмол қилинадиган маҳсулотлар қаторига қўшилгани ҳақидаги чалғитувчи хабарлар босиб кетди.
Гап шундаки, бугун Олий мажлис қонунчилик палатаси депутатлари ҳайвонларни идентификация қилиш, уларнинг юқумли касалликларга чалиниш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган қонун лойиҳасини маъқуллаган.
Platina.uz ушбу мавзуда ўрганиш ўтказиб, факт-чекинг қилиб кўрди. Маълум бўлишича, эшак гўшти олдиндан истеъмол қилса бўладиган товарлар қаторида бор. Қолаверса, палатада маъруза қилган Ветеринария қўмитаси раиси ҳам эшак деган сўзни тилга олмаган.
Қонун лойиҳасида кўтарилган масала шуки, ҳайвонларни идентификация қилиш, уларнинг базасини яратиш, юқумли касалликлардан ҳимоялаш чораларини кучайтириш ва бу ҳақдаги қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти талабларига мослаштиришдир.
Platina.uz бу саволга янада аниқлик киритиш мақсадида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати билан боғланди.
"Олий Мажлис қонунчилик палатасининг телеграм каналида “Қонун ташаббускорларининг айтишича, ҳайвонларни идентификация қилиш тизимининг энг асосий афзаллик томонларидан бири, бу тизим орқали озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланади.
Шу сабабдан истеъмол учун ишлатиладиган гўшт ва бошқа маҳсулотлар олинадиган қорамол, қўй ва эчки, чўчқа, от, эшак, туя каби ҳайвон турлари ҳамда улар учун касаллик хафини туғдириши мумкун бўлган ҳамда касаллик кириб келишини олдини олиш, эпизоотик осойишталикни таъминлаш мақсадида, ит, мушукларни идентификация қилиниши таклиф этилмоқда” шаклида эшак гўшти истеъмол қилинадиган чорва ҳайвонлари қаторида келтирилган.
Бу эса, ижтимоий тармоқларда турли хил талқинларни келтириб чиқарди.
Аслида “эшак” сўзи матндаги “эпизоотик осойишталикни таъминлаш мақсадида, ит, мушукларни идентификация қилиниши таклиф этилмоқда” деган жумлада келтирилганда мақсадга мувофиқ бўлар эди", дея изоҳлади қўмита ахборот хизмати раҳбари Анвар Суюнов.
Масалан, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 25 сентябрдаги "Ҳайвонларни идентификация қилиш, уларни ҳисобга олиш, ҳисобдан чиқариш ва сақлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорида эшак ва бошқа уй ҳайвонларини идентификация қилиш тартиблари тасдиқланган.
Президентнинг 2017 йил 16 декабрдаги "Ташқи бозорларда маҳаллий маҳсулотлар рақобатдошлигини таъминлаш ва экспортини рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида эшак гўшти экспорт қилиш мумкин бўлган маҳсулотлар қаторига қўшилган.
Бундан ташқари, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2019 йил 27 ноябрдаги "Ҳайвонларнинг эгаларидан идентификация қилиш хизматлари учун ундириладиган тўловлар миқдори ва шартлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарорида ҳар бир қорамол, от, эшак ва туялар учун – Ўзбекистонда белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 фоизи миқдорида тўлов ундириши ҳақида сўз боради.
Хуллас, эшак гўшти олдиндан истеъмол ва экспорт қилинадиган товарлар сифатида қайд этилган.