Эркинлик иллюзияси ёхуд нега коинотнинг чеккасига етиб бора олмаймиз?

Ҳатто биз ёруғлик тезлигида саёҳат қилиш технологиясига эришсак ҳам, фазони ўрганиш ва унинг чеккасига етиб бориш қобилиятимиз чекланган ҳолатда қолаверади.

Мақола
16 сентябрь, 9:31
Эркинлик иллюзияси ёхуд нега коинотнинг чеккасига етиб бора олмаймиз?
Фотоколлаж: Platina.uz

Кенг саҳро, ўрмон ёки кимсасиз тоғларга чиққанингизда ўзингизни жуда эркин ҳис қиласиз. Истаганча ҳаракатланиш иллюзиясидан маст бўласиз, бутун дунё сизникидек туюлади. Бироқ шу кенгликларнинг ҳам эгалари бор. Чегаралар ва ва тақиқлар бор. Истаган жойингизга, истаган вақтингизда бора олмайсиз. 

Астрономик фактлар, космик масофалар ва физика қонунларини инобатга олсак, нафақат Ер устида, балки ҳали ҳеч ким эгалаб олмаган коинотда ҳам мутлақ эркин ҳаракатланиш ғояси иллюзиядан бошқа нарса эмаслиги аён бўлади. Фан ва технология ютуқларига қарамасдан, инсоният ўзини ҳар қанча эркин деб ўйламасин, моҳиятан Ер сайёрасига "занжирланган" ҳолда қолмоқда. Коинотни истаганча ўрганиш қобилиятимиз табиатнинг асосий қонунлари билан чеклаб қўйилган.

Эркинлик ва коинот: фалсафий қараш

Фалсафий даражада эркинлик кўпинча чекловларнинг йўқлиги ёки ўз хоҳишларига мувофиқ ҳаракат қила олиш қобилияти сифатида таърифланади. Бироқ мавжудлигимиз учун асос бўлган космик қонунларнинг ўзи бу эркинликни чекласа-чи? Бундай ҳолда бизнинг эркинлик ҳақидаги бутун ғоямиз шунчаки тақлид бўлиб чиқади. Агар ўта қудратил, кучли ва бой бўлсак, Ер юзаси бўйлаб нисбатан эркин ҳаракатланишимиз мумкин, аммо космик қонунлар томонидан белгилаб қўйилган жисмоний ҳақиқат чегарасидан чиқа олмаймиз. Бу фикрда савол туғилади: агар коинот тузилишининг ўзи ҳаракатларимизни чеклаётган бўлса, қачондир ҳақиқатан ҳам эркин бўла оламизми?

Ёруғлик тезлиги ва коинот чегаралари

Эркинлик иллюзиясининг муҳим жиҳати – ёруғлик тезлиги билан боғлиқ физик қонунлардир. Aлберт Эйнштейннинг умумий нисбийлик назариясига кўра, ёруғлик тезлиги (сониясига 299 792 километр) коинотда объектлар ва маълумотларнинг ҳаракатланиш тезлигининг мутлақ чегарасидир. Яъни коинотда бизга маълум ҳеч бир зарра ёки тўлқин ёруғлик тезлигидан зиёд ҳаракатлана олмайди. Бошқача қилиб айтганда, ҳатто биз ёруғлик тезлигида саёҳат қилиш технологиясига эришсак ҳам, космосни ўрганиш ва унинг чеккасига етиб бориш қобилиятимиз чекланган ҳолатда қолаверади. Фазовий масофалар шу қадар узоқки, инсоннинг ақлига сиғмайди ҳатто.

Қуёш тизимини тарк этиш

Aйтайлик, биз ёруғлик тезлигида ҳаракат қила олсак, Қуёш системамиз чегараларини (тахминан 1 ёруғлик йилига тенг масофа) бир йил ичида тарк эта оламиз. Бу юлдузлараро саёҳат нуқтаи назаридан эришиш мумкин вазият. 

Энг яқин юлдуз тизимига саёҳат вақти

Бизга энг яқин юлдуз тизими Aлфа кентаври бўлиб, Ердан 4,37 ёруғлик йили узоқлигида жойлашган! Демак, ёруғлик тезлигида тўхтовсиз учсак ҳам, тўрт ярим йилда бизникига ўхшаган юлдуз тизимига етиб бора оламиз холос. Афсуски, ҳозирча фазовий кемаларимиз ва аппаратларимиз ёруғлик тезлигига нисбатан жуда секин ҳаракат қилади – масалан, Voyager 1 зонди сониясига тахминан 17 километр тезликда ҳаракатланишига қарамай, 30 минг йилдан кейингина Қуёш системаси доирасидан чиқиб кета олади холос!

Сомон йўли галактикасидан чиқиб кетиш

Бизнинг Қуёшимизга ўхшаган 100 миллиардлаб юлдузлардан иборат Сомон йўли галактикамизни тарк этиш учун тахминан 100 000 ёруғлик йили масофасини босиб ўтишингиз керак бўлади. Яъни ҳатто ёруғлик тезлигида училса ҳам, бу саёҳат юз минг йил давом этади!

Бизга энг яқин галактикага етиб олиш

Бизга энг яқин галактика Aндромеда бўлиб, биздан 2,5 миллион ёруғлик йили узоқликда жойлашган. Шундай қилиб, ёруғлик тезлигида саёҳат қилсак ҳам, унга етиш учун 2,5 миллион йил керак бўлади.

Бу фактлар Қуёш тизимимиздан ташқаридаги энг яқин объектларга ҳам етиб бориш қобилиятимиз қанчалик чекланганини кўрсатади. 

Коинотнинг кенгайиши: чексизлик сари йўл

Яна бир муҳим жиҳат – коинотнинг кенгайиб бораётганидир. Big Bang – катта портлаш назариясига кўра, олам аввал фақат битта нуқта бўлган. Бошқа ҳеч нарса бўлмаган, ҳатто вақт ҳам мавжуд бўлмаган. Кейин эса шу нуқта портлаган, унинг зарралари жуда катта тезлик билан чор тарафга отилган. Кейин бу зарраларнинг айримлари бирлашиб, турли моддалар ва жисмлар, сайёра ва газлар, хуллас, ҳозирги олам вужудга келган. Ва ана шу жисмлар тўхтамасдан учишда давом этяпти. Яъни ҳамма жисмлар бир биридан узоқлашиб, фазо доимий равишда кенгайиб бормоқда. “Қора қувват” туфайли уларнинг тезлиги ҳам муттасил ошиб бормоқда. Aстрономик кузатишлар шуни кўрсатадики, галактикалар ошиб бораётган тезликда бир-биридан узоқлашмоқда. Демак, биз ҳар қанча тезликда учсак-да, фазовий жисмлар янада тезлашиб, биздан узоқлашиб кетаверади. Мазкур муттасил кенгайиш коинотнинг кўплаб ҳудудларини биз учун абадий етиб бўлмайдиган ҳолга келтиради.

Мисол учун, бир неча миллиард йил ичида Aндромеда каби яқин галактикалар биздан шунчалик узоқлашиб кетган бўладики, уларнинг ёруғлиги Ерга ҳам етиб кела олмайди. Яъни улар бизга бошқа кўринмай қолади. Aгар биз ёруғлик тезлигида ҳаракатлана оладиган кемаларни ихтиро қилсак ҳам, коинотнинг кенгайиши янги муаммони келтириб чиқаради – кўплаб объектлар жисмонан етиб бўлмайдиган масофада кетаверади. Бу худди катта трассада 100 тезлик билан ҳаракатланиб, 500 тезликда кетаётган автомобилга етиб олишни орзу қилишдек гап. Қизиғи шундаки, олдимиздаги автомбил тезлиги 500, 600, 700... тарзида муттасил ошиб бормоқда.

Aстрофизик Неил деГрасс Тайсоннинг таъкидлашича, "фазо шу қадар кенгайиб боряптики, ҳар қандай технологик тараққиёт ҳам унинг чекка қисмларига саёҳат қилиш учун ёрдам бера олмайди".

Спирал ҳаракатлар ва цикликлик: самовий жисмларнинг рақси

Оламнинг ҳайратланарли ҳодисаларидан бири самовий жисмларнинг спирал тарзда ва орбиталарда ҳаракатланишидир. Қуёш ва унинг сайёралари, жумладан, Ер галактикамиз маркази атрофида спирал шаклида ҳаракатланади ва тахминан 225-250 миллион йил ичида галактика маркази атрофини тўлиқ айланиб чиқа олади. Галактикаларнинг ўзлари бир-бирига нисбатан мураккаб траекториялар бўйлаб ҳаракатланиб, миллиардлаб йиллар давомида давом этаётган ўзига хос фазовий рақсда қатнашадилар.

Бундан ташқари, ҳатто Қуёш тизими ичида ҳам, сайёраларнинг орбиталари тортишиш кучининг ўзаро таъсири туфайли доимий ўзгаришларга дучор бўлади. Масалан, Ер мукаммал айлана орбита бўйлаб ҳаракатланмайди, балки бир оз эллиптик йўл бўйлаб ҳаракатланади, бу ҳам сайёрамизнинг иқлими ва ҳаёт айланиш жараёнига таъсир қилади.

Осмон жисмларининг спирал ҳаракати шуни кўрсатадики, ҳеч қандай космик жисм статик (қўзғалмас) бўлиб қолмайди, лекин бу ҳаракат ҳам бизнинг сайёрамиз тизимини тарк этишимизга имкон бермайдиган физик қонунларга бўйсунади.

Чексиз коинотдаги чекланган имкониятлар

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, инсоният ўзининг барча ютуқлари ва интилишларига қарамай, Ер сайёраси ва яқин фазонинг асири бўлиб қолаверади. Инсониятнинг имкониятлари ва яратган технологиялари коинот чегаралари уёқда турсин, ҳатто энг яқин юлдуз тизимларига ҳам етиб боришга имкон бермайди. Aстрономия шуни кўрсатадики, биз ёруғлик тезлигида саёҳат қилсак ҳам, космик масофаларнинг катталиги ва коинотнинг кенгайиб бориши ҳисобига бошқа галактикалар ёки коинотнинг чекка қисмларига етиб боришни имконсиз қилиб қўяди. 

Бир сўз билан айтганда, инсон эркинлиги жисмоний қонунлар билан ҳам, ҳозирги имкониятларимиз билан ҳам чекланган. Бу эса асл эркинлик шунчаки иллюзия, коинот эса биз қутулиб чиқа олмайдиган қафас, деб ўйлашга мажбур қилади. 

Абулфайз Сайидасқаров

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+